МАРКАЗИЙ ФАРҒОНАНИНГ ЯНГИ ТОШ ДАВРИ МАДАНИЯТИ

Фарғона водийси кишилик тарихи тош асри неолит даври жамоалари моддий маданиятини ўрганишда истиқболли ўлкадир. Марказий Фарғонадаги бу даврга оид дастлабки топилмалар 1958 йили Б.З. Гамбург ва Н.Г. Горбуновалар томонидан қуриган Дамкўл ва Марказий Фарғонанинг шимолий қисмларида топилган.

Улар томонидан аниқланган материаллар В.М. Массон ҳамда В.А.Рановларнинг асарларида ўз аксини топган. 1963 ва 1964 йилларда Марказий Фарғонада қидирув ишлари Ю.А.Заднепровский томонидан амалга оширилган. Натижада, Қорақалпоқ даштидан микролитоид кўринишга эга 21 та топилмажой аниқланди. Топилмалар Марказий Фарғонанинг жанубий, шарқий ва шимолий қисмларидан ҳам топилган. Ю.А.Заднепровский томонидан Марказий Фарғонадан аниқланган неолит даврига оид материаллар кейинги қатор йиллар мобайнида Г.Ф.Коробкова томонидан илмий жиҳатдан тўлиқ ва синчиклаб ўрганилган. 1965 йили Ў.И.Исломов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси археология институти экспедицияси томонидан 23 та топилмажой аниқланган. Кейинчалик Марказий Фарғонада Фарғона ва Россия археологик экспедициялари тадқиқот ишлари олиб борди. Бу изланишлар 1967, 1969, 1970 йилларда амалга оширилган.

Барча тадқиқотлар умумийлашган ҳолда Ў.И.Исломов ва В.И.Тимофеевларнинг қатор мақолалари ва монографиясида ўз аксини топган. Натижада, бу ердан 120 дан зиёд маконлар топиб ўрганилган. Марказий Фарғонанинг неолит даврига оид топилма жойлари қаторига Замбар 1-3 пунктлари, Янгиқадам 1-28, Дорозкўл, Тойпоқ 1-15, Узункўл 1-5, Янгисув, Гўртепа, Сигирчилик, Мадёр 1, 15, Дамкўл топилма жойлари ва бошқаларни киритиш мумкин. Адабиётларда Ҳисор маданиятининг тарқалиши нафақат Ғарбий Тожикистон, балки Олой водийси ва Тян-Шан ҳудудларига ҳам тарқалганлиги таъкидланган. Шубҳасиз бундай материаллар Фарғона водийсидан ҳам топилган. Шунинг билан бирга Фарғонанинг ўзида бошқаларга ўхшамайдиган чақмоқтошли индустриялар аниқланган. Марказий Фарғонадаги Қорақалпоқ чўли қадимда чўл ландшафтига эга бўлган неолит қабилаларининг маконлари кўллар бўйларида жойлашган. Марказий Фарғона неолити индустриялари микролит кўринишга эга бўлиб, қуроллари салмоғининг кўплиги билан Ўрта Осиёдаги барча неолит ёдгорликларидан фарқ қилади. Ҳатто уларнинг конуссимон ва қаламсимон нуклеуслари ўта миттилиги билан ажралиб туради. Кўплаб тош буюмлар орасида кўпинча бир қирраси вентрал томонидан берилган бир тарафли ретушланган микропарахалар учрайди. Бироқ материалларнинг табиий таъсирлар натижасида емирилиб кетганлиги уларнинг функционал хусусиятини аниқлаш имконини бермайди. Бундан ташқари, бу ерда келтирилган пластиналар, турли хил қирғиччалар, тешгичлар ва айрим баргсимон пойнаклар ҳам мавжуд. Бироқ Марказий Фарғона ёдгорликларининг биронтасида сопол буюмлар топилмаган.

Фарғона материалларининг ҳаддан ташқари ўзига хослиги ва ўта миттилиги уларни бошқа неолит комплекслари билан таққослаш имконини бермайди. Фақат айрим микролитларгина Калтаминор материалларига ўхшаб кетади. Эҳтимол, хронологик жиҳатдан ҳам улар бир-бирига яқин бўлиши мумкин. Шуни айтиш мумкинки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам дашт ва чўл ҳайвонларини ва ўша пайтлардаги суви кўпроқ кўлларда балиқ овлаш билан шуғилланган жамоалардир.

Марказий Фарғона неолити даври ёдгорликларида ёрқин ифодаланган микролитизм ва унинг маҳаллий Обишир маданиятидан ўсиб чиққанлигининг кузатилиши бу ердаги ёдгорликларни мезолитдан янги тош асрига ўтиш ёки илк неолит даври билан саналаш имконинини беради. Анча кейинги даврларга Шимолий Фарғонадаги айрим ёдгорликларгина хос бўлиши мумкин ва улар йирик пластиналар, неолитга тўла хос бўлган тош рандалари ва бошқа буюмлари билан ажралиб туради (Мадёр 3, 4 ва бошқалар). Айтиш жоизки, Обишир ва Марказий Фарғона маданиятларининг кейинги ривожи аниқ эмас, яъни унинг моддий қолдиқлари топилгани йўқ.

Шундай қилиб, голоцен даврида Марказий Фарғона ҳудудлари мезолитнинг иккинчи ярмида жануби-ғарбдан Сўх водийси бўйлаб кириб борган Обишир маданияти вакиллари томонидан эгалланган. Кўпроқ Марказий Фарғонанинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган 30 дан зиёд Обишир маданияти ёдгорликлари аниқланган. Янги тош даврига келиб Ўзбекистон ҳудудларида Калтаминор, Сазағон каби мустақил маданиятлар билан биргаликда ўзига хос бўлган Марказий Фарғона маданияти шаклланган.

С. Мирсоатова, И. Отабоев, ФарДУ.

Фарғона материалларининг ҳаддан ташқари ўзига хослиги ва ўта миттилиги уларни бошқа неолит комплекслари билан таққослаш имконини бермайди. Фақат айрим микролитларгина Калтаминор материалларига ўхшаб кетади. Эҳтимол, хронологик жиҳатдан ҳам улар бир-бирига яқин бўлиши мумкин. Шуни айтиш мумкинки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам дашт ва чўл ҳайвонларини ва ўша пайтлардаги суви кўпроқ кўлларда балиқ овлаш билан шуғилланган жамоалардир.

 

You must be logged in to post a comment Login