БУ ТЎЙЛАРНИНГ ТЎЁНАСИ — МЕҲР

Тўйсевар элимга жонлар тасаддуқ. Жаннатмакон қалбини боласининг қадамига поёндоз каби тўшаб, қуллуқ камарини белига боғлаган жонажоним – Ўзбекистоним!!! Уйларинг тўйларингга, куйларинг ўйларингга ҳамоҳанг, чаманистоним. Ҳар гўшангда орзулар тантанаси – ёр-ёрлар, ўланлар жаранги.  Тўй болаларнинг кулгичларида ёшариб бораётган дунё… Тўйга келганлар шукронасида эса умрларнинг мазмуни мужассам. Ўзбегим яралибдики, боши тўйдан чиқмайди. Юрт олдига дастурхон ёзиб, борини баҳам кўриб дили яйрайди.

Чор тарафдан бахт садолари келади. Оқ либосли келинчагим, гул юзли дилбандим, сор лочиним ўғлоним, тўйлар муборак. Қадамингга тўшалган поёндознинг исмини Эзгулик қўйдик. Ахир сену мен эзгуликнинг олмос янглиғ қирраларига жон бахш этувчи халқнинг фарзандларимиз. Сену мен меҳмонини нон, туз ила кутиб оладиган буюк Ватаннинг фарзандларимиз. Отангдай улуғ, онангдай дилкаш, сени гулдай ўстираётган ўзбегим, Ўзбекис-тоним учун таъзимлар даркор. Неча-неча асрларки, малолсиз узатилиб келаётган саховатпешалик анъанаси бор бу элда. Бу қадрият бугун Истиқлол қанотларида халқимизни дунё узра танитяпти. Маънавий юксалишлар рўй бераётган гулгун диёрда инсон қадри эъзоз топиб, меҳр-оқибат, тотувлик тушунчалари улуғвор ниятлар билан уйғунлашиб, дунё мамлакатларига ибрат бўлмоқда. Яхшиликнинг жавоби ўлароқ элнинг азми-шижоати ҳам тобора баландлаб, оламшумул кашфиётларга замин яратмоқда.

Юрт гўзаллашиб кетди. Кўҳна минорлару қадим нурлар бешиги бўлган шаҳарлар жамоли ғурурингга ғурур қўшади, қадрингни сарбаланд этади.  Тўйу тантаналар эса ана шундай обод масканларда файзли, шукуҳли ўтади. Улкан бунёдкорлик, яратувчанлик тадбирлари шиддат билан кечаётган, янгиланаётган Фарғонада нишонланган тўй тантаналари бахтга интиқ фарғоналикларнинг эзгу муродига етказди: муқаддас ришталар боғланди, оила остонасига икки ёшнинг қутлуғ қадамлари етди. Болаларга унутилмас шодумон ва қувончга тўла кунлар туҳфа этилди. Бобо-ю момолар, ота-оналар дилларида балқиган ташаккур ва эҳтиромлар тилларига кўчди.

Шу йилнинг 21-22 май кунлари «Фонд Форум», «Меҳр нури» жамғармаси, «Аёллар кенгаши» жамоат бирлашмаси, «Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди» ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган «Никоҳ» ва «Суннат» тўйларининг файзу таровати ёшларнинг, болажонларнинг орзу-истакларига уланиб кетди.

– Дунёда ҳеч бир тадбир ўзбекнинг тўйичалик ҳаяжонли ўтмайди, – дейди Гулмирахон исмли келинчакнинг дугоналаридан бири, марғилонлик ҳунарманд Ойхумор Юсупова. – Тўй тадориги, келиннинг кийим-кечаги, пардоз-андози, хуллас никоҳ тўйида керак бўладиган ҳамма нарсалар бекаму кўст муҳайё қилинди. Келинлик либосидаги дугонамга боқиб унга бахт тилаб, тўй ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Дугонамнинг қўлида гулдай ҳунари бор. У ўзига берилган бундай олижаноб эътиборни ана шу ҳунари орқали элга холис хизмат қилиш билан оқлай олишига ишонаман. Бугун бирга бахт уйини бунёд этган турмуш ўртоғи Зафарбек Аҳмедовнинг касби қурувчи. У энди оила аталмиш улкан иморатнинг пойдеворини ҳам қурди. Ўйлайманки, бу пойдевор садоқат, вафо, меҳр-муҳаббат билан пухта ва мустаҳкам бўлади.

