ҚОЗОН – РИЗҚ-РЎЗ ВА ВА ҚУТ-БАРАКА РАМЗИ

Ўзбекларда оила ризқ-рўзи рамзи энг асосий уй-рўзғор буюмларидан бири ҳисобланган қозонсиз хонадонни топиш жуда қийин албатта. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қайд этилганидек, “қозон турли таомлар пишириш тайёрлаш ва сув иситиш учун чўяндан қуйиб тайёрланадиган рўзғор буюми”. Қозон шакли ва ҳажмига қараб “декча” (кичик қозон, қозонча), “маърака қозон”, “дошқозон”, “ош қозон”, “маҳалла-гузар қозони”, “кир қозон” каби турларга бўлиш мумкин. Қозон асосан, чўян, шунингдек, мис, алюмин ва қайнатиш ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Қозоннинг қопқоғи метал ва ёғочдан бўлган.

Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шахрисабз, Китоб) қозончи, қозон қуювчи дегрез усталар чўяндан қозон ясаш билан шуғулланишган. Ўзлари асосан шаҳарнинг алоҳида дегрез маҳалла-гузарида қўни-қўшни бўлишиб, биргаликда истиқомат қилишган.

Халқимиз ўртасида қозон ва у билан боғлиқ кўплаб ибора ва нақллар мавжуд: ”Қозонда бўлса, чўмичга чиқади”, “Ёпиғлиқ қозон ёпиғли қолсин”, “Қозончининг эрки бор, қандай қулоқ чиқарса”, “Қозон ўғирлаган қутулди, чўмич ўғирлаган тутилди”, “Қозон олсанг қоқиб ол, хотин олсанг боқиб ол”, “Яхши келса ҳутни кўр, қозон тўла сутни кўр”, “Қозон ҳам мой, чўмич ҳам мой”, “Қозони бошқанинг қайғуси бошқа”, “Қалин қозон қайнамас, қайнаса ҳам совимас” ва ҳ. к. Кундалик ҳаётда кўпинча “қозон осиш”, “қозон қайнатиш”, “қозонни сувга ташлаш”, “қозонни илиш”, “қозонни тўнтариш” каби иборалар ҳам қўлланилади.

Археологик изланишларга кўра қадимги Ўзбекистонда аждодларимиз сопол, тош (мармар), бронза қозонлардан фойдаланган. ХХ асрнинг 30-йиллари охирида Катта Фарғона канали қазилган милоддан аввалги 1- минг йилликнинг охирига мансуб бронза қозони топилган. Наманган вилояти ўлкашунослик музейида Ахсикатдан топилган милоднинг V-VI асрларига оид сопол қозон сақланмоқда. Шахрисабз шаҳридаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи кўргазмасида милоддан аввалги III-II асрларга оид сопол қозон жойлашган.

Дегрез – форсча – “қозон қуймоқ” “қозон қуювчи”, умуман чўяндан турли буюмлар қуювчи уста деган маънони билдиради. Ўзбекистонда қадимдан дегрезлар (чўянгарлар) – чўянни эритиб, ундан қозон ва бошқа уй-рўзғор буюмлари ясашган. Россия босқинидан сўнг дегрезлик маҳсулотларининг кўплаб олиб келиниши натижасида бу касб сустлашди. ХХ асрда эса оғир саноатнинг ривожланиши туфайли дегрезлик касби анча барҳам топди.

Қадимги афсоналарга кўра скифларнинг улкан қозони бўлган. Буюк муаррих Геродотнинг “Тарих” асарида шундай лавҳа келтирилган: ”Бу баҳайбат мис қозон скиф хоқони Аррианнинг фармонига кўра ясалган эмиш. У ўз фуқораларини сонини билиш мақсадида ҳар ким биттадан камон ўқларининг учини олиб келишларини буюрибди. Ҳаш-паш дегунча сарой майдонида камон ўқларининг учлари тоғ бўлиб уюлибди. Ҳоқон бу ўқларининг барини эритиб, каттароқ қозон пайдо бўлган экан. Бу қозонни муққадас билишган ҳамда унда фақат муқаддас маросимлар чоғидагина махсус таомлар тайёрлашган экан.

