ТИЛАКЛАРИ ТОҒЛАРДАН БАЛАНД

Мафтункор Шоҳимардон ҳамда жаннатмонанд Сўх тумани ўзининг зилол булоқлари, жўшқин сойлари,  кўкка талпинган арчалари, ранго-ранг гулларию лолақизғалдоқлари, ҳатто харсангтошларидан ҳам гиёҳнинг ҳиди уфуриб турадиган бетакрор табиати билан зиёратчилар хотирасида унутилмас лавҳалар қолдиради.

Тоғ ирмоқларидан шилдираб оқаётган сувлар ўзанини боғи, даласи томон йўналтириб, навқирон, кўкка бўй чўзган кўчатларини, экинларини маромида суғориб, парваришлаб, сабр-тоқат билан меҳнат қилаётган бу икки гўшани обод этаётганлар фидойи инсонлардир.

Шоҳимардон ва Сўх истиқлол йилларида таниб бўлмас даражада ўзгарди, бу энг аввало одамлар ҳаёти, дунёқарашида рўй берди. Жойлардаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари, одамлар тинч ва осо-йишта умргузаронлик қилаётганлари буни яққол исботлаб турибди.

Шоҳимардон қишлоғи ҳамда Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, қулай тадбиркорлик муҳити яратиш, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама қулай шароит яратиб бериш мақсадида 16-17 июнь кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маълумки, қишлоқ жойларда аҳолининг бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу масалани ҳал қилиш йўлларидан бири мазкур ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Шоҳимардон қишлоғининг табиий иқлимидан, ўзига хос экологик муҳитидан, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда янги корхоналар ташкил этиш, бу билан ҳудуд аҳолиси, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Вилоят фаоллари қишлоқ аҳолиси билан суҳбатда бўлдилар. Тадбиркорлар томонидан ҳудудларда бўш турган бино ва иншоотлар, дам олиш масканлари тўлиқ ўрганиб чиқилди. Уларнинг негизида 50 дан ортиқ ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этиш бўйича лойи-ҳалар таклифи ишлаб чи-қилди. Бу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 3 мингдан ортиқ янги иш жойлари яратилади. Хусусан, Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” корхонаси томонидан 2 та гилам тўқиш цехи ташкил этиш ҳисобига 250 та, Марғилон шаҳридаги “Водий ҳунар-мандлари” МЧЖ томонидан гилам, бахмал, атлас ва адрас маҳсулотларини қўлда тўқиш цехи ташкил этиш ҳисобига 150 та, «Қўқон ёғ-мой» корхонаси томонидан наслли чорвачилик ва тикувчиликни ташкил этиш ҳисобига 50 та, “Эффектив оил” корхонаси данак уруғларини тайёрлаш пункти ҳамда 500 бош паррандачилик хўжалиги, шунингдек, Бағдод туманидаги “Шарқ” хусусий фирмаси томонидан муқобил энергия ҳисобига ишлайдиган 50-100 тоннали музлаткич ҳамда интенсив боғ барпо этиш ҳисобига янги ишчи ўринлари яратиш ҳамда ҳудудда оилавий тадбиркорлик, ҳунар-мандчилик, ишлаб чиқаришни ривожлантириш таклифлари берилди.

Ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда мевани қайта ишлаш, қандолатчилик, тоғ тошларидан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш бўйича 20 дан ортиқ лойиҳалар бўйича берилган таклифлар асосида дастур ишлаб чи-қилди, молиялаштириш манбалари аниқланиб, ижрога қаратилди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чоралар кўрилмоқда. Табиий газ етиб бормайдиган 10,2 мингта аҳоли хонадонларига 4,1 минг тонна ва ижтимоий соҳа объектларига 2,1 минг тонна кўмир етказиб бериш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланди. Ўн мингта суюлтирилган газ баллонлари захираси ташкил этилди.

2012-2015 йилларда Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, энергия таъминотининг мавжуд объектларини реконструкция қилиш, шунингдек, ичимлик суви ва табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳисобига туман аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш бўйича Дастур ишлаб чи-қилди. Мазкур дастур ижросини таъминлаш учун 46,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши белгиланди.

Туманда 2013-2015 йилларда 2 та касб-ҳунар коллежларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2850 млн. сўм маблағ ўзлаштирилади. Шунингдек, 2012-2015 йилларда туманда 410 ўринли 1 та янги мактаб қурилади, 12 та мактаблар капитал ва жорий таъмирланади. Бу мақсадлар учун 10,2 млрд. сўм бюджет маблағлари сарфланади. 5 та мактабга 1831 млн. сўм маблағ эвазига спорт заллари қурилади.

Дастурга асосан, Ровон қишлоғида туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси ҳудудида қўшимча 30 ўринли болалар, 25 ўринли юқумли касалликлар бўлимлари учун янги бино қурилиши ва мавжуд биноларни қайта қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 3,1 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Туманда 12 лойиҳа асосида 95 млн. сўм  маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига электр тармоқлари таъмирланади. Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 2012-2015 йиллар давомида35 кмтармоқлар тортиш ишларига 416 млн. сўмдан кўпроқ маблағ сарфланади.

Шунингдек, ҳомий ташкилотлар ҳисобидан 6000 та (Шоҳимардон қишлоғида 1000 та, Сўх туманида 5000 та) оилаларга 300 тонна ун ва 30 тонна пахта ёғи бепул тарқатилди.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login