КЎПРИК ҚУРГАН КЎП ЯШАР…

Йўл билан йўлни, эл билан элни бир-бирига яқин қилувчи, яёвда бўлсангиз ҳам, уловда бўлсангиз ҳам изингиз, кўзингиз қадаладиган қадамжо – кўприкдир.

Юртбошимизнинг “Фар-ғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шаҳримизда кўркам, муҳташам масканлар, кенг, равон йўллар билан бирга мустаҳкам кўприклар қурилиши ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Юнусали Эгамбердиев раҳбарлик қилаётган Фарғона кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослашган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси мутахассислари томонидан шаҳарнинг Оқариқ кўчасини собиқ фуран бирикмалари кимё корхонаси йўли билан туташтирувчи, Марғилонсой устига қурилаётган, узунлиги 24, эни 28 метрли кўприк кун сайин қад ростламоқда.

– Кўприк қурилишида120 м3бетон фундамент, 48 дона Б-1 темир-бетон блоги,52 м3бетон сарроп (носадка),14,5 м3ўтиш плитаси пойдевори, 1,5 минг м3 ер ишлари бажариб бўлинди, – дейди корхона иш юритувчиси Баҳодиржон Маматов. – Ҳозирда кўприксозларимиз ҳар бирининг узунлиги18 метр, оғирлиги 16,3 тонна бўлган 28 дона оралиқ плиталарини ўрнатиш ишларини бошлашди. Умумий қиймати 947 миллион сўм бўлган, май ойида бошланган кўприк қурилишини июнp ойида тугаллаб, фойдаланишга топшириш ҳаракатидамиз.

– Фарғона шаҳрининг бугунги кунда амалга оширилаётган Бош режасига кўра, биргина Фарғона кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослашган таъмир-лаш-фойдаланиш корхонаси томонидан шаҳримизнинг Университет кўчаси (Аквапарк рўпараси), Сайлгоҳ кўчасидаги кўприклар янгитдан бунёд этилиши режалаштирилган, – дейди вилоят “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси техник-назоратчиси Нодирбек Отақулов. – Бундан ташқари Марғилонсой устига қурилган 6 та кўприк – Оқариқ кўчаси “Болалар оромгоҳи” ва 36-сонли мактаб йўлидаги, “Ўзбекистон овози”, Мустақиллик кўчаси, Алишер Навоий номидаги кинотеатр рўпарасидаги, Мураббийлар кўчаси (вилоят ўлкашунослик музейи), “Уржуза” кўз клиникаси ёнидаги кўприклар капитал таъмирланади.

Кўприк қурилишида корхонанинг ўндан ортиқ малакали, моҳир ишчи-хизматчилари астойдил меҳнат қилишмоқда. 2 та автокран, компрессор, “МАЗ” русумли юк ташувчи, “КРАЗ” русумли оралиқ плита ташувчи автопоезд, экскаваторни кўприксозлар юксак унум билан ишлатишиб, юқори натижаларга эришяпти.

Бу борада айниқса, бетон қорувчилар – Равшанбек Жўраев, Равшанбек Дадабоев, пайвандловчи Азимжон Жўрабоев, автокран машинисти Муҳиддин Йўлдошев, ҳайдовчи Фар-ҳоджон Отақуловлар иши таҳсинга сазовор. “ДАМАС” автомашинаси ҳайдовчиси Муҳаммаджон Тошпўлатов ҳам ўзига топширилган юмушларни ўз вақтида бажариб, жамоадошлари ҳурматини қозонмоқда.

Кўприк қурган – кўп яшар… Фарғона кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослашган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси кўприксозлари кўркам, замонавий, мустаҳкам иншоотлари билан ўз номларини мангуликка муҳрламоқдалар. Зеро, бунёдкорлик – буюклик, эл аро суюклик, мангуликдир…

Муҳаммаджон ЭРКАБОЕВ.

You must be logged in to post a comment Login