“НЕФТЧИ”НИНГ МУҲИМ ҒАЛАБАСИ

Футбол бўйича Ўзбекистон ХХИ миллий чемпионати олий лигасида 3-турнинг қолдирилган учрашуви ўтказилди. Қаршида ўтган мазкур баҳсда “Насаф” футболчилари Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазди.

Жорий мавсумда чемпионлик учун курашаётган “Насаф” футболчилари шу пайтгача 18 очко жамғариб, мусобақа жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турган эди. Агар қаршилик чарм тўп усталари “Нефтчи” устидан зафар қучса, биринчи ўринга кўтариларди. Шу боис ғалаба илинжида тўп сурган “Насаф” вакиллари учун учрашув омадли бошланиб, рақиб дарвозаси еттинчи дақиқадаёқ ишғол қилинди. Иван Бошкович жамоадоши Шуҳрат Мирхолдиршоев томонидан оширилган тўпни “Нефтчи” дарвозасига жойлади.

Аммо гол ўтказиб юборган фарғоналиклар уч дақиқа ичида ҳисобни тенглаштирди. Отабек Исроилов “Насаф” ҳимоячиларини доғда қолдириб, жавоб тўпини киритди. Учрашув якунланиши арафасида “Нефтчи” футболчилари самарали ҳужум уюштириб, ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлди. Фарғоналикларга навбатдаги уч очкони келтирган гол Шерзод Ҳакимов ҳисобига ёзилди.

Сафардаги ғалабадан сўнг “Нефтчи” футболчилари очколари сонини 12 тага етказиб, бешинчи ўринга кўтарилди.

You must be logged in to post a comment Login