ФАРҒОНА ВОДИЙСИ АРХЕОЛОГИЯСИНИНГ АЙРИМ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ

XX асрнинг 70-80 йилларида Фарғона водийсини тош даври, қадимги ва ўрта асрлар тарихини ўрганиш бўйича анча самарали ишлар қилинди. Айниқса Сўх дарёсининг юқори оқимидаги Селунгур ғоридан 7-8 ёшлар чамасидаги боланинг елка суяги, калла суягининг бир қисми ва бир қанча олд тишларининг топилиши жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлди. Селунгур ғорида олиб борилган археологик ишларнинг асосий қисми мустақилликкача бўлган даврда амалга оширилган бўлса ҳам, топилган топилмаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уни кенг илмий жамоатчиликка етказиш мустақилликдан кейин амалга оширилди. Бу муаммо фақат водий тарихинигина эмас, балки бутун инсониятни келиб чиқиши ва уни ер юзи бўйича тарқалиши бўйича тарих фанидаги муҳим муаммолардан бири бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институти ходимларинигина эмас, балки Ботаника институти, Зоология институти, Ядро физикаси институтининг олимлари жалб этилиб, Селунгур топилмалари ҳар томонлама текширилди. Натижада бу топилмалар топилгунга қадар Тешиктош ғоридан топилган суякка қараб чиқарилган хулоса, яъни бу ҳудудлар илк одамлар томонидан бундан 80-100 минг йиллар илгари эмас, балки 1 миллион 200 минг йил илгари архантроплар томонидан эгалланганлиги аниқланди.

Бу олимлар томонидан чиқарилган яна бир хулоса Ўрта Осиё халқларининг аждодлари Олд Осиёдан келиб ўрнашиб қолган эмас, балки азалдан шу ернинг ўзида яшаб келаётганликлари тўғрисидаги хулоса чиқарилди.

Маълумки, жанубий Фарғонанинг энг қадимги тош даврларига оид маконлардан топилган тош қуролларига қараб туриб мутахассислар бу ёдгорликларни мустье даври билан даврлаганлар. Мустье даври билан Селунгур топилмаларини ўртасида деярли 1 миллион йил фарқ борлигини инобатга оладиган бўлсак, фақат жанубий Фарғонадагина эмас, балки бутун водийда археологик қидирув ишлари қониқарли даражада ўтказилмаганлигини тушуниб оламиз. Фарғона водийсида ҳозирги кунда маълум бўлган тош даври ёдгорликларини қидириб топиш бўйича қилинган ишларни асосий қисми ўтган асрнинг 50-60 йилларида олиб борилган ва бу қидирув ишлари ҳозирги кунги техник имкониятларидан келиб чиқадиган бўлсак ниҳоятда паст даражада ўтказилган.

Водийдаги анчагина тош даври қуролларини ва манзилгоҳларини 1953-1956 йиллари Фарғона ўлкашунослик музейининг ходими П.Т.Канопля томонидан топилган. Орадан кўп ўтмай А.П.Окладников томонидан ҳам разведка ишлари ўтказилди ва натижада бир қатор ёдгорликлар топилди.

Айнан 50 йилларнинг иккинчи ярми ва 60 йилларни биринчи ярмида бир қатор илгари маълум бўлмаган янги ёдгорликлар – Қапчиғай устахонаси, Қалача 1-5 манзилгоҳлари топилди. 1964 йилда Я.Ғ.Ғуломов бошчилигидаги археологик отряд Фарғона водийсида катта экспедиция уюштириб яна бир қатор янги ёдгорликлар топиб ўргандилар.

Кейинроқ У.И.Исломов бошчилигидаги экспедиция аъзолари Сўх водийсида ва Марказий Фарғонада мезолит даври (Обишир маданияти)га оид ёдгорликларни, неолит даври жамоалари манзилгоҳларини топиб ўргандилар.

Шундай қилиб, Фарғона водийсининг тош даври ёдгорликларини топиш ва уларни хариталаш бўйича амалга оширилган қидирув ишларини деярли асосий қисми ўтган асрнинг 50 – 60 йилларига тўғри келади. Шу билан биргаликда топилган барча тош даври ёдгорликлари Фарғона водийсининг жанубий ва марказий районларига тўғри келади. Водийнинг шимоли-шарқий ҳудудларида қадимги тош, ўрта тош даври бўйича ёдгорлик, ёки манзилгоҳларни борлиги тўғрисида бирон-бир маълумот йўқ. Бу нарса, водийнинг юқорида қайд этилган қисмида “одам яшамаган” деган гап эмас, балки бу ҳудудларда керакли даражада қидирув ишлари умуман ўтказилмаганлигини кўрсатади. Буни 2011 йилда ёш археологларнинг Қўқон шаҳри атрофида археологик қидирув ишларини ўтказиб янги тош даврига оид материалларни топганликларидан билиш мумкин. Шу йили иқтидорли палеолитшунос Б.Сайфуллаев Ғовасой воҳасида қидирув ишларини ўтказиб яна тош даврига оид янги манзилгоҳларни топишга муваффақ бўлди. Бу топилмаларни топилиши биз археологларни қидирув ишлари билан шу кунгача яхши шуғулланмаганлигимизни кўрсатади.

