ЕР ШАРИДА РАМАЗОН…ЮРТИМИЗ БЎЙЛАБ «ИФТОРЛИК» САЁҲАТИ!

Рўзаи Рамазон ойи – бу савоб ишлар қилиш, эътибор ва ёрдамга эхтиёжманд инсонларга кўмак кўлини чўзиш палласи. “Меҳр нури” жамоат жамғармаси томонидан “Ижтимоий масъул фуқаролар форуми” билан ҳамкорликда юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган “Ифторлик” хайрия акциясида жами 5 000 киши қатнашди. Ўтаётган ҳафтада у Тошкент вилоятида бўлиб ўтди. Муқаддам у Самарқанде, Бухоро, Шахрисабз, Қўқон, Андижон ва Наманганда ташкил этилганди. Яқин кунларда хайрия акциялари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Тошкент шаҳрига йўл олади.

Эътиборли томони, бу йил акция доирасида маҳалла фаоллари, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази вакиллари ҳамда “Ўзбекистон ижтимоий масъул фуқаролари форуми”нинг ахборот марказлари ходимлари саъй-ҳаракатлари билан хайрия хашарлари ўтказилганидир. Ўтган хашарлар натижасида республикамизнинг олтита ҳудудидаги шаҳарлар кўчалари, тарихий обидалар, меъморий мажмуалар обод этилди. Жумладан, Тошкент вилоятининг улкан боғ, XIV-XIX асрларда барпо этилган масжид, мадраса, минора ҳамда Анбар биби мақбарасидан иборат “Зангиота” тарихий мажмуасида ўтказилган хашарда 70 дан ортиқ киши қатнашди. 3 август куни хашар Жиззах вилоятида бўлиб ўтди.

“Ифторлик” акцияси доирасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ҳамда маҳаллий фаоллардан иборат 500 киши учун байрам дастурхони тузалди. Шунингдек, тадбирда ёш ташкилот – ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йўлида ҳамкор ташкилотлар ва фуқаролар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган “Ўзбекистон ижтимоий масъул фуқаролари форуми” фаолияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, хайрия тадбири доирасида барча вилоятларда “Меҳр нури” жамғармаси томонидан ташкил этилган “Кичик ва ўрта тадбиркорлик ҳамда фермерликни ривожлантириш учун грантлар” дастури иштирокчилари учун маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш иштиёқида бўлган аёлларга дастур ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилиб, лойиҳаларни тайёрлашда кўмаклашилмоқда. Жамғарманинг яна бир лойиҳаси — “Оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган грантлар” дастурининг биринчи босқичида ғолиб бўлган аёл тадбиркорлар эса ўзларининг бизнес-лойиҳалари тақдимотини ўтказишмоқда.

Хайрия акциясини ташкиллаштиришга ҳомийлик қилган тадбиркорларга “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” Жамоатчилик Кенгаши раиси Гулнора Каримова номидан ташаккурномалар тақдим этилди.

“Меҳр нури” жамғармасининг ушбу хайрия акцияси 2005 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Бу йилдан лойиҳа “Ўзбекистон масъул фуқаролари форуми” ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган бўлди. Бундай акциялар одатда Наврўз байрами арафасида ҳамда Рўзаи Рамазон ойида ташкил этилади. 2005 йилдан бошлаб бўлиб ўтган акцияларда жами 40 мингдан ортиқ киши унда иштирок этган. Бу йили акция Бухоро, Самарқанд,Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ташкил этилди.

Самарқандда акция Самарқанддаги Имом Ал Бухорий мажмуасида, Бухорода Мир-Араб мадрасасида, Қашқадарёда “Оқ-сув” зиёратгоҳида, Қўқонда эса “Жомеъ масжиди” мажмуасида ўтказилди.

ФОЗИЛА ТОШПЎЛАТОВА

You must be logged in to post a comment Login