«ЧИРЧИҚҚИШМАШ»ДА «LACETTI» УЧУН БУТЛОВЧИ ҚИСМЛАР

Жанубий Кореянинг «AUSTEM» компанияси мутахассислари «Чирчиққишмаш» ОАЖнинг ишлаб чиқариш майдонида янги роботлаштирилган цехни ишга тушириш ишларини якунлади. Жанубий Корея мутахассислари томонидан ўтказилган ўқув-таълим ишларидан сўнг ходимлар янги авлод ускуналарида ишлаш учун тест синовларидан ўтказилади.

1 августдан бошлаб «Lacetti» автомобиллари учун икки боғламалар — олд томондаги балка (A1-FRT SUSP LHD1.8) ҳамда орқа томондаги балкаларни (A1-REAR SUSP 1.8) оммавий ишлаб чиқариш ишлари бошланади.

«Чирчиққишмаш» ОАЖ бошқарув раиси Зокиржон Абдуалимовнинг «БВВ»га берган хабарига кўра, 2012 йилнинг 4-чорагида асосий йиғиш конвеерида 10-12 мингта бутловчи қисм ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 2013 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бутловчи қисмларни 24 мингтадан 2015 йилга қадар 36 мингтага етказиш кўзланган, дея хабар беради Uzreport.com.

Мўлжалланган лойиҳа қиймати $4,1 млн.ни, хусусан корхонанинг шахсий маблағлари – 2 млрд. сўмни ташкил этади.

2014 йилда «Чирчиққишмаш» «Lacetti» автомобиллари учун қиймати 11,5-12 млрд. сўмлик эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни режалаштирган, дея маълум қилди З.Абдуалимов.

«Ўзавтосаноат» АК VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида берилган маълумотларига кўра, компаниянинг барча моделлари бўйича маҳаллийлаштириш даражаси 50% дан ошган.

20 та қўшма корхонада бамперлар, ўриндиқлар, лок-бўёқ маҳсулотлари, ёқилғи баклари, жгутлар, ойналар ва бошқаларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Асакадаги бош автозаводга бутловчи қисм ҳамда деталларни етказиб берувчиларнинг 98 тасидан 76 таси кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларидир.

Саноат кооперацияси доирасида 2012 йил учун қиймати 924 млрд. сўмлик шартномалар имзоланган бўлиб, бу ўтган йил билан таққослаганда 25% га кўп.

Айни пайтда Ўзбекистонда «Nexia», «Lacetti», «Malibu» енгил автомобиллари, «Matiz» ва «Spark» сиғими кам бўлган автомобиллар, «Captiva» автомобили ва «Damas» микроавтобуслари ишлаб чиқарилмоқда. «Ўзавтосаноат» АК прогнозларига кўра, жорий йилда 240 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилади. Улардан қарийб 150 мингтаси ички бозорда сотилса, 90 мингтаси экспортга жўнатилади. 2012 йилда миллий автосаноат ишлаб чиқариш ҳажмини 10 мингта автомобилга оширишни режалаштирган. Компания берган маълумотларга кўра, 2011 йили мамлакатда 230 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, улардан 145 мингтаси ички бозорда сотилган бўлса, 85 мингтаси экспортга жўнатилган.

You must be logged in to post a comment Login