Улкан мис қозонлар қадимги саклар учун ҳам муқаддас саналганлигини, тангрилар шарафига бағишлаб ўтказилган қурбонлик марасимларида ана шундай қозонларда махсус таомлар пиширилган. Наврўзни шодиёна сифатида тантана қилган саклар йилбоши куни таом пиширадиган улкан қозонларни серҳосиллик тимсоли деб ишониишган. Бундай қозонларда пишган улкан сумалак тановул қилган кишига йил бўйи одам қут-барака ҳамроҳ бўлади, деб ишонишган. Аждодларимиз баҳорги ва кузги тенг кунлик нишонланадиган байрамларда катта қозонларда қуёш шарафига қурбонлик қилган от гўштини пиширган ва бу таомни биргаликда истеъмол қилишган. Бу удум эл-юрт фаравонлиги, тўкин-сочинлигини таъминлайди, деб билишган.

Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур нуфузли қавмларнинг оқсоқолларини йиғиб, доим Наврўз байрам арафасида пайконлардан (найзага қадаладиган махсус уч) қозонлар қуйдирганлиги қайд этилган. Бу қозонларда асосан сумалак ва ҳалим пиширилган.

Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида барча қавмлар Наврўзни шод-хуррамлик билан ўтказишган. Тантаналар Самарқандда унинг атрофидаги Конигилда, Кўҳак тепалигида, Кешдаги Оқсарой, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси атрофларида уюштирилиб, “қозон тўлди” маросими таомлари Соҳибқирон ясаттирган қозонларда пиширилган.

Амир Темур Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонган 1370 йилнинг баҳорида улус бошлиқлари: Амир Шайх Муҳаммад, Баён Сулдуз, Амир Кайхусрав, Ҳутталоний, Амир Ўлжайту Апарди, Муъаййиддин Арлот, Амир Довуд Дуғлат, Амир Сари Буға Жалойир, Амир Жаку Барлос ва Зинда Чашм Апардий ва Муҳаммад Бадахшон Шоҳий Ҳусайн Баҳодир, дин ҳомийси Саййид Барака, Термиз шайхларидан ака-ука Абу Маолий Али Акбар ва бошқа амирларни тўплаган.

Туркий қавмлар одатига кўра сипоҳийлардан биттадан пайкон йиғиб эритилган ва қозон қуйилган. 1370 йил баҳорида Балхда ясатилган қозондан ҳар йили Наврўз айёмида “қозон тўлди” маросимида фойдаланилган. Ушбу ҳашаматли қозон бирдамлик, якдидлик ва уюшқоқлик рамзи ҳисобланган.

Соҳибқирон 1435 йилда ҳозирги Туркистон шаҳри (собиқ Ясси қишлоғи) да машҳур шайх Ҳожа Яҳмад Яссавий (XI аср — 1166) қабрига маҳобатли мажмуа қуришга фармон берган ва мақбара ёнига қирқ улкан назир-ниёз дошқозони қуйдирган. Мазкур дошқозонни уста Абдулазиз ибн Шарофуддин ал-Табризий ясаган бўлиб, оғирлиги 2 тоннага, бўйи167 смга, эни247 смга тенгдир. Ушбу қозон 600 челак сув сиғимига эгадир. Ушбу дошқозон жамоатхона ўртасига ўрнатилган. Илгари қозонга қанд қўшилган сув тўлдирилиб, масжид хизматкорлари жума номозидан сўнг шифобахш ва табаррук обиҳаёт сифатида жамоага тарқатилган.

