«FARG`ONAAZOT» — кучли рақобат тамойилида

«Farg`onaazot» очиқ акциядорлик жамияти мустақиллик йилларида илғор технологияларга асосланган, барча ишлаб чиқариш жараёнлари юксак автоматика воситалари билан бошқариладиган замонавий йирик кимё корхонасига айланди.

Бозор иқтисодиёти шароитида ўз маҳсулотларини экспорт қиладиган ҳар бир саноат корхонаси кучли рақобат ва халкаро бизнеснинг ўзгарувчан талабларига мос ҳолда маҳсулот сифатини яхшилаш, таннарх ҳаражатларини камайтириш, илғор технологияларни жорий килиш ва ишчи-мутахассислар малакасини жаҳон стандартлари талабларига мувофик ошира бориш каби ўта муҳим ва мураккаб вазифаларни бажариш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади. Бу муаммолар «Farg`onaazot» очиқ акциядорлик жамиятида муваффақият билан бажарилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимиз раҳбари Ислом Каримов мамлакат иқтисодиётининг асосий соҳаларидан бири бўлган кимё саноатини зудлик билан ривожлантириш ҳақида кетма-кет бир неча қарорлар қабул қилди.

Президент ва ҳукумат қарорларига жавобан «Farg`onaazot» ишлаб чиқариш бирлашмасида ҳам асосий ишлаб чиқариш цехларини янгилаш, модернизациялаш ишлари бошланди.

1997 йилда фаолияти тўхтатилган ХМД ишлаб чиқариш цехини реконструкция қилиш ва янгидан қуриб битказиш учун Франциянинг «Кребс Спейшим» фирмаси билан шартнома тузилди. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари 1999 йилда бошланди ва 2002 йилда Франциянинг «Текнип эл-cи-ай» компанияси томонидан етказиб берилган технология комплекси ва жиҳозлари ўрнатилиб, ишлаб чиқаришни автоматик тизим билан бошқарувчи ягона агрегат системаси ишга туширилди.

1998 йилда АС-72М аммиакли селитра ва АК-72М суюқ азот кислотаси ишлаб чиқариш цехини қуриш учун Чехиянинг «МБНС» фирмаси билан шартнома тузилди. Лойиҳада йилига 450 минг тонна аммиакли селитра ва 360 минг тонна концентрланмаган суюқ азот кислотаси ишлаб чиқариш кўзда тутилган эди.

2003 йилда энг илғор технологияга асосланган, экологик соф аммиакли селитра ва концентрланмаган азот кислотаси ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишга топширилди.

Ҳозирги кунда цех янада такомиллашди, янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. 2009 йилдан бошлаб КАС- карбамидаммиакли селитра, АФУ – аммиакли фосфорли ўғит каби янги турдаги ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда.

Мустақиллик йилларида «Farg`onaazot» очиқ акциядорлик жамиятида амалга оширилган катта лойиҳалардан яна бири АМ-76 кўп тоннали катта агрегатни капитал таъмирлаш элементлари билан реконструкциялаш лойиҳасидир. Лойиҳа 2009-2010 йилларда амалга оширилди.

Реконструкциядан эришилган натижа қуйидагича: аммиак ишлаб чиқариш ҳажми бир суткада 1280 тоннага етказилди. Реконструкциядан олдин бир суткада 900 тонна аммиак ишлаб чиқарилар эди. Шу билан бирга табиий газ, электр энергияси сарфи сезиларли даражада камайишига эришилди.

Мустақиллик йилларида корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини модернизациялаш билан бир қаторда халк истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳам кенг йўлга қўйилди. Мебель елимлари, сув-эмулсия бўёғи, резина бетон мастикаси, 18 фоизли аммиак суви, суюқ углекислота, қуруқ муз, газсимон кислород, полиэтилен пакетларга қадоқланган карбамид, микрокристалли целлюлоза, истеъмол содаси, полиэтилен қоплари ишлаб чиқариш цехи ва бошқалар шулар жумласидандир.

Экологик хавфсизлик, атроф муҳитни муҳофаза қилиш «Farg`onaazot» ОАЖ фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

Мустақиллик йилларида заводнинг ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳам интенсив ривожлантирилди.

Марказий кимё лабораторияси, техник назорат бўлими, жиҳозларни таъмирлаш цехлари, ишлаб чиқариш цехларини тозаланган сув, азот билан таъминлаш цехлари, назорат ўлчов асбоблари ва автоматика цехи, бош приборсоз, бош энергетик, бош механик бўлимлари, буғ-қозон, автотранспорт, темир йўл цехлари, қурилиш-таъмирлаш цехи, хўжалик цехи ва бошқа бўлимлар юқори малакали кадрлар ва жиҳозлар билан таъминланган.

Мустақиллик йилларида, айниқса, ижтимоий инфратузилмага катта аҳамият берилмоқда.

Ишчи ва хизматчиларнинг иш жойларида овқатланиши, дам олиши, ювиниши учун зарур шароитлар яратилган. Шаҳар мавзеларидан ва атрофдаги қишлоқлардан ишчиларни иш жойига олиб келиш ва ишдан кейин қайтиш жойларига ташиш учун махсус замонавий автобуслар ажратилган.

Жамият қошида фаолият юритаётган замонавий тиббиёт техникаси ва юқори малакали шифокорлар билан мукамалланган даволаш-диагностика цехи ва реабилитация маркази ходимлар саломатлигини яхшилаш учун тиббий хизмат кўрсатади.

«Кимёгар» маданият саройида эса ҳар байрам арафасида қизиқарли рақс ва ашула кечалари, концертлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкилланади. Буларнинг ҳаммаси корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятини яхшилаш учун хизмат қилади.

Ш.АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login