Буюк саркарда ҳаёти ҳақида ёзилган трилогия

та

Тарихий воқеалар турли вақтларда юз беради ва улар тарих нуқтаи назаридан ўзига хос мантиққа эга. Бироқ, ёзувчи бадиий асар яратар экан турли давр ва макондаги воқеаларни бир мақсад, ягона бадиий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий концепция асосида бирлаштиради. Натижада, кўз олдимизда бутун бир сулолалар, узоқ тарихлар, бир неча ўнлаб мамлакатлар кечмиши билан боғлиқ тарихий асар яратилади.

Буюк АмирТемурнинг бадиий образи ифодаланган асарлар ҳам шулар жумласидандир. Муҳтарам Юртбошимиз ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, “Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илм-у фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди”.

Демак, биз Амир Темурнинг ҳаёти, фаолияти ва дунёқарашини ёш авлодга етказишимиз ва бунинг учун аввало буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг бадиий қиёфасини яратишимиз лозим. Чунки илмий асардаги ҳар томонлама асосланган мулоҳазадан кўра, бадиий асар замирига сингдириган тушунча ўқувчига тез етиб боради. Лекин бу вазифани бажариш ёзувчидан улкан билим, нозик дид, юксак идеал, катта маҳорат ва меҳнат талаб қилади. Шунинг учун буюк Амир Темур ҳақида асар ёзишга ҳамма ҳам киришавермайди.

Амир Темур ва у яшаган даврга оид манбаларни тўплаш ҳамда янги бадиий-эстетик тамойиллар асосида идрок этиш  адабиётшунослигимиз олдида турган муаммолардан ҳисобланади. Истеъдодли ёзувчи Нурали Қобулнинг  «Буюк Турон амири ёхуд ақл ва қилич», «Етти иқлим ҳоқони ёхуд аҳд ва тахт» ҳамда «Султоннинг сўнгги куни ёхуд Амир Соҳибқирон ва Тўхтамишхон» номли трилогияси ана шу улкан муаммонинг ечимига бағишланган. Ҳар учала роман ҳам асосан XIII-ХIV асрлар тарихидаги йирик воқеаларнинг тасвирига, хусусан, Амир Темур ва унинг яқин кишилари фаолиятига бағишланганлиги, муаммолар тизими, кўп тармоқли образлар ҳамда улар зиммасига юкланган поэтик ғоялари билан ўзаро яхлитлик касб этади.

Модернизм, постмодернизм, Лотин Америкасининг сеҳрли романлари ёки мини-роман каби романнинг турли шаклларига қизиқиш кучайган бир пайтда бир неча асрларни қамраб олган улкан роман-трилогия яратиш учун ижодкорда катта маънавий жасорат ва билим бўлиши керак.

Муаллиф бадиий асар тематикасини белгилар экан,  бутун олам, табиат ва инсониятнинг азалий боғлиқлигини теран англаган ҳолда маданий-тарихий реалликни, бу орқали санъат, жумладан, бадиий адабиётнинг кўпрежали ва бой имкониятини қоғозга туширган. Бадиий тафаккури орқали улкан географик ҳудудга тегишли бўлган халқ, миллат, дин, давлат ва жамиятларнинг характер қирралари ҳақида сўз юритади.  Буни биз Темурнинг туғилиши ва мўъжизавий тарзада улғайиши, теран ақлга эгалиги  ҳамда 4 ёшда ёзиш, 10 ёшда Қуръонни хатми қилгани ва 16 ёшда ҳарбий қудрати,  саркардалик салоҳиятини кўрсатгани билан боғлиқ саҳналарда кўрамиз. Ёзувчи халқ эртак ва достонлари қаҳрамонларига хос сифатлар орқали Темурни тасвирлар экан, муболағага йўл қўймайди.  

Трилогия таркибига кирган романларнинг ҳар бири ўзига хос мустақил асардир. Айниқса, «Султоннинг сўнгги куни ёхуд Амир Соҳибқирон ва Тўхтамишхон» романида ёзувчи бадиий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий концепцияси, ҳарбий стратегик қарашлари ва ўзбек тилининг софлиги учун курашиши акс этган, десак адашмаймиз. Асардаги тарихий ҳақиқатнинг бадиий ҳақиқатга айланиши, бадиий тўқиманинг реал ҳақиқатни очишдаги ўрни шартли равишда муаллиф ижодий лабораториясида жиддий қайта ишланган. Натижада тарихнинг биз билмаган қирралари турли сюжет чизиқлари, композицион яхлитлик, бадиий ифода воситалари, поэтик манзара, портретнинг характер очишдаги ўрни, тил орқали персонажлар руҳиятининг тасвири кабилар бебаҳо бадиий талқинни юзага келтирган.

Умуман олганда, Нурали Қобулнинг мазкур романи ўзбек адабиётшунослари олдига қатор поэтик муаммоларни ҳал этиш вазифасини ҳам қўядики, улар, албатта, олимларни, тадқиқотчиларимизни, энг муҳими китобхонни бефарқ қолдирмайди.  

You must be logged in to post a comment Login