Ўн беш нафардан иборат келин-куёвларнинг никоҳ тўйлари Марғилон шаҳридаги буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний мажмуасидан бошланди. Икки чеккасида қизил атиргуллар барқ уриб очилиб ётган покиза йўлларда ўзимизнинг Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган оппоқ «Ласетти» машиналаридан оҳиста тушиб келаётган  келин-куёвни кўрган ҳар қандай одамнинг кўзлари севинч ёшлари билан тўлади. Ҳайрат ва ҳавас, энг покиза тилаклар билан икки ёшни кузатади. Бир жуфт қуш мисоли мажмуа томон одимлаб бораётган ёшлар дилида ёнаётган истаклар, юртнинг эртаси билан ҳамоҳанг. Зеро, бугун уларнинг илм олиши ва ҳунар эгаллаши учун барча имкониятлар яратилган. Қомусий олим бобокалонимизга аталган обидани зиёрат қилиш анъанаси замирида бунёд этилган янги оиланинг соҳиб ва соҳибалари ўз ҳаётларини чинакам эътиқод, Ватанга муҳаббат, инсоний туйғуларга садоқат  нурлари билан бойитишларига ишора бор.

– Никоҳ тўйлари нишонланаётган қизларимиз ҳаё ва ибода, илмда, ҳунарда, рўзғор мактабида ҳам алоҳида иқтидорга эга, – дейди Ёзёвон туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Мўътабархон Шерматова. – Дилшода Комилова туман марказий шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Ўз касбига бўлган меҳри туфайли беморлар олқишини оляпти. У энди чиройли фазилатлари билан янги оиланинг ҳам ишончи, эътиборини қозонади.

Исми жисмига монанд Бибихоним, Мавлудахон, Мақсудахон, Гулнорахон, йигитларнинг нори Шерзод, Фарҳод, Нуриддин, Отабеклар, сизлар бугун умрнинг энг унутилмас, бахтиёр лаҳзаларини бошдан кечиряпсизлар.

Тўй ҳам ўз-ўзидан бўлмайди албатта. Меҳр-оқибат тўёнаси билан кўнглингизни кўтарган, янги рўзғор учун барча керакли анжомларни муҳайё қилиб қўйган тўй ташаббускор ташкилотчиларига чексиз раҳматлар айтамиз.

Шаҳардаги тантаналар уйида ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Кекса отахон ва онахонлар, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлимлари вакиллари, фахрийлар, отахон ва онахонлар, келин-куёв, тўй болалар, уларнинг ота-она ёки яқинлари карнай-сурнай, «ёр-ёр» садолари билан тўйхонага таклиф этилдилар. Чиройли безатилган дастурхон атрофида  эзгу тилаклар билдирилди. Марғилон шаҳри, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ ФҲДЁ бўлимлари мудиралари иштирокида ёшларга никоҳ гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

– Ўғлим Нурилло бугун Оқибат сарпосини кийди, – кўзларига ёш инади тошлоқлик Назирахон Умарованинг. – Фарзандларимиз учун шундай файзли тўйни ўтказиб бераётган, янги оилага янги уй жиҳозлари ҳадя қилган яхшилар омон бўлишсин. Юртимизда, оилаларимизда ҳамиша тинчлик бўлсин. Ҳақиқатдан ҳам осуда юртга тўйлар, тантаналар ярашади.

Тўйхонада кичкина, аммо шахдам қадамлар босиб кириб келган, зар чопонлари ўзларига чандон ярашган 15 нафар қоракўз болалар. Кўзлари порлаб, қувончлари юзларида  нурдай ўйнайди. Уларнинг суннат тўйлари ёддан ўчмас ширин хотирага айланади шубҳасиз. Шу кун улар моддий ва маънавий рағбатдан баҳраманд бўлдилар.

– Қўлимни дуога очсам кўзимдан ёш қуйилиб келяпти, –  сармозорлик Салимахон ая  шукронасини баралла айтишга шошилади. – Файзулло набирамнинг суннат тўйини саховатпешалар ташкилладилар. Тўй болаларнинг ҳаммасига бошдан-оёқ сарпо, велосипедлар тўёна қилишди. Дунё тургунча туринг, болапарвар инсонлар!

