ФАРҒОНАДА ЎҚУВЧИЛАРГА БЕПУЛ ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ

Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб баркамол авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларда узоқни кўзлаб иш юритиш, келажак ҳақида қайғуриш каби хислатлар мужассамдир. Шу маънода, мамлакатимизнинг эртанги тақдири қандай кечиши айни кунларда олиб борилаётган барча юмушларимизда намоён бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан шу хусусда яна бир карра таъкидлаб ўтилгани бежиз эмас. Президентимизнинг ушбу мажлисдаги «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» номли маърузасида баркамол авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хўш, маърузадан келиб чиқадиган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Таъкидлаш жоизки, бу борада вилоятимизда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва муштарак вазифаларни ўзаро умумлаштириш мақсадида шу йилнинг 12 июнида вилоят ҳокимининг «Умумтаълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига ўқиш учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Энди ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлга қадар соат 6.30 дан 9.00 гача ва соат 11.00 дан 16.30 гача ўқувчилар барча йўловчи транспорт турларида ўқувчилар бепул юра олишади. Ушбу ташаббусни вилоятдаги барча йўловчи транспорти корхоналари қўллаб-қувватлади.

Қарорнинг амалга оширилиши орқали Фарғона вилоятида ўқувчи ёшларни имтиёзли тарзда ўқишга олиб бориш ва олиб келиш учун йилига 10 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login