Ўзбекистон ва Хитой стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтаонинг таклифига биноан расмий ташриф билан Хитойга келди.

Ташрифнинг иккинчи куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими билан бошланди, шундан сўнг Ислом Каримов ва Ху Цзинтао раҳбарлигида икки мамлакат делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида Ислом Каримов ва Ху Цзинтао Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, техникавий-иқтисодий ҳамкорлик, ветеринария, карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2012-2015-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти ХХР Давлат кенгаши Раиси Вен Сзябао, Давлат кенгаши Раисининг ўринбосари Ли Кецан билан ҳам учрашди.

Куннинг иккинчи ярмида Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлиси бошланди. Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси давлат раҳбарлари иштирокида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди. Унда ШҲТ олдида турган долзарб вазифаларни ҳал қилиш борасида ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

ШҲТ Саммити 7 июн куни ўз ишини давом эттиради.

ЎзА, Анвар Бобоев, Сарвар Ўрмонов (сурат), Пекин, 6 июн.


You must be logged in to post a comment Login