– Халқимизнинг  болажонлиги, меҳрибонлиги, бир-бирига ғамхўрлик кўрсатиши каби инсонийлик фазилатлари мустақиллик йилларида янги  мазмун ва моҳият касб этмоқда. Шу боисдан  хайрия ва саховат  ишларининг янги қирралари юзага келди, – дейди Фарғона шаҳридаги «Водий» тўйхонасида сўзга чиққан «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Топиболди  Холдоров. – Никоҳдан ўтаётган ёшларимизнинг юзларидан хурсандчилик ва табассум, шу тинчлик-хотиржамлик кунларимиздан мамнунлиги кўриниб турибди. Уларнинг эртанги кунга ишончлари янада ортмоқда. Чунки келажак ёшларники. Улар тўғрисида ғамхўрлик қилиш ва ёрдам кўрсатиш давлатимиз ҳамда барча жамоат ташкилотларининг диққат-эътиборида. Кичкинтой ўғилларимиз эса мамлакатимизни барқарор ривожланишига улкан  ҳисса қўшадиган йигитлар бўлиб камолотга етишади. Ҳаммаларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман.

Қува туманидаги Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини Болалик маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишлар бўйича маслаҳатчиси Кумушхон Эргашеванинг айтишича, мустақил Ватанимизда бу каби тадбирларнинг ўтказилиши мамлакатимизда аҳоли қатламининг барча вакиллари ҳамиша меҳрибонлик оғушида эканлигининг яққол ифодасидир. Чунки Президентимиз бошчилигида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ҳаммамизда мамнуният туйғуларини уйғотмоқда. Масалан, биргина Қува туманимизда ўнлаб оила фарзандларига келгуси ҳаётларига мустаҳкам асос яратиб берилишининг ёрқин кўриниши бўлган бугунги меҳр-оқибат, чин инсонийлик фазилати бизларни янада руҳлантириб, тарбиявий ишларни кучайтиришга ундамоқда.

Фарғона тумани Водил қишлоғидан тўйга келган Маҳмудахон Умарованинг ҳам кўнгли тоғдек кўтарилган. Жамоат ташкилотининг  кўрсатаётган меҳр-оқибатлари туфайли қизи Ҳилолахон ва куёви Ойбекжонлар энг намунали оила сифатида турмуш қурмоқдалар. Янги умидлар, орзулар, мақсадлар билан ҳаёт бошлашяпти. Бу фарзандларимизга ишонч билан қарайманки, улар ҳозирданоқ ўз касб-ҳунарлари билан тадбиркорлик бўйича берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланадилар.

***

Йил давомида лойиҳа доирасида республика бўйлаб 1000 та «Суннат» ва 1000 та «Никоҳ» тўйлари ўтказилади. Фарғона шаҳридаги «Водий» ресторанида 17 жуфт келин-куёв ва 16 нафар болалар тўйи ҳақиқий тантана бўлди. Оқ «Ласетти»лардан оппоқ орзулар билан тушаётган жуфтликларни бутун тўйхона аҳли ҳаяжон ва қарсаклар билан кутиб олди. Беғубор тўй болаларнинг ҳайрат тўла кўзлари қувончдан порлади. Ширинтойларга қараб тўйга таклиф этилганларнинг ҳам юраги ҳапқирмоқда. Сўзларда-ю юзларда ўзбекнинг одатларига, оқибатига, тўйларига шукроналик акс этади!

Келин-куёвларнинг ФҲДЁ бўлимларида қайд этилиб, тўйхонада уларга никоҳ гувоҳномалари топширилди. Ёшлар бир-бирларига  барчанинг олқиши остида никоҳ узукларини тақишди.

«Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси ижрочи директори Гулноза Салоҳиддинова хайрия акцияси йил давомида бошқа вилоятларда ҳам ўтказилиши, бугунги тўйлар ўзбекнинг меҳр-оқибат рамзи эканлигини таъкидлади. Ёш келин-куёвларга чангютгич ва микротўлқинли печ, «Фонд Форум» томонидан осма соатлар, Guli брендидан оилавий тумор ҳамда лойиҳа муаллифи Гулнора Каримованинг табрик сўзлари туширилган откриткалар тантанали топширилди.

Кичкинтойларга эса эсдалик совғалари, велосипедлар берилди.

– Қувончимнинг чеки йўқ, – дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Зуҳрахон Тоштемирова. – Оилада етти фарзандмиз. Укамнинг суннат тўйини шундай ажойиб, бетакрор ва унутилмас қилиб ўтказиб бераётганларга оиламиз номидан чин юракдан  раҳмат айтамиз.

– Алексей Ким билан бир неча йиллардан буён бир-биримизга кўнгил қўйиб юргандик. Ниҳоят, яхши одамларнинг ташаббуси билан оила қуряпмиз, – дея қувончларини яшира олмайди корейс гўзали Юианна Хан. –Ўзим Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишчиман, турмуш ўртоғим ҳам ишлайди. Биз бор кучимиз ва меҳнатимизни юрт равнақи учун сарфлайверамиз. Ватан