ПАҲЛАВОН КОРХОНА

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёдаги йирик саноат корхонаси сифатида ўз ўрни ва алоҳида салоҳиятга эга.

Мустақиллик йилларида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳам энг юксак талаблар ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган илғор технологиялар асосида барқарор ривожланишга юз тутди.

1991-1993 йилларда нефт маҳсулотларининг янги турларини ўзлаштириш дастури бўйича 15 та янги маҳсулотни ишлаб чиқариш технологияси ишлаб чиқилди. Кичик авиация учун Б-92 автобензини, трансмиссион мой, «Нефрас» бензин эритгичи, трубина мойи, тепловоз двигателлари учун мотр мойи, компрессор мойи шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Ферсол» пластик ёғлар ишлаб чиқарувчи қурилма қурилиши ниҳоясига етказилди. Техник шамнинг янги тури ишлаб чиқарила бошланди.

Ўзбекистон ва Америка ҳамкорлигида ташкил этилган «Тексако» қўшма корхонасининг ишга туширилганини ва у тез орада ўзининг ижобий самарасини бера бошлаганини таъкидламоқ керак. Бу ерда «Жигули» автомобиллари учун мотор мойи ишлаб чиқарилиш йўлга қўйилди. Шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллийлаштириш дастурига биноан океан орти мамлакати билан яна бир ўзаро шерикчиликда бунёд этилган «Фармой» қўшма корхонаси ҳам кўзланган мақсадга эришиш ҳамда харидоргир, рақобатбардош, яъни экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини яратди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил12 ноябрдаги 397-сонли «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш тўғрисида»ги қарорига биноан кенг қамровли реконструкция амалга оширилиши натижасида эски қурилмалар қайта қурилиб, янги қурилмалар бунёдга келди. Ишлаб чиқариш технологиясида туб бурилиш ясалди. Нефт маҳсулотлари сифатини яхшилаш билан уларнинг турлари кўпайди.

2000 йилда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси ишлаб чиқариладиган ГДС қурилмаси фойдаланишга топширилди. Шунинг билан бир қаторда, мавжуд қурилмалар ва уларнинг блоклари қайта қурилди, янгиланди. Нефт маҳсулотларини автоматик равишда вагон цистерналарига аниқ қуйиб берадиган станция фойдаланишга берилди.

2006 йилнинг май ойида эса ГФУ – газларни фракцияларга ажратиш қурилмаси ишга туширилиши натижасида биринчидан, нефтларни қайта ишлаш чуқурлаштирилди, иккинчидан, атмосферага чиқариб юборилаётган газлар суюлтирилиб, ундан суюлтирилган ва автомобиллар учун газ ишлаб чиқарила бошланди. Қурилма мажмуасини бунёд этишга сарфланган маблағ заводнинг соф даромади ҳисобидан қопланди. Бундан ташқари, ГФУ қурилмасида толуол фракциясини олиш имконига эришилди.

Қўлга киритилаётган муваффақиятларда, албатта завод тасарруфидаги Олтиариқ ёнилғи ишлаб чиқариш бўлими, «Ангрен-Поп» терминали, Ангрен ва Олтиариқ автомобил-транспорт корхоналарининг ҳам алоҳида улушлари бор.

Заводда нафақат ишлаб чиқариш, балки, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, қулай меҳнат шароитлари яратиб бериш, илғор ишчиларни рағбатлантириш, фахрийларимизни, хотин-қизларни ва ёш кадрларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган ва ногирон фарзанди бор оилаларга хайр-саховат кўрсатиш, маҳалла ва корхона ҳамкорлигини шакллантириш борасида ҳам ибратли ва оммалаштиршга арзигули ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтиш ўринлидир.

2005 йил 25 август. Бу кун Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тарихидаги унутилмас санадир. Мамлакатимиз Президентининг Фармони билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги узоқ йиллик қаҳрамонона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва халқпарварлик руҳида, ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун 1-цех механиги Ботир Даминович Темиров «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон нефт-газ саноати бошқарув тизимига ISО 9001 ва ОHSAS 18001 халқаро стандартларини жорий қилиш энг илғор соҳа саналади. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 17 йиллиги арафасида Ўзбекистоннинг етакчи маслаҳатчилари ҳисобланмиш SMS «Сустемс» (Sustems) ва MS «Консулт» (Cоnsult) компаниялари томонидан нефт-газ саноатининг йирик корхонаси—Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида соғлиқни ҳимоялаш ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги тизимларини ОHSAS 18001:2007 ҳамда экологик менежмент тизимини ISО 14001 стандартлари бўйича биринчи аккредитланган сертификатлаш аудит якунларига кўра, Марказий Осиёдаги нефтни қайта ишловчи энг йирик корхонамиз ОHSAS 18001:2007 ва ISО 14001 халқаро стандартларига тўла жавоб берди.

Ишлаб чиқариш хавфсизлиги ва атроф муҳит муҳофазаси масалаларининг нефтни қайта ишлаш корхоналари учун мураккаб эканлигига қарамай, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича стратегик қарор қабул қилди ва нуфузли аудиторлар хулосасига асосан, Германиянинг аккредитациялаш бўйича органи – TGA (DAR) томонидан аккредитланган (расмий тан олинган) сертификатга эга бўлди.

Ш.АСЛОНОВ.

You must be logged in to post a comment Login