Фарғона водийси археологиясида яна бир бўшлиқ бўлиб, бу энеолит ва бронза даври археологик ёдгорликларининг йўқлигидир. Албатта бу даврда мазкур ҳудудда одамлар яшаган, лекин бу манзилгоҳлар археологик жиҳатдан топиб ўрганилмаган. Водийдаги бу даврда деҳқончилик маданияти бўлганлигини Сўх топилмаси, Афлотун ва Хок хазиналари тасдиқлаб турибди. Яқинда К.Абдуллаев томонидан Сўх топилмасига айнан ўхшаш топилмалар Эронда ва Ироқда борлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди. Бу нарса Фарғона водийсида ҳам сўнгги энеолит ва илк бронза давридаёқ илк деҳқончилик маданияти бўлганлигини тасдиқлайди. Биз буни Чуст маданияти сопол идишларини ясаш технологияси Зарафшон водийсининг юқори оқимидаги “Саразм маданияти”нинг сопол ясаш технологиясига ўхшаш эканлигини анча илгари айтган эдик.

Аммо бу даврга оид археологик ёдгорликларнинг йўқлиги Фарғона археологиясида муаммо бўлиб турибди. Бу давр археологик ёдгорликларини борлигини тасдиқлайдиган топилмалардан бирини яқинда Андижон вилоятининг шарқий қисмларидан тошдан ясалган “тарози тоши”ни эслатувчи топилма топилганлигини, шу билан бирга водийнинг шарқий қисми Қирғизистон ҳудудидан ҳам бронза даврига оид ёдгорлик топилганлигини Б.Матбобоев бизга маълум қилди. Юқоридагиларни ҳисобга олиб, бу даврларга оид археологик ёдгорликлар Фарғона водийсида бор ва улар кейинги давр аллювиал ётқизиқлари остида қолиб кетган бўлиши керак деб ўйлаймиз. Бу давр қатламларининг қолдиқларини қидириб топиш археологлар олдида турган долзарб муаммолардан ҳисобланади.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида водийнинг ҳар учта вилояти ҳудудида археологик ёдгорликларни мажмуасини тузиш бўйича қидирув ишлари ўтказилган, аммо бу қилинган ишлар бўйича яхлит монографик тўпламлар чоп этилган эмас. Шу билан бирга дала ишлари ўтказилган даврда техник имкониятлар албатта ҳозирги даражада эмас эди. Шунинг учун бутун водийнинг археологик обидаларини яна қайта кўриб чиқиш вақти келди ва бу ишларни ўтказиш жараёнида албатта асосий эътибор водий тарихини ўрганишда “оқ доғ” бўлиб турган, яъни ўша илк деҳқончилик маданияти пайдо бўлган даврларга оид ёдгорликларни қидириб топишга эътибор берилса яхши бўлар эди.

Фарғона водийси тарихи ва археологиясини ўрганишда яна бир долзарб муаммолардан бири бу асосий йирик стратиграфик объект ҳисобланган Ахсикент ёдгорлигида кўп йиллар мобайнида олиб борилган дала тадқиқотларининг якуний натижаларини чоп этилмаганлигидир. Фарғона водийси тарихини даврлаштиришда ўз даврининг йирик мутахассислари А.Н.Бернштам, Ю.А.Заднепровский, Н.Г.Горбунова ва Г.П.Ивановларнинг саъй-ҳаракатлари жуда катта роль ўйнаган. Айниқса Ю.А.Заднепровскийни даврлаштириш бўйича қилган иши ўз кучини ҳозирги пайтгача деярли йўқотгани йўқ. Унинг археологик маданиятларни бирин-кетин келган даврларга қўйиб чиқиши назаримда жуда аниқлик билан амалга оширилганга ўхшайди.

Аслида даврлаштириш бўйича амалга оширилган бундай ишни кўп қатламли вертикал стратиграфияга эга ёдгорликда амалга оширилса бундай даврлаштиришнинг қиммати ошади. Фарғонада ажратилган археологик комплекслар асосан горизонтал стратиграфиядан, алоҳида маданиятлардан –«чуст маданияти”, “Эйлатон маданияти” (Н.Г.Горбунова эйлатон-оқтом маданиятини ҳам ажратади), “Шурабашат маданияти” каби археологик комплекслар, амалда бирин-кетин келган тарихий даврлардан иборатдир. Чунки маданиятларни алмашиниши жараёни вертикал стратиграфияда яхши кузатилади.

Бундай вертикал стратиграфиядан иборат бўлган даврлаштиришлар Суғд, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларида яхши амалга оширилган. Шунинг учун Фарғона водийсини даврлаштиришда Яздепа, Кучуктепа, Қизилтепа, Ерқўрғон, Афросиёб, Кўктепа каби ёдгорликларнинг стратиграфияларидан фойдаланиш керак бўлади. Фақат Фарғонада илк темир даври кулолчилик идишларини ишлаб чиқариш тугагандан кейин аҳамонийлар даврига оид цилиндро – конус шаклидаги идишлар йўқ. Шунинг учун аҳамонийлар даврида ҳам кулолчилик идишларини ишлаб-чиқаришнинг “уй кулолчилиги” “Эйлатон маданияти” доирасида сақланиб қолди. Аммо, идишларнинг шакли, унга ранг бериш услублари мутлақо ўзгарди. Бироқ бу давр кулолчилигининг яна бир хусусияти шундан иборатки, унда Суғд кулолчилиги анъаналарини жанубий Фарғона кулолчилигида сақланганлигини кўриш мумкин. Айниқса, Фарғонанинг Суфон ва Кунгай мозор-қўрғонларидан ва Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги Тўрткўлтепа ёдгорлигининг қуйи қатламларидан топилган кулолчилик буюмларини бир-бирига солиштирилганда ҳар икки ҳудуд ўртасида жуда яхши иқтисодий алоқалар бўлганлигидан далолат берувчи белгилар яққол кўриниб турибди. Ҳатто бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга аҳоли кўчиб ўтиб, ўша ерда ўзининг кулолчилик идишларини ишлаб чиқарганга ўхшайди. Шундай экан, биз эйлатон маданиятини Суфон, Кунгай, Оқтом мозорларини даврини аниқлашда Суғднинг стратиграфик объектлари материалларидан фойдаланишимиз керак бўлади. Чунки, Фарғонанинг эйлатон даври материаллари орасида илк эллинизм даври сополлари ҳам бўлиб, улар жанубий ҳудудларнинг стратиграфик объектларида аниқ даврларга ажратилган. Шунда Фарғонанинг саклар даври деҳқончилик ва чорвадорлар маданиятларини ажратиш имконияти вужудга келади.

Фарғона археологиясининг яна бир кам ўрганилган муаммоларидан бири милодни биринчи асрларидан бошлаб Фарғона водийсидаги ўзига хос маданиятни тарқалганлигида кўриш мумкин. Бу даврда водийнинг жуда кўплаб кичик дарё воҳаларида турар-жой маконларини пайдо бўлганлигини, унинг моддий маданиятида қизил қора рангли қўйиқ ангоб берилиб, унинг устидан ўткир учли буюм ёрдамида тирнаб тўлқинсимон ва бошқа шаклларда нақш берилган жуда кўплаб сопол буюмлари учрайди. Аммо бу давр сопол буюмларини шакли жанубдаги сопол идишларни шаклидан буткул ўзгача. Бундан шу нарса кўринадики, бир томондан сопол идишларнинг ранги Кушонлар империяси ҳудудлари, жанубий ва шимолий Суғд ўлкаларига айнан ўхшаса ҳам, идишларнинг шакли улардан тубдан фарқ қилади.

Яқинда Риштондаги истироҳат боғи ҳудудида олиб борилаётган тупроқ ишлари пайтида кушонлар империяси билан Фарғона алоқаларини қай даражада эканлигини ёритишда муҳим манба бўладиган мис танга топилди. Бу тангани ФарДУ нинг I курс магистранти Содир Маҳмудов бизга келтириб бергандан кейин уни кушонлар даврининг Васудева тангаси эканлиги маълум бўлди. Бу тангани топилиши Фарғона тарихининг антик даври тарихини ёритишда, айниқса ўша даврдаги савдо – иқтисодий муносабатлар, Фарғонанинг Буюк ипак йўлида тутган ўрни масалаларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

М.Исомиддинов, ФарДУ.

You must be logged in to post a comment Login