Олимпиячиларимиз Лондон сафари олдидан қутлуғ қадамжоларни зиёрат қилишди

Фото — Аъло Абдуллаев (ЎзА)

Лондонда бўладиган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари анъанага мувофиқ мамлакатимиз бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.

Жорий йилнинг 27 июл – 12 август кунлари Лондон шаҳри мезбонлик қиладиган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларига 60 нафардан зиёд спортчимиз йўлланма олган. Атлетларимиз Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполин, велоспорт, сузиш, енгил атлетика, оғир атлетика, байдарка ва каноеда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, таеквондо, эркин ва юнон-рум кураши, теннис, қиличбозлик, ўқ отиш каби спорт турлари бўйича майдонга чиқади.

Лондон Олимпиадасида иштирок этадиган спортчиларимиз орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этадиган ёш иқтидор эгаларининг ҳам кўплиги Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир етук спортчилар авлоди тарбияланаётганидан далолат беради.

– Олимпия ўйинларида жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, мадҳиямизни янгратиш биз, спортчилар учун юксак шарафдир. Чунки, ўз тақдирини мана шу Ватан тақдири билан муштарак кўриш – шу юртнинг ҳар бир фарзанди учун катта бахт, – дейди бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев. – Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш асносида халқаро майдонларда эришаётган барча ютуқларимиз истиқлол туфайли эканини яна бир бор чуқур ҳис этдик ва ушбу муаззам майдонда туриб Лондон Олимпиадасидан ёруғ юз билан қайтишга қасамёд қилдик.

Делегация аъзолари пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони ва Алишер Навоий номидаги Миллий боғни ҳам зиёрат қилиб, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз – Соҳибқирон Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйдилар.

Байрам Айтмуродов (ЎзА мухбири)

Манба: uza.uz

You must be logged in to post a comment Login