OТ БИЛАН БОҒЛИҚ ЎЙИН ВА МУСОБАҚАЛАР ТАРИХИДАН

Фарғона водийси тарихий манбаларда одамлар маскан топган қадимги диёр эканлиги таъкидланади. Фарғона шимолий ва шимолий-шарқий тоғ довонлари орқали Талас, Иссиқкўл бўйи, Еттисув билан, жанубий довонлар орқали Матч, Қоратегин, Бадахшон, Кўлоб, Ҳисор ва Помир-Олойнинг бошқа тоғ вилоятлари билан боғланган. Марказий Осиёда Фарғона водийси ўзига хос тарихий-этнографик ҳудуд сифатида ажралиб туради.

Марказий Осиё халқлари сингари Фарғона водийси қадим замонлардан бери сон-саноқсиз урф-одат, расм-русум, удум, анъана ва тўй – оммавий томоша, кўнгил очар маросимлари билан машҳурдир. Фарғона водийси аҳолисининг от билан боғлиқ халқ ўйинлари хўжалик анъаналаридан келиб чиққан муштараклик мавжуд. Халқимизнинг бой сермазмун меросини ўрганар эканмиз, туркий халқлар дунё халқлари орасида маданий ва оммавий қадриятларга бой халқлардан ҳисобланади.

Жумладан, жуда қадимги даврлардан бошлаб маданий ва оммавий қадриятлардан от билан боғлиқ спорт ўйинлари турлари тўғрисида маълумотлар, ҳақиқий кураш саҳналари туширилган тасвирий асарлар сақланган. Жумладан, скифларнинг «Чертомлык» деган қўрғонидан топилган ва кумушдан ясалиб, олтиндан сайқал берилган вазасимон дастали кўзага қавариқ шаклида туширилган тасвирлар алоҳида диққатга сазовордир. Унда Асов отни жиловлаш маросими тасвирланган бўлиб, скиф бир қўлида отнинг жиловидан ушлаган бўлса, иккинчи қўлида отнинг олдинги оёғини ушлаб, қайирмоқда. Яна бошқа шаклларда скифларнинг от устида курашиш жараёни, курашга ҳамла қилиб тайёр тургани каби саҳналар туширилган.

Куль Оба ёдгорлигидан топилган ва олтиндан ясалган бўйинга тақиладиган ёмбиларда икки скифнинг отда кетаётгани тасвирланган.

Жуда кўплаб тасвирий санъат асарларида от чопиш билан боғлиқ тасвирлар кўплаб учрайди. Айниқса, от чоптириб кетаётиб шерни, қоплонни, кийикни ҳалок этиш, яъни ўша ҳайвонни қилич, камон, ханжар билан санчиб ўлдириш саҳналари учрайди. Жумладан, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида Юнон-Бақтрия даврига оид кумушдан ясалган товоқчанинг ташқи томонида учта чавандознинг отда шерларга қарши жанг қилаётгани тасвирланган. Бизнинг фикримизча, ўша энг қадимги даврлардан бошлабоқ турли ҳайвонларни овлаш, уларни тутиб олиш каби ишлар ниҳоятда отни чоптириш, тезлик билан кетаётган отнинг устида турли машқларни бажариш учун эпчил, бақувват бўлиш ва тез ҳаракат қилиш зарур бўлган. Бундай хусусиятларни ривожлантириш учун эса, доимий тарзда спорт мусобақаларини ўйнаб, чиниқиш талаб этилган. Юқоридаги фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, улоқ-кўпкари, пойга каби ўйинлар турли от ўйин ва машқларининг натижаси ўлароқ вужудга келган бўлиши керак.

Айниқса, Марказий Осиё халқларининг от ўйинлари ўз хусусияти билан алоҳида ажралиб туради. Фарғона водийсидаги оммавий халқ ўйинларидан от билан боғлиқ ўйин ва мусобақалар ўзгачадир.