Дошқозон 6 та чироғдон ва эшик тутқичини ясашда турли хил маъдан; олтин, кумуш, қизил мис, руҳ, қўрғошин ва бронза ишлатилган. Бундан ташқари, узум барги шаклида 10 та катта ҳамда 30 та чўзинчоқ кичик қулоқ ясалган. Шу боисдан дошқозон 40 қулоқ қозон деб ҳам юритилган.

Қозон гардишидан пастда нақш шаклида уч қатор ёзув битилган бўлиб, юқорида: “дошқозон сув қуйиш учун ясалган.Темурдан маҳаботли мақбарага совға деган ёзувлар битилган. Ўрта қатор эса: Бандаи мўминни парвадигорнинг ўзи ёрлақасин. Ёзувлари ва қозон ясалган жой ҳамда устанинг исми-шарифи битилган. Энг сўнггида “Қозонни 801 (ҳижрий) Амир Темурнинг буйруғи билан Аллоҳ-таолоннинг ҳалол қули моҳир уста Абдул Азиз ясади” — дейилган ёзув мавжуд. Бу масканда ҳафтада икки марта камбағалларга ва мусофирларга халим тортилган.

Амир Темур ташаббуси ва буйруғи билан ясалган ушбу улкан дошқозон 1935 йилда Ленинград (ҳозирги Санк Петрбург шаҳри) да ўтказилган Эрон ҳунармандчилиги ва археология ишларга бағишланган учинчи халқаро анжуманга ҳукумат қарори билан вақтинча олиб кетилиб, Давлат Эрмитажининг қуйи қаватида жойлаштирилган эди. Қозоқ зиёлиларининг жонбозликлари туфайли улкан дошқозон 1989 йил (9 сентябр) Туркистон шаҳрига қайтариб келтирилди.

Булоқ каби жўшиб турсин, деган у ўйда Темурхон,

Қирқ қулоқ дошқозонни халққа ҳадя этибди.

Санъатингга ҳам сеҳрингга офарин!-деб авом халқ,

Шарбат сувдан тортганлар муродига етибди,

Мурод истаб олам кезган ой юзлигинг мубарок!

Туркий халқлар, жумладан ўзбеклар қозон (ноябрь) ойида –чорвадорлар ёз ойларида қаттиқ сут, пишлоқ, сарёғ каби чорвачилик маҳсулотларини тановул қилишиб, бутун ёз давомида қозон осишмаган. Ноябрь ойида эса буқа, сўқим сўйилгач қозон осилиб, шу баҳорида меҳмондорчилик қилинган. Шу сабабли ноябрь ойи “қозон” атамаси билан юритилган. Шунингдек қозоқ ва қирғизларда қозон ойи 27-28 кун, яъни октябрнинг яримигача давом этган, кишилар сутли овқатдан гўштли овқатга ўтишган.

XIX асрнинг охири XX асрининг бошларида Ўзбекистоннинг турли минтақаларида, жумладан Қашқадарё воҳасида “қозон”атамаси (“бир қозон катта қозон”) катта оилага нисбатидан ҳам ишлатилган ва ифодалаган. Чунки катта оиланинг барча аъзолари бир қозон (“чон (жон) қозон”) дан овқатланишган (“Бирқозондан ош еган”).

Қозон билан боғлиқ турли эътиқод ва удумларнинг илдизлари олис даврларга бориб тақалади. Масалан, экинзор, боғзор, қовун, тарвуз пайкалларидаги ҳосилга кўз тегмасин деган мақсадда тескари тарзда қўйилган офтобага қозонкуя суртилган. Азадор хонадонда уч кунгача қозон тўнтариб қўйилган. Майитни ювишда ўлимлик сақлаб қўйилган қозонда сув иситилган. Агар махсус қозон олиб қўйилмаган бўлса, хонадондаги кир ювишда ишлатиладиган қозондан фойдаланилган. Ушбу қозон қартон (қозонни обдон тозалаб ювиш, қиздириш ёки қуйдириб олиш) қилингандан кейин хўжаликда қайтадан фойдаланиш мумкин бўлган.

