СЎҒД ВА ФАРҒОНАНИНГ ҚАДИМГИ ТАРИХИ ВА МАДАНИЙ АЛОҚАЛАРИ

Фарғона водийси ўзининг табиий-географик шароитидан келиб чиқиб, тарихий тараққиётда қўшни ҳудудларнинг моддий маданиятидан фарқини анча катта эканлиги доимо сезилиб туради. Шунинг учун жуда кўплаб қадимшунослар Фарғонанинг қадимги давр қатламларини моддий маданияти тўғрисида ёзганларида уни кўпинча ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор беришади.

Лекин табиий географик шароит бутун бошли водий аҳлини бошқа халқлар билан бўладиган хўжалик ва маданий алоқаларига тўсиқ бўлаолмаган. Масалан, Фарғонанинг энеолит ёки илк бронза даври ёдгорлиги ҳисобланган Сўх топилмаси ғарбий Эроннинг Жирофта ёдгорлигидан, Икки дарё оралиғидаги Хаваж ёдгорлигидан топилган топилмаларнинг айнан ўзгинасидир. Бундан шундай хулоса келиб чиқади-ки, ўша энеолит ёки илк бронза даврида ҳам одамлар бир-бирлари билан жуда яқин алоқада бўлганлар. Агарда икки ўртадаги алоқалар бир-бирларига яқин бўлмаганда эди, уларнинг диний-илоҳий ва маданий тушунчалари турлича бўлиши керак эди.

Илк темир давридан фақат Суғд билан Фарғона ўртасидагина эмас, балки, анча кенг ҳудудларда – шарқда Шарқий Туркистондан, ғарбда жанубий Туркманистон, шимолий Эрон ва Каспий бўйларигача бўлган ҳудудларда бир хил маданият тарқалганлигини ва бу маданиятни жуда кенг минтақаларда тарқалганлиги учун уни ўрганган олим Ю.А.Заднепровский бу ўхшашликни сезиб «Чустская этно-культурная общность»-Чуст этник-маданий бирлиги (умумийлиги) деб атади. Чунки чуст маданиятини ташкил этган аҳолининг турмуш тарзи, ишлаб-чиқариш усуллари, хўжалик-маданий анъаналари ва диний-илоҳий тушунчалари ҳудудлардаги маданий тараққиётни умумлашишига олиб келди.

Бу даврдаги жамият тараққиётининг даражаси ҳали у қадар тараққий этмаганлиги “Авесто”да келтирилган бўлса, археологик маълумотлар бу манбаларни тўлиқ тасдиқламоқда. Жумладан, “чуст этник-маданий бирлиги” даврида (мил. ил. X-VIII асрларда) ҳали биронта ҳам шаҳарнинг йўқлиги, тараққий этган ҳунармандчилик маҳсулотларининг (масалан, кулолчилик чархида тайёрланган сополни, ёки темирдан ясалган қуролларни) йўқлиги, “Авесто жамиятини” милоддан илгариги X-VIII асрлардаги Ўрта Осиё дарё воҳаларида шаклланган жамият билан таққослаш имкониятини беради.

Чуст маданиятидан кейинги даврдаги тарихий тараққиётда кескин ўзгаришлар рўй берди. Жанубий ҳудудларда Қадимги Бақтрия ва Қадимги Хоразм давлатларининг ташкил топганлиги тўғрисида хабар бор.

Бу даврда, яъни, милоддан илгариги VII асрлардан бошлаб Бақтрия ҳудудида кулолчилик чархида ясалган цилиндро-конус, лаб қисмини кесмаси илгаксимон шаклдаги идишларнинг кенг тарқалганлигини кўриш мумкин. Аммо Суғд ҳудудида лабини кесмасида илгаксимон профилли идишлар мутлақо учрамайди. Шу билан биргаликда — қўлда кулолчилик буюмларни тайёрлаш анъанаси Бақтрия ҳудудида камроқ, Суғд ҳудудида эса, анчагина кўпроқ эди ва бу анъана кейинроқ ҳам давом этди.

Фарғона водийсида милоддан илгариги VII асрлардаги ҳолат мутлақо бошқача эди. Жануб ва жануби-ғарбий ҳудудларда бошланган урбанизация жараёнларини Фарғона водийсига таъсири умуман билинмади. Бу ҳудудларда чуст маданияти давридагидай одамлар ертўла, ярим ертўла, чайла типидаги уйларда яшашар, йирик аҳоли масканларини атрофлари монолит тарзидаги, гувалак, пахса ва лўмбоз усуллари билан кўтарилган мудофаа деворлари билан ўраб олинган эди.

