ФАРҒОНАЛИК СПОРТЧИЛАР ҲАМ ОЛИМПИАДА ЎЙИНЛАРИГА ЙЎЛ ОЛИШДИ

Жорий йилнинг 27 июль – 12 август кунлари Лондон шаҳри мезбонлик қиладиган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларига 60 нафардан зиёд спортчимиз йўлланма олгани ҳам бунинг далилидир. Атлетларимиз Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполин, велоспорт, сузиш, енгил атлетика, оғир атлетика, байдарка ва каноеда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, таеквондо, эркин ва юнон-рум кураши, теннис, қиличбозлик, ўқ отиш каби спорт турлари бўйича майдонга чиқади.

Давлатимиз раҳбарининг 2009-йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2012-йил Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтадиган ХХХ ёзги Олимпиада ва ХIV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган уч босқичли тайёргарлик дастури спортчиларимизнинг Олимпиадага пухта ҳозирлик кўришида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Спортчиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва уларда муносиб иштирок этиши учун барча шарт-шароит яратилди.

Лондон Олимпиадасида иштирок этадиган спортчиларимиз орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этадиган ёш иқтидор эгаларининг ҳам кўплиги Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир етук спортчилар авлоди тарбияланаётганидан далолат беради.

Фарғона вилоятидан ҳам беш нафар спортчиларимиз – Элшод Расулов,  Ўктам Раҳмонов (бокс), Сергей Логутин (велоспорт), Акмал Эргашев (таэквондо), Марина Сысоева (оғир атлетика)лар 2012 йил Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХ ёзги олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишди.

Спортчилар вилоятимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларидир. Улар бундай нуфузли мусобақада қатнашиш ҳуқуқига  республика ва халқаро мусобақа, турнирларда зафар қучиш эвазига эришдилар. Элшод Расулов 2009 йили Хитойда ўтказилган Осиё чемпио-натида ва 2010 йили Осиё ўйинларида 1-ринни, 2009 йилда Милан шаҳридаги жаҳон чемпионатида, Болгариянинг София шаҳри ва Туркиядаги халқаро турнирларда ҳамда 2012 йил ёзги олимпиада йўлланмаси учун Бокуда бўлиб ўтган чемпионатларда 2-, 2008 йили Москвада ўтказилган жаҳон  кубогида 3-ўринларни эгаллади.

Акмал Эргашев 2009 йилги Ўзбекистон, Корея, 2011 йилги Корея таэквондо бўйича очиқ чемпионати ҳамда Корея ОРЕN турнирларининг олтин, 2011 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатининг кумуш ва ХХХ ёзги Олимпиадага йўлланма учун Таиландда ўтказилган чемпионатнинг бронза медали соҳибидир. Ўктам Раҳмонов София шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда 1-, Финляндиядаги турнирда ҳамда ХVI Осиё ўйинларида 2-, 2011 йил Тошкентдаги ва Киевдаги халқаро турнирларда 3-ўринларни қўлга киритгани нуфузли олимпиадада иштирок этишини таъминлади. Сергей Логутин 2009 йилда  Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 1-, 2010 йил Мадридда бўлиб ўтган  халқаро велоспорт мусобақасида 2-ўринга лойиқ топилди.

Спортчиларимизга оқ йўл тилаган ҳолда Олимпиада ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритишларига ишонамиз.

Shohidbek Aslanov 

You must be logged in to post a comment Login