Майитни ювиш учун янги қозонда сув иситилгандан сўнг қозон тўнтариб қўйилган ва озгина кул сепилган. Чунки кул енгиллик келтиради, деган тасаввур халқимиз орасида сақланиб қолган. Баъзан мушкуллар осон бўлсин, деб қозон қулоқларига пахта силаб, чироқ ҳам ёқилган. Жанубий Ўзбекистонда бошқа ўлим бўлмасин, бундан кейин ёриғ бўлсин, деган мақсадда учта кесак қўйиб тўнтарилган қозонга ун ҳам сепиб қўйилган.

Қозоннинг тоза ва покизалигига ҳам катта эътибор берилган. Қозон ўчоқдан олинган заҳоти махсус қопқоқ устига қўйилган ва “шайтон ялаб кетмасин”, деб оғзига қопқоқ бостириб қўйилган. Таом пиширилган қозон ювиб қўйилган ва “ювилган қозон” доимо тилайди”, деган тасаввур мавжуд бўлган. Қозонда паррандаларга овқат ёки дон берилса, хонадондан қут-барака кўтарилади, деб ишонилган. Янги келин ҳар хил бало қазолардан сақлансин деб, чимилдиқнинг бурчагига қозон қўйилган.

Одатда бирор маросим тугаганда қозон тозалаб ювилади ва озода жойда тўй ўтган хонадонда ёки тўп (тўпори масжидида) сақланади. Ошпаз қозон бошига келмасдан олдин таҳорат (ғусл қилиши) шарт ҳисобланган. Узатиладиган қиз сепига кичик қозон қўшилган. Ота хонадонидан рўзғори ажралиб чиқаётган уйга ҳам қозон берилган. Қозонда димлаб пиширилган гўшт — қозон кабоб, қозонда тайёрланган таом эса “қозонкабо” деб ҳам номланган.

Халқимизда қозон билан боғлиқ даволаш амаллари ҳам бажарилган. Масалан, гўдак баданига яра тошса қозонкуя билан эмланган. Чақалоқ олиб юрилганда учинмаслиги учун пешонасига қозон куя суртилган. Эмизикли она сут безлари учига рапида ёки сарпиш билан, аввало қозоннинг тўрт қулоғига, кейин ерга ва сўнгра онага уриб эмланган. Қўрққан кишига ҳам дарҳол қозон куя ичирилган. Баданнинг лат еган жойга ҳам қозон куя суртилган. Ой тутилса ёки зилзила пайтида қозон капкир билан уриб чалинган.

Одатда ҳут ойининг охирларга келиб, яъни 20 мартдан 21 мартга ўтар кечаси оила даврасида “қозон тўлди” маросими уюштирилган. Бунда ҳар бир оила ўз имкониятига қараб бирор бир қозонга таом пиширган ва қозон тўла бўлишига алоҳида эътибор берилган. Бу маросим оилавий удум бўйича ҳар бир оила таом тайёрлаб, аждодлар ҳаққига ис чиқарилган. Шу “ис” ёғи билан ерни шудгорлашга қўшиладиган ҳўкизларни шохи мойланган “(шохмойлар)”. Бу маросимда пиширилган таомлар бўғирсоқ ва сомсалар қўни-қўшниларга ҳам тарқатилган. Барча идишлар сувга тўлдирилган қуйилган. Шу тун мобайнида ҳалим (халиса) сумалак ҳам пиширилган эрталаб маърака қозонда пишган таомлар жамоага тарқатилган.

“Қозон тўлди” куни махсус қозонлар ун ва буғдойга тўлдирилиб қўйилган. Етти хил таом пиширилган. Бу маросимлардан сўнг экин экиш мавсуми бошланган.

Тарихий маълумотларга қараганда, аждодларимиз турли маросимларда фойдаланиб, эъзозлаган катта қозонлар ниҳоятда муқаддас ҳисобланган. Чунки кенг миқёсдаги оммавий маросимлардаги дош қозонларда тайёрланган таомлар эл-юртни бирлаштиришга ва ҳамиша яхшиликка хизмат қилган.