Икки ҳудудни бир-бири билан таққослаганда энг объектив баҳони кулолчилик буюмлари беради. Айнан Эйлатон-Оқтом даври кулолчилик буюмлари ҳар икки ҳудудда, яъни Суғдда ҳам Фарғонада ҳам жуда кўплаб ўхшаш томонлари борлигини кўрсатади. Ҳар икки ҳудуддаги маданиятни ниҳоятда яқинлигини остки қисми думалоқ қилиб ишланган кичик ҳажмдаги косалар ташкил этади. Аслида бу идишларни энг қадимги шакллари чуст даврида кенг тарқалган бўлиб, анъанавий тарзда эйлатон даврида ҳам ишлаб чиқарилган. Ҳар икки ҳудудни бир-бирига яқинлигини кўрсатадиган яна бир жиҳат – бу идишларнинг ташқи томонидан ранг билан бериладиган нақшнинг сақланиб қолганлигидир. Суғд ва Бақтрия ҳудудида бундай безаклар, яъни ранг билан нақш бериш милоддан илгариги VII-VI асрларда мутлақо учрамайди.

Тарихий тараққиётда бундай ҳолат бўлган эди. Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларидаги илк деҳқончилик маданияти тарқалган ҳудудларнинг энеолит даври жамоаларини Номозгоҳ I-III босқичларида тўлиқ қўлда ясалиб устидан жуда чиройли қилиб нақш берилган кулолчилик идишлари кенг тарқалган бўлиб, уларнинг ичида биронта ҳам кулолчилик чархида тайёрланган идишлар йўқ эди. Номозгоҳ-IV даврига келиб эса, кулолчилик чархида тайёрланган идишларнинг пайдо бўлганлигини ва шу билан бирга бир қисм идишлар кулолчилик чархида, яна бошқа қисми қўлда тайёрланганлиги маълум. Номозгоҳ V-VI даврларида эса, жамиятда тайёрланган идишларининг деярли барчаси кулолчилик чархида тайёрланади, ҳамда идишларнинг ташқи томонидан рангда нақш бериш мутлақо тугайди. Чунки, кулолчилик чархида тайёрланган идишларнинг кўриниши нақши бўлмаса ҳам, шакл жиҳатдан тугалланган, айниқса, уларнинг кесмасидаги кўриниши жуда яхши эди.

Эйлатон-Оқтом даври археологик материаллари кенгроқ ўрганилганда шу нарса маълум бўлади-ки, бу даврда водий аҳолисининг бир қисм аҳолиси чорвадор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам асосий йирик воҳаларнинг марказларида битта-иккита ёдгорлик сақланиб қолган бўлса ҳам, қолганлари чорвадор аҳолининг мозор-қўрғонлари эканлиги маълум.

Бундан шу нарса келиб чиқади-ки, милоддан илгариги VII-VI асрларда ҳам Суғд ҳудуди таркибий жиҳатдан “Бақтрия-Марғиёна этно-маданий бирлиги” таркибида эди, сиёсий жиҳатдан эса, мустақил Суғд давлатини ташкил этганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бироз кейингироқ даврларни кўрадиган бўлсак, Бақтрия-Марғиёна ҳудуди, шу жумладан, Суғд ҳам аҳамонийлар томонидан тўлиқ босиб олинади ва натижада илгариги ҳар икки ҳудуд орасидаги анъанавий алоқалар узилади. Шунинг учун бу даврга оид Фарғона материаллари кўрилганда уларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандай кўринади. Чунки, аҳамонийлар ўзларининг давлатини чегарасини энг шимоли-шарқий чеккадаги Яксарт дарёси бўйига қуришиб, ўзларининг империясини асосчиларидан бирининг номи билан “Киропол” деб аташади. Бу шаҳарнинг харобасини археологларнинг аксарият қисми ҳозирги Ховос яқинидаги Нуртепа ёдгорлиги билан қиёслашади, лекин “қадимги шаҳарни Тожикистон ҳудудидаги Ўратепа яқинидаги Курткада харобаларидан излаш керак” деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Бу шаҳарни ўрни қаерда бўлишидан қатъий назар уни водийга кираверишдаги Сирдарёнинг бўйидалиги аниқ. Лекин, Суғднинг аҳамонийлар империясига қўшиб олиниши билан бу ҳудуднинг Фарғона водийси аҳолиси билан алоқалари бир неча асрга узилади. Фарғона водийсидаги моддий маданиятни эски анъаналарда қолганлиги бунга гувоҳлик беради.

Эрон армияси билан Александр қўшинлари ўртасидаги жанг тугаб Аҳамонийлар империяси тўлиқ ғалаба қилгандан кейин Амударёнинг ўнг қисмидаги Бақтрия, Марғиёна ва Суғд ҳудудлари ҳам тўлиқ Александр тузган империя ихтиёрига ўтади. Эндиликда Сирдарё бўйигача бўлган ерларда эллинистик маданият тарқай бошлаганлигини кўрамиз. Ҳамма гап шунда-ки, айнан эллинистик маданият тарқай бошлагандан кейин фақат Суғд ҳудудида тарқалган идишларгина эмас, балки Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларида тарқалган идишлар ҳам Фарғона комплексларида кенг тарқай бошлайди.

Александр тузган империя, Селевкийлар давлати ва Грек-Бақтрия давлатлари билан алмашди, лекин бу империя ҳудудидаги халқлар жуда йирик, жуда катта ҳудудларни қамраб олган эллинистик маданият орбитасига кирдилар.

А. Алохунов, Э. Абдуллаев, ФарДУ.

You must be logged in to post a comment Login