Тарих отаси Ҳеродот: «Массагетлар ўта мағрур ва жасур ҳарбийлар бўлиб, улар кўчманчилик тарзида яшайдилар … Улар дунёдаги энг яхши отларга эга бўлиб, уларнинг қўшнилари ҳеч қачон бундай отларга эриша олмаганлар … – деб ёзган эди. Рим ва Хитой йилномачилари ҳам Ҳеродот фикрига яқин мулоҳазаларни билдиришиб, «самовий отлар» тўғрисида ёзишади.

Шунинг учун Хоразмдаги Қўйқирилганқалъа ёдгорлигидан топилган сополдан ясалган хум (фляга) нинг бир томонига от чоптириб кетаётган массагетнинг найза билан қандайдир ҳайвонга ҳамласи тасвирланган бўлса (сопол парчаси тўлиқ эмас), иккинчи хумда қанотли самовий отнинг тасвири туширилган.

Худди шундай тасвирлар, яъни отни чоптириб кетаётиб шер, кийик, қоплон каби ҳайвонларни ўлдириш, уларга ҳужум қилиш каби саҳналарни илк ва ривожланган ўрта аср тасвирий санъат асарларида кўплаб учратиш мумкин.

Маълумотларга қараганда бизнинг қадимий аждодларимиз ўзларининг турмуш тарзларидан, хўжалик ҳаётидан келиб чиққан ҳолда йилқичиликка ва у билан боғлиқ урф-одатларга асос солиб, ривожлантириб борганлар.

Ҳатто С.Фирсовнинг маълумотларига кўра «… туркий халқлар ислом динига қадар отларни ҳам муқаддас санаб, ўз уйлари ва ўтовларининг эшиги устига отнинг бош суякларини илиб қўйган. Бу суяк оилани барча ёмон иллатлардан, ёвузликлардан сақлаб турган ва шу бош суяк олдида қасамёд қилганлар». Шу ўринда айтиш жоизки, халқ оғзаки ижодида, айниқса, эртакларда отлар қаҳрамоннинг ёрдамчиси сифатида талқин этилади.

«Ўзбек достонларида от образи баъзан бош қаҳрамон даражасига кўтарилади – деган эди Х. Зарипов, – қаҳрамон туғилган кун унинг бўлғуси йўлдоши – жанговар оти ҳам туғилади».

«Қопланди ботир» эпосида «ботир ва унинг отининг жони бир бўлар» деган нақл келтирилган.

Бу мисоллар отнинг инсон ҳаётида тутган ўрни нақадар муҳим эканлигини кўрсатади. Зотан чавандозлик санъатини туркий халқлар сингари бирор бир халқ маромига етказа олмайди. 1988 йил Истамбулда чоп этилган профессор, доктор Баҳояддин Ўғил асаридаги «Достонларда от мусобақаси» бўлимида қуйидаги қимматли маълумотлар берилади. Мусобақа бир жанг саҳнаси каби тушунтирилади.

«Бир турк мифологиясида мусобақа олдидан отларни ва чавандозларни рўйхатга олиш қайд этилади. Чавандоз от мусобақаси – синчи (ҳакам)га учрайди. От мусобақаси пойга (югуриш), от устида кураш усулида 15 кунгача давом этган. Ўн еттинчи куни рўйхатга олинган ҳамма чавандоз ўз отини синчи (ҳакам) олдидан олиб ўтган. Отнинг ҳолатига қараб ғолиб аниқланган. Манасни машҳур қилган нарса от устида кураш бўлган, чунки кофирга қарши ҳар бир кураш жанг каби шиддатли кечган» деб таъкидлайди.

Ушбу асарда «жангдан олдин от мусобақалари» қисмида «Манасхон ва Кўхчахон жанг учун тўқнашганларида илк аввал икки армия (қўшин) ўртасида жанг олдидан от мусобақаси бошлашиб, ойларча давом этган. Масалан: Манасхон ва қашқарлик Бокбурди қўшини ўртасида уч ой мусобақа бўлган, лекин якунига етилмаган. Манас билан Олмамбий учрашганда зиёфатлар қилинади ва от мусобақалари ўтказилган. Ундан сўнг ҳар иккиси Манаснинг онасининг кўкрагидан эмиб ака-ука бўладилар».