Ҳар бир тўп, маҳаллалар ҳар бир қишлоқнинг тўй-маъракаларида, оммавий сайилларида таом тайёрлайдиган махсус қозонлари бўлиб уларда сумалак, ҳалим (халиса), ёрма ва бошқа таом пиширилган. Бу қозонлар доимо эмас, балки алоҳида муродбахш кунларда тантанали байрам маросимларида ишлатилганлиги учун ҳам муқаддас ҳисобланган. Бир қозондан овқат тановул қилганлар яқин қариндошдек бўлиб кетишган қозон тўлиши бу мўл ҳосил тимсоли, қут-барака рамзи ҳисобланган Қозон тўлса эл-юрт тинч бўлади, қут-барака аримайди. Аждодларимиз “қиш кетди кўклам келди. Қозон тўлди, энди яхши кунларга етишдик, серобликка чиқдик”, деб шукроналик қилганлар.

Хуллас “қозон тўлди” маросимида аждодлармизнинг табиатдан мўл-ҳосил, тани-сиҳатлик, эл-юртга тинчлик, қут-барака тилаш мақсади ётади. Ҳар йили жамоанинг муқаддас маросимларида баҳор, яъни йил даракчиси сифатида ёғоч идишда арпа дони ўстирилган. Дастурхоннинг қоқ ўртасига қўйилган. Байрам арафасида етти хил дон (буғдой, арпа, нўхат, жўхори, гуруч, мош, ловия) дан гўжа тайёрланган. Дарвишона маросимидаги ёрма асосан дошқозонларда пиширилган.

Халқимизнинг эъзозли удумларидан бири саналган Қашқадарё воҳасидаги “қора қозон” удуми ниҳоятда кулгули ҳисобланади. “Қора қозон” ўзбекларда ўтмишда бир отадан тарқалган бўлса, қариндош оилалар гуруҳи ҳисобланиб, қишлоқда алоҳида тўп (тўпори) тўдани ташкил этган. Катта-кичиклигига қараб ҳар бир қишлоқда 5-6 ёки ундан зиёд тўпори ёки қозон аъзолари гуруҳи бир-бирларига қўни-қўшни бўлишиб, истиқомат қилишган.

Одатда қора қозон аъзолари ота насаби бўйича белгиланган. Она томон қора қозон ҳисобланмасдан, улар тўй-маъракаларда иккинчи даражали юмушларни бажаришган. Ота томонидан қора қозон аъзоларига тўй маъракалардаги масъул топшириқлар (меҳмон кутилса) совғалар улашиш, тўй омборхонаси (шарбатхона) мутасаддилаш) қозон бошида таомлар сузиш, тарқатиш гўшт тақсимлаш ва ҳ.к. юклатилган. Бу юмушларни улар сидқидилдан уддалашга интилишган. Халқимизда “Қариндошим қора қозоним, уруғим унли чуволим” (чувол капкирим) деб бежизга айтилмаган.

Бир қора қозон аъзолар ўзларининг катта ва кичик қозонига, бошқа турли зарур жиҳозларига эга бўлиб, тўй қора қозон-тўп оқсоқоли раҳбарлигида ҳамжиҳатликда тақсимланган. Ҳар бир қора қозон аъзолари биргаликда ўзаро маблағ тўпланган ва биргаликда қозон (дошқозон ёки маърака қозон) ва кичик қозон ясаттиришган. Бу қозонларни тўпор масжидида сақланган. Баъзан ўзига тўқ саҳоватли кишилар ҳиммат кўрсатишиб, савоб учун ўз маблағлари ҳисобидан маърака қозонини қариндошларига қозонларига сотиб олиб ҳам беришган.

