АҚШ элчиси Фарғонага ташриф буюрди

12971070_10154700067999186_3930298637806142034_o

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен “Марказий Осиёнинг гавҳари” ҳисобланган Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Элчи хонимлари Марғилон шаҳридаги Ёдгорлик мажмуасида, Риштон туманидаги Рустам Усмановнинг Кулолчилик устахонасида бўлиб, миллий ҳунармандчиликнинг бебаҳо дурдоналари билан яқиндан танишиб, уста-кулолларнинг иш жараёнини бевосита кузатди. Спратлен хоним Фарғона давлат университетида ҳам бўлиб, у ерда талабалар билан учрашди. Фарғоналик ёшлар олдида нутқ сўзлар экан, олий даргоҳга ўз совғаларини тақдим қилди ҳамда университетнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз фикрларини ёзиб қолдирди. Шунингдек, меҳмон Қўқон шаҳридаги тўқимачилик комбинати негизида калава ип ишлаб чиқарувчи “Индорама Коканд Текстил” Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонасига ҳамда маҳобатли Худоёрхон саройига ташриф буюрди. – Таассуротларим жуда ижобий. Мана шундай чуқур ҳамда буюк тарихий шаҳарда бўлиш менга шараф бағишлайди. Ҳозиргина мана шу ажойиб саройни кўриб чиқдим. Шубҳасизки, ушбу сарой айтишга арзигулик тарихга эга. Вилоятингизга ташрифим чоғида Фарғона, Марғилон шаҳарларида бўлдим. Шунингдек, мен Наманган ҳамда Андижон вилоятларига боришни ҳам режалаштирганман. Шаҳарларингизда бўлар эканман, ўзбек халқи тарихи ҳақида танишиш имконига эга бўлдим. Албатта, халқингиз томонидан илиқ кутиб олиниш менда катта таассурот қолдирди, – дея ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди Спратлен хоним.

You must be logged in to post a comment Login