«От мусобақалари тарихнинг ҳар бир даврида ва турк жамиятида (Ўрта Осиёда Турк хоқонлиги даври назарда тутилмоқда) кўрилган бир одат-анъана бор, бу учқур ва бақувват отлар танлашдир. Турк ҳоқонлиги даврида шимол туркларида, қирғизларда от кураши, пойга ёки улоқ йўли билан танлаб олинган. Ҳар ҳолда бу анъана кўктурк маданий ҳаётида ҳам учрайди. Турк ҳоқонлигида бир йилда икки марта баҳор ва кузда қурултой (жуй деб аталган) ўтказилган. Бунда мавжуд ҳайвонлар ва инсонлар саноғи ҳисобдан ўтказилган. От мусобақаси ва ўқ отиш мусобақалари ўтказилган ва давлатнинг кучи шу орқали кўрсатилган». Ҳатто ватанимиз тарихининг қадимий ёзма манбаси бўлган Авестода чавандоз сўзининг келиб чиқиши тўғрисида шундай маълумотлар бор, яъни «Тарихда қора тулпорни жиловлаган Сиёвуш тимсоли «Аспа-барак» номи билан машҳурдир. Бу қадимги хоразм тилида отлиқ чавандоз деган маънони беради». Шу билан бирга «Авесто»да қуёш худоси Митрага бағишланган қасидада «тўрт оппоқ тулпор абадий ва учқур арғумоқни» аравага қўшилгани, араваларнинг тузилиши ҳам тасвирланган. Амударёдан топилган, эрамиздан аввалги VI-V асрларга тегишли хазинада худди мана шу сўзларнинг иллюстрацияси эса «Авесто»даги воқеанинг тасвирланишидир.

Қадимий тарихий манбаларимиздан яна бири «Алпомиш» достонида, чавандозлик санъати, «Бойчибор» орқали отлар тавсифи, оммавий томошалар, пойга, улоқ-кўпкари жуда тушунарли тарзда баён қилинган. Қолаверса ёзма манбаларда Марказий Осиё халқлари орасида фарзандларини уч ёшидан от минишга ўргатишларининг ўзи бу ерда чавандозлик қай даражада кўтарилганлигини кўрсатади. Бу ҳақда IX асрда яшаб ўтган араб муаррихи ал-Жахиз келтирган маълумотлар аҳамиятга моликдир.

«У (турк) от устида юришдан сира чарчамайди. Турк ёввойи ҳайвонларга, қушларга, ўргатиб нишонларга, ҳаракатсиз нарсаларга, йиртқич ҳайвон ва қушларнинг ясама нусхаларига қарата ўқ отиб машқлар ўтказади. У отни бор кучи билан чоптириб келаётганда ортга, олдинга, ўнгга, чапга, юқорига ва пастга қарата камондан ҳеч қийноқсиз ўқ узиши мумкин … Турк бир вақтнинг ўзида ҳам чўпон, ҳам от боқувчи, ҳам чавандоз, от билан савдо қилувчи, ҳам уларни даволовчидир…».

Чавандозлик халқимизнинг узоқ ўтмишига бориб тақалади ва халқимиз чавандозларни доим улуғлаб келган. Туркларнинг тарих майдонига жаҳон ҳокимияти мафкураси билан чиқишларидаги дастлабки омил маънавий эмас, балки аскарий қувват эди. Моддий соҳада кўзга ташланган аввалий унсур – от. Дарҳақиқат, отдан биринчи бўлиб жанг воситаси сифатида фойдаланиш ва ўқчи суворий қўшинларини вужудга келтириш Ўрта Осиё воҳаларидаги туркларнинг ижодидир. Шундан кейин уларнинг ҳарбий устунликлари ҳам тўла таъминланган. Дарҳақиқат, турклар биринчи бўлиб эгар жабдуқ, узанги ва тизгин каби анжомларни кашф этганлар. Шу билан бирга суворий учун мўлжалланган чолвор, белбоғ ва оёқ кийимининг ижод этилиши ҳам турклар билан боғлиқ. Шу пайтга келиб узун қиличдан фойдаланганлар. Кўринадики от ва қурол туркларнинг қўшин қувватини орттириб, дунё ҳокимияти даъвосига доҳил этган. Бу даврда чинлар отни аравага қўша олишган. Бироқ туркларнинг отлиқ суворийлари, тезкор ҳужумлари қаршисида чорасиз қолишган. Улар ўзларининг кенг кийим-бошлари ва калта қиличларидан воз кечиб, турклардан от минишни, узун қиличдан фойдаланишни ҳамда эгар-жабдуқ, жанговар кийимлар ясашни ўрганиб олганлар. Оврўпаликлар ҳам от минишни фақат хунларнинг истилоси шарофати билангина ўзлаштирганлар…