Одатда тўпор яшаган мавжудот марказида қора қозонларнинг турли тадбирларини, масалан, Наврўз тантаналари дарвишона, худойи каби маросимларни ўтказилган. Жамоа аъзолари тўй маросимларида ўзларига топширилган ўтин ғамлаш (ўтирганлари), дастурхон тузатиш, турли таомлар тарқатиш, меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш (“қўноқ бериш”) каби юмушларни ҳам биргаликда сидқидилдан бажаришган. Одатда тўйдан бир неча кун олдин “ўтин ҳашари йиғиш“ тадбирлари ўтказилган. Агар бу тадбирларда ота қатнаша олмаса-да, оиланинг албатта иштирок этиши шарт бўлган.

Қора қозонлар қариндошлари қозондан, умуман тўй-тантана маросимларида маълум улушини бўлган. Узрли сабабларга кўра (кўпинча азадор, бемор бўлса) тўйларга чиқиша олмаган қора қозон аъзосининг хонадонига улуши (хаққи) бериб юборилган. Шунингдек, тўпор аъзолари хўжалик ҳаёти билан боғланган табиат талаб юмушларни (деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик соҳалари ҳашар-кўмак, ҳайдор ҳ.к.) ҳамкорликда уддалашган (“қўл солишиш”).

Қишлоқда оиланинг умумий қабристонида ҳар қайси қора қозонларининг-тўп аъзоларининг кўмилиш жойи-хилхонаси алоҳида ажралиб турган. Қора қозонга кирган кишилар ўртасида ўзига хос бошқа турли ички тартиб-қоидалар ҳам мавжуд бўлган тўпорнинг барча аъзолари сўзсиз бўйсунишган.

Халқимизда “Қозони бор овқат пиширар“ ибораси бежизга айтилмаган. Тартиб-интизомни бузганлар ҳатто қозон удумидан чиқарилган. Турли сабабларга кўра қора қозон аъзоларидан айрим анъаналари ажралиб чиқиб, қозонини алоҳида қилган ҳолатлар ҳам содир бўлган. Бошқа бир миллий маросимларида қозон бошига бошқа тўпори қора қозондан ёки бошқа бир қозондан бирон қариндош киши ўтирганда низолар чиқиб, ўзаро жанжал хам келиб чиққан.

Касби туманидаги Қипчоқ қишлоғи қарияларининг маълумотича, 1915 йилларда мазкур қишлоқда. Тўпор-(тўпор) даги суннат тўйи пайтида ош қозони тепасига ўтирган кишининг қўшни она қариндош Қипчоқ тўп (тўпор) лик киши ўзаро жанжаллар пайтида қозонга жиддий зиён етказади. Шу боисдан ўшандан буён 100-йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, қишлоқ аҳли бу кишининг қариндошларини киноя билан “қозон синдирганнинг авлодлари” деб таъна қилишади.

“Қора қозон” удумининг бошқа бир кўринишлари Зарафшон водийси (Самарқанд вилоят) да “қозон шериги” ҳар доим учрайди. Шунингдек, халқимизда “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар” деган мақол ҳам мавжуд. Бу мақсадда ҳамиша ёндашмаслик, улар касофатидан бирор фалокат бўлиши тайинлиги ҳамиша мужассамдир.

Хуллас, халқимиз кундалик турмушида асрлар оша сақланиб келган эзгуликка йўғрилган удум тобора ризқ-рўз ва қут-барака рамзи ҳисобланган қозон билан бошқа турли эътиқодлар жамоани уюштиришда, бунёдкор ишларга сафарбар етишган ўзаро баҳамжиҳат, тинч-тотув яшашда, яхши-ёмон кунларида қариндошларига елкадош камарбаста бўлиши ва бир ёқадан бош чиқариб самарали фаолият юритишда миллий қадрият сифатида ҳозирги даврда ҳам ниҳоятда шарт эканлиги шак-шубҳасиздир.

О. Бўриев,

ҚаршиДУ.

You must be logged in to post a comment Login