СОҲИБҚИРОННИНГ ШОНУ ШУҲРАТИ

001

Тарих саҳнасида Амир Темур номи пайдо бўлганидан буён олти ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Бу давр ичида дунёда қанча хону султонлар, императору қироллар ҳукмронлик қилган бўлса-да, бирортаси улуғ соҳибқирончалик шону шуҳратга эриша олмадилар.

Турк султони Йилдирим Боязидни ўз салтанати ичида унинг қўшинига нисбатан анча оз аскар билан мағлуб этган Амир Темурни бутун бошли Европа ўз халоскори деб тан олди. Франция қироли Карл VI, Англия қироли Генрих IV, Италия ва Кастилия ҳукмдорлари, шунингдек, Византия императори Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасини табриклаб, Европани Боязид хавфидан қутқарганлиги учун чуқур миннатдорчиликларини билдириб мактублар йўлладилар. Германия қироли эса ўзининг Потсдамдаги ёзги қароргоҳида қурилган саройларидан бирида Амир Темур учун шарқона услубда махсус хона барпо этиб, хона деворини француз рассоми томонидан бўйи-басти тўлиқ чизилган Соҳибқирон сурати билан безаган. Бу суратда тасвирланишича, Амир Темур тахтда ўтирибди, атрофида давлат аъёнлари жам бўлишган. Саккиз ҳабаш елкасидаги қафасда мағлуб Боязид ғолиб Темур ҳузурига келтириляпти. 

Бу улуғ зотга эҳтиром ва миннатдорчилик рамзи сифатида XV аср бошида Франциянинг Париж шаҳрида унинг ҳайкали бунёд этилди ва ҳайкал остига “Европа халоскори” деган олтин сувида ёзув битилди.

Бу – улуғ бобокалонимизнинг дунё тасвирий санъати ва ҳайкалтарошлигидаги илк сиймоси эди.

Йиллар ва асрлар ўтган сари буюк халоскорга европаликларнинг ҳурмат ва эҳтироми тобора ортиб борди. Бунинг ифодаси ўлароқ Европа адабиёти, санъати ва тарихида Амир Темирни улуғловчи асарлар дунёга келди. 1588 йилда инглиз драматурги Кристофер Марлоу “Буюк Темур” номли тарихий пьеса, XVII аср бошида  эса италян композитори  Гаспирни   “Темур” номли опера ёзди ва бу асар Вена театрида намойиш этилди.  1724 йилда немис бастакори Георг Гендель “Темурбек” номли операсини яратди. 1827 йилда  Америка ёзувчиси Эдгар Аллан По Амир Темурга бағишлаб шеърий поэма битди.

Айни дамда, Амир Темир мавзусига мурожаат ғарб адабиёти, санъати ва тарихи билан бир қаторда  тасвирий санъатида ҳам узлуксиз давом этди. Бунга мисол қилиб жаҳонга машҳур  голланд рангтасвир устаси Харменс ван Рейн Рембрандт мўйқаламига мансуб “Темурнинг Боязидни Истамбулга қадар таъқиб қилиши” номли асарини,  номаълум рассомнинг Амир Темурни ғарб аслзодаси қиёфасида чизган суратини, XVI аср охирида номаълум француз рассоми томонидан чизилган Темур портретини, 1783 йилда “Темур тузуклари”нинг Лондондаги Оксфорд университетида амалга оширилган инглизча нашрида берилган Амир Темур сурати ва яна бошқа кўплаб рассомларнинг асарларини  келтирса бўлади. 

Темур сиймоси рус рассомларида ҳам катта қизиқиш уйғотган. Бу қизиқиш меваларини  1872 йилда  рассом Василий Верешчагин чизган “Амир Темур дарвозаси”, Станислав Хлебовскийнинг 1878 йилдаги “Боязиднинг Темур томонидан асирга олиниши”, Александр Исачевнинг “Темур” каби асарларида кўриш мумкин. Айниқса, рассом Искандер Абдулов тасвирий санъатда Темур образини яратиш бўйича самарали фаолият олиб боргани унинг “Темур суворийси”, “Темурнинг дафн этилиши”, “Темур Деҳлини ишғол этмоқда”, “Темур саройида базм” каби асарларида яққол намоён бўлади.

Шарқ рангтасвир санъатида Соҳибқирон тасвирланган энг машҳур асар Камолиддин Беҳзоднинг “Амир Темур саройида қабул маросими” миниатюраси ҳисобланади. Бироқ, Чор Россияси ва собиқ иттифоқ даврида тайзиқ ва таъқиқлар натижасида ёқилган, кўмилган сон-саноқсиз ноёб китоблар ичида кейинги авлод мусаввирлари чизган Соҳибқирон суратлари ҳам йўқ бўлиб кетди эҳтимол…

Не бахтки, XXI аср   халқимизнинг тарихий ютуғи бўлган Мустақиллигимиз шарофати билан озод юртимизда барча буюк бобокалонларимиз, хусусан, Амир Темур бобомизга эҳтиром асрига айланди. Бу улуғ зот ҳақидаги уйдирмалар йўққа чиқиб, унинг асл сиймосига лойиқ ҳақиқатлар тикланди. Бу эса ўзбек олимлари, шоир ва ёзувчилари, шунингдек, рассом ва ҳайкалтарошлари ижодида ҳам ўз аксини топди.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқ рассомлари Маннон Набиев, Илҳом Жабборов, Жавлон Умарбеков, Леким Иброҳимов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоблари Алишер Алиқулов, Рустам Худойберганов ва юзлаб мўйқалам соҳиблари, ҳайкалтарошлари томонидан меҳр ва маҳорат билан ишланган Амир Темурнинг сурат ва ҳайкалларида икки дарё оралиғидаги жаннатмонанд юртдан чиққан юксак маънавиятли, гўзал қалбли, ҳақиқат ва адолат пешвоси, дунёдаги ҳар қандай “менман” деган босқинчи ва зўравоннинг илигини қалтиратган Буюк Ҳукмдор сиймоси намоён бўлди.

You must be logged in to post a comment Login