…Хунлар давридан бошлаб, яъни онасининг ҳимоясидан чиқиб ўзи оёқда тура оладиган бўлганидан эътиборан турклар умрларини от устида кечирганлар. Зеро, улар от устида овқатланишар, қимиз ичишар, машварат ўтказишар, ниҳоят жангу-жадаллар қилишарди. …Шунинг учун ҳам ўрта асрлар манбалари уларни: «Довулдек бирдан пайдо бўлиб, қуш каби зумда кўздан йўқолади» дея тасвирлашган. Турклар ҳаётида муҳим мавқега эга бўлган отлар ҳақида тарих ва достонларда, ўрхун ёзувлари-ю турли ривоятларда маълумот олиш мумкин. Уларга мувофиқ хунлар ва кўк-турклар отни муқаддас ҳисоблашган. Ҳатто ҳоқон ва қаҳрамонлар сингари борлиқ дея қабул этишган. Чунончи, VI асрда кўк-турк ҳоқонининг ўз мактубида: «Сизга илоҳий илдизли отлар тақдим этамиз» деб ёзиши ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди. Ҳорижий ҳукмдорларга юбориладиган энг қимматли ҳадя ҳам одатда от эди».

Шу ўринда айтиш жоизки, туркий халқларнинг ушбу одати бўйича Республикамиз Президенти Ислом Каримовга Қозоғистон ва Туркманистон президентлари ҳурмат ва дўстлик рамзи сифатида от совға қилганлиги ҳам бежиз эмас, албатта.

«…Турклар ислом динини қабул қилганларидан кейин ўзлари билан бирга от маданиятини ҳам Яқин Шарққа келтирадилар. Исломнинг дастлабки даврида «Турк оти» жуда машҳур бўлган. Ҳатто, …тарбияланган отларнинг донғи бутун дунёга таралиб, араб отларидан устун ҳисобланганлари учун ҳар бирига минг олтин динор тўлашган. Турк от маданияти билан бирга иғдиғ (бичиш – тарж.) ёлғиз (қоратўриқ – тарж.) улоқ, ём, ёмчи, йилқи каби сўзлар араб ва форс тилларига ўтган».

Мазкур маълумотлардан шу нарсани англаш мумкинки, туркий қабилалар деҳқончилик-чорвачилик хўжалиги асосида иқтисодий кучга, хусусан, йилқичилик орқасидан юксак ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, маълумотлар от билан боғлиқ ўйин ва мусобақаларнинг тарихий илдизларини келиб чиқишини мифологик қарашлар билан боғлаб ўрганиш имконини беради.

От билан боғлиқ халқ ўйинлари қадим замонлардан таркиб топиб тарқалган бўлиб, даврлар ўтиши билан аждодлардан авлодларга такомиллашиб, сайқаллашиб ўтиб келган. Ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишдаги қатъий қоида ҳамда меъёрлар, удумларнинг давомийлиги миллатидан қаъий назар халқларни бир-бирига яқинлаштириш, уюштириш, қуда-андачилик, қариндошлик муносабатларига тамал тоши қўйиш каби, хайрли ишларга йўл очувчи омил сифатида ҳам намоён бўлади.

С. Йўлдошев, И. Раҳимов ФарДУ,

М. Орзиев БухДУ.

You must be logged in to post a comment Login