Президент Ислом Каримов Лондон Олимпиадаси совриндорларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 август куни Оқсаройда Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида медалларни қўлга киритган спортчиларимиз ва уларнинг устоз-мураббийларини қабул қилди.

– Биз бугун Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимизни қутлаш ва тақдирлаш учун тўпландик, – деди давлатимиз раҳбари. – Дунёда спорт соҳасида ўтказиладиган мусобақалар кўп. Лекин улар орасида Олимпия ўйинлари юксак нуфуз ва алоҳида ўринга эга. Шунинг учун Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳар бир спортчи учун катта шарафдир. Лондон Олимпиадасида иштирок этиб, Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган йигит-қизларимизга, уларнинг устоз ва мураббийларига, бутун жамоамиз аъзоларига чуқур миннатдорлик билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Лондондаги мусобақаларда спортчиларимиздан 4 нафари совриндор, 14 нафари ўз йўналиши бўйича кучли саккизликка кирганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Беллашувларда эркин кураш бўйича учинчи бор Олимпиада олтин медалини қўлга киритган Артур Таймазов, бронза медаллар билан тақдирланган дзюдочи Ришод Собиров, машҳур боксчимиз Аббос Атоев ва эркин курашчи Сослан Тигиев муросасиз ва шиддатли курашларда ғолиб чиқиб, юксак маҳорат ва матонат намунасини кўрсатгани барчамизга қувонч ва ғурур бағишлади.

Машҳур полвонимиз, икки карра жаҳон чемпиони Артур Таймазовнинг Олимпиада чемпиони деган шарафли номга учинчи марта сазовор бўлгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу маҳоратли спортчимизнинг Сидней Олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, у тўртта Олимпиадада зафар қозониб, тўртта медални қўлга киритган. Жаҳон спорти тарихида бундай юксак ютуқларга эришганлар камдан-кам бўлган.

Давлатимиз раҳбари энди барчамизнинг, аввало, спорт жамоатчилиги, соҳа мутасаддилари олдида 2016-йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ўттиз биринчи ёзги Олимпиада ўйинларига жиддий тайёргарлик кўриш вазифаси турганлигини таъкидлади. Лондон Олимпиадаси якунларини чуқур таҳлил қилиш ва ундан тегишли сабоқ ва хулоса чиқариш, Олимпия ўйинларида энг юқори натижаларга эришган давлатлар тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор бериш зарурлигини, бу ишни бугундан, ҳозирдан бошлаш лозимлигини қайд этди.

Олимпиадада қатнашган барча йигит-қизларимизни, ғалабаларни қўлга киритишга муносиб ҳисса қўшган, ёш спортчиларни тарбиялаган устоз-мураббийларни, бутун команда аъзоларини яна бир бор табриклаб, барчангизга бахт ва омад, янги-янги зафарлар ва ютуқлар тилайман, деди пировардида Ислом Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012-йил 14 август куни қабул қилинган “Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчиларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Олимпиада ўйинларида эришган ютуқлари билан Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун бронза медаллари соҳиблари бўлган Ришод Собиров ва Сослан Тигиев “Ўзбекистон ифтихори”, Аббос Атоев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Лондон Олимпиадаси чемпиони Артур Таймазов юртимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш ишига қўшган улкан ҳиссаси, Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришгани учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

Президентимиз спортчиларга давлатимизнинг ана шу юксак мукофотларини топширди.

Давлатимиз раҳбари Артур Таймазовга машҳур курашчимизнинг Ўзбекистон байроғини баланд тутиб турган олтин суви юритилган ҳайкалчасини совға қилди.

Артур Таймазов, Ришод Собиров, Аббос Атоев, Сослан Тигиев, мураббий Аҳрол Рўзиев Президентимиз Ислом Каримовга спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик изҳор этдилар. Спортчиларимиз бундай ғамхўрликка жавобан келгуси халқаро миқёсдаги йирик ва нуфузли мусобақаларда ҳам Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишларини таъкидладилар.

 

You must be logged in to post a comment Login