Лондон-2012: ФАРҒОНАЛИК БОКСЧИ ЎКТАМ РАҲМОНОВНИНГ ҒАЛАБАЛИ ЮРИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Шу кунларда бутун дунё ҳамжамиятининг эътибори Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида ўтказилаётган Олимпиада ўйинларига қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Хабарингиз бор энг нуфузли спорт мусобақасида мамлакатимиздан 54 нафар спортчиларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонга тушишишади. Бу спортчилар орасида 5 нафар фарғоналик спортчиларнинг ҳам борлиги қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.

Олимпиаданинг бокс бўйича ўтказилаётган баҳсaларида Қўқон бокс мактаби тарбяиланувчиси Ўктам Раҳмонов ғалабали юришларини бошлади. У биринчи баҳсда эквадорлик Рожас Минани 16-10 ҳисобида мағлубиятга учратди. Эртага Ў.Раҳмонов чорак финал баҳсида туркиялик Сенер Якуб билан майдонда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Юртдошларимизнинг бу спортчимиздан умиди катта. Чунки у бугунги кунгача халқаро майдонларда  ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари нималарга қодир эканликларини исботлай олган. 2007 Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтказилган жаҳон биринчилигида, 2008 йил Галавахареда ўтказилган халқаро бокс турнирида, 2010 йилда Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида, 2012 йил Албиния мамлакатида ўтказилган А таснифидаги халқаро турнирда, шунингдек, шу йили Қозоғистон Республикасида ўтказилган Осиё турнирида фахрли ўринларни қўлга киритгани шундан далолатдир.

Қувонарлиси, истиқлол йилларида боксчиларимиз халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари эвазига Ўзбекистон номи спорт ареналарида баралла янграмоқда. Ишонамизки, Лондон Олимпиадасида ҳам боксчиларимиз юртимиз довруғини яна бир поғона юқорига кўтарадилар.

Эслатиб ўтамиз,  Ўктам Раҳмонов 1990 йил 30 августда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида туғилган. Ўрта мактабни битириб, 2005-2007 йилларда Республика олимпиа захиралари коллежида таҳсил олган.

Шоҳидбек Аслонов 

You must be logged in to post a comment Login