КОЛЛЕЖДАН – КОРХОНАГА

Ўтган йилнинг 18 июль куни пойтахтимизда мамлакатимиз ва Швейцария ҳукуматлари ўртасида «Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида касбий кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги икки томонлама битим имзоланди. Бу лойиҳанинг асосий мақсади Андижон, Наманган, Фарғона ҳамда Тошкент вилоятларида касб-ҳунар коллежлари билан сув хўжалиги корхона ва объектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини таъминлашдан иборатдир. Бу борада коллежимиз директори Б.Сайдаҳмедов раҳбарлигида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бормоқдамиз.

Лойиҳа доирасида ҳозирда коллежимизда 30 нафар энг иқтидорли ўқувчилар танлаб олиниб, уларнинг жаҳон андозалари даражасида билим олиши, ҳунар эгаллашига эришилмоқда. Автоматлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва созлаш, металл кесиш дастгоҳлари, электр тармоқлари жиҳозларини ишлатиш ва таъмирлаш, қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш ҳамда автоматлаштирилган сув хўжалиги объектларини таъмирлаш, созлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда.

Иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари асосида такомиллаштирилган ўқув режалар ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқишда тажрибали ўқитувчи, муҳандис-педагогларимиз билан бир қаторда ҳамкор корхоналар мутахассислари ҳам бевосита иштирок этишди.

Бу лойиҳа бир неча бос-қичда амалга оширилиши зарур. Шу боис муваффақиятли якунланган биринчи босқич натижаларини сарҳисоб этиш ва ҳозирда давом этаётган иккинчи босқич учун белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Лойиҳа ташаббусига кўра, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда кўплаб семинарлар, конференциялар ўтказилди. Коллежимиз раҳбарлари ва ўқитувчиларининг республикамизда, хорижда ўқув-малака оширишлари ташкил этилди.

Лойиҳа бўйича ўтилаётган дарслар илғор педтехнологиялар, интерфаол усуллар асосида олиб борилмоқда. Математика, физика, кимё, инглиз ва рус тили фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилмоқда.

Амалиёт – билим мезони. Шуни инобатга олган ҳолда таълим муассасамизда барча шарт-шароит яратилган. Ўқув амалиётларини ўтказиш учун вилоятимиздаги улкан салоҳиятга эга бўлган кўплаб корхоналар билан ҳамкорлик келишувига эгамиз. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, «Азот» ОАЖ, Фарғона механика заводи, «Қувасойцемент», «Автотеххизмат», «Автотрансхизмат» МЧЖ, «Ста-Пласт», «Тапо Диск» каби бир неча қўшма корхоналар шулар жумласидандир. Ўқувчиларимизнинг ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётлари бўйича ишчи дастурлар ҳам ишлаб чиқилган.

Умида РАҲМОНОВА,

Фарғона шаҳри.

You must be logged in to post a comment Login