ЛАГАНЛАРДА ҚУЁШ ЖИЛВАЛАНАДИ

Зокиржон Ғофуров ўз ишларида Қўқон мактабига хос бўлган услуб ва нақшлардан фойдаланиб, унга ижодий ёндашади ва ўзидан ҳам кўп нарса қўшишга ҳаракат қилади. Уста гўзаллик яратишда ҳунарини ишга солиб, ўз санъати ва маҳоратини шогирдларига астойдил ўргатмоқда.

Заркентлик 76 ёшли Маҳамадали Норалиев яхши ният ва меҳнатсеварлик билан ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш мумкинлигини шогирдлари ва харидорларга исботлаб берди. Бир куни у солиқ инспекциясига кириб келганида, ходимлар ҳурматли оқсоқол уларнинг идораларини «Нуроний» жам­ғармаси билан адаштириб юборган бўлса керак,  деб ўйлашганди. Лекин мўйсафид хусусий тадбиркорлик гувоҳномасини ҳужжатлаштириш учун келган экан. Солиқчилар унинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳужжатларини бажонидил ва самимийлик билан тўғрилаб беришди. Бугунги кунда Тошлоқдаги энг кекса тадбиркор етти нафар фарзанди билан тандир ясашади. Кичик оилавий ишлаб чиқариш муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Кўргазмаларда эса фаол қатнашиб мукофотларга сазовор бўлмоқда.

«Тўйтандир», «Сомсатандир», «Уйтандир»ларни Фар­ғона водийсининг турли бурчакларидан келиб олиб кетишмоқда.

– Заркент қишлоғи Буюк ипак йўлида бундан қарийб беш аср аввал пайдо бўлган, – ҳикоя қилади кўпни кўрган Маҳамадали Норалиев. – Бизнинг ота-боболаримиз ҳам лойдан ғаройиб буюмлар ясашган. Жарангдор кўзалар, лаганлар, ранг-баранг косалар дунёнинг кўплаб мамлакатларига етиб борган. Тоталитар даврда заркентлик ҳунармандлар иши маълум муддатга тўхтаб қолди. Мустақиллик туфайли халқ усталарининг қадимий ҳунарлари қайта тикланди.

Фарғона вилояти марказида яшовчи яна бир тадбиркор Тоҳиржон Ҳамдамов ҳам Норалиев сингари бизнеснинг машаққатли йўлини танлади. Бу ишга у ўзининг маблағлари билан бирга профессионал билими, бой иш тажрибасини йўллади. Бугунги кунда уста ишлаб чиқараётган сифатли пойабзаллар Чехия, Германия ва Италия фирмалари маҳсулотидан қолишмайди. Тадбиркор Ҳамдамовнинг қарийб йигирма турдаги пойабзалларига талаб ортиб бормоқда.

Бир неча йил аввал бағдодлик уста Мансур Ҳамидов ташаббусига кўпчилик ишончсизлик билан қараган эди. Лекин ишнинг кўзини билган тадбиркор майда гапларга эътибор қилмади. Истиқболли бизнесни йўлга қўйишда унга бой ҳаётий тажриба ёрдам берди. Устанинг омади келиб, ўша пайтда Ўзбекистон Президентининг маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги иккита фармони эълон қилинди. Ишлаб чиқаришга маҳаллий саноат коллежининг ўттиз нафар битирувчисини жалб қилди. Улар эчки юнгидан нафис ва пишиқ ип тайёрлаб, қадимги усталар қўлланмаси бўйича ранг беришмоқда. Бу иплардан тўқилган турли шарфлар, болалар комплектлари, нимчалар ва костюмлар юқори сифати билан ажралиб туради. Бу кийимлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки Тошкент, Қўқон, Фарғона ва Марғилонга келган ту­ристлар томонидан ҳам харид  қилинмоқда. Тадбиркор устанинг айтишича, даромад, асосан, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизациялашга сарфланмоқда. Фирма катта истиқболга эга.

Фарғона вилоятида халқ амалий санъати марказлари Қўқон, Риштон ва Марғилон саналиб келган. Бугунги кунда Фарғонанинг ўзида ҳам кўплаб ёш ҳунар­манд­лар меҳнат қилаётгани қувонарли. Ана шундай ёшлардан бири Зокиржон Ғофуровдир. Илгари нақш ўйилган мис идишлар учта устанинг қўлидан ўтиб, бири металга ишлов берса, иккинчиси қуйиб, учинчиси нақш ўйган. Қобилиятли Ғофуров бу босқичларнинг барчасини ўзи бажаради. Ўғиллари ва шогирдлари ёрдамида қолип тайёрлайди, буюмларга безак беради. У мактабдаёк, ёш усталар тўгарагига қатнаб юрганида ҳунармандчиликка қизиқиб қолган. Кейин пойтахтдаги бадиий билим юртида ўқиб, рассом-миниатюрачи касбини эгаллади. Металл ўймакорлиги сирларини эса ўзи мустақил ўрганди.

Зокиржон Ғофуров ўз ишларида Қўқон мактабига хос бўлган усул ва нақшлардан фойдаланиб, унга ижодий ёндашади ва ўзидан ҳам кўп нарса қўшишга ҳаракат қилади. У гўзаллик яратишда давом этиб, ўз санъатини шогирдларига ҳам ўргатмоқда. Унинг ишлари Россия, Германия, Польша, АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британияда ҳам маълум.

Кейинги йилларда Қўштепа туманидаги «Исмоилжон гиламлари» фабрикаси бир кун ҳам тин олгани йўк. Унинг ишчилари маошларини доимо ўз вақтида олиб келишмоқда. Бири биридан кўркам «гулзор», «шабнам», «япроқлар», «бинафша» гиламлари кўп марта шаҳар, вилоят, минтақавий ва по­й­тахт кўргазмаларида намо­йиш қилинган. Бу эса ўз нав­батида маҳсулотни бозорга олиб чиқиш, янги моделлар яратиш, товар сифати ва бадиий даражасини оширишга туртки бўлмоқда. Ҳозирги кунда ҳукуматнинг хусусий товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қарорлари кичик корхоналар қувватини ошириш, уларнинг сифат кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган.

Вилоятнинг саноат харитасида «Фар антикор инвест» фирмаси яқиндагина пайдо бўлди. Тошкентдаги «Рrestig colors» МЧЖ билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган корхона юқори классли жиҳозлар билан таъминланган.  Бу ерда асосан тажрибали мутахассислар меҳнат қилишади. Лок-бўёқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотига талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу билан бирга, бизнес ривожлантирилиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизациялашга йўналтирилмоқда. Барча маҳсулотлар сифат сертификатига эга.

«Қува универсал инвест» МЧЖда ишлаб чиқариш беш нафар мутахассис иштирокида бошланган эди. Олис қишлоқда жойлашган фирма бугунги кунда жадал ривожланиб, маҳсулот ассортиментини кенгайтириб бормоқда. Кўп миллионли даромадни бизнесменлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сарфлашмоқда. Бу ерда ўрнатилган Германия ва Туркия андозасидаги жиҳозлар бир маромда ишлаб турибди. Тайёрланаётган сифатли сут маҳсулотлари пешма-пеш харидорларга етказиб берилмоқда.

Индустриал Қўқонда янги ишлаб чиқариш объекти – «Қўқон-Асака текстиль» МЧЖ пайдо бўлди. Корхона қувватини босқичма-бос­қич ошириш эвазига йилига 12 млн. жуфт  эркаклар, аёллар ва болалар пайпоқлари ишлаб чиқариш имконига эга бўлади. Корхона истеъмолчилари сони жадал ортиб бормоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг экспорт салоҳияти ҳам мус­таҳкамланиб, хориж савдо фирмалари билан кўплаб шартномалар тузилган. Бу ерда барча ишлаб чиқариш қувватлари ва ишчилар имкониятларидан самарали фойдаланиш бош шиорга айланган.

Нурмуҳаммад Ватаниёр.

You must be logged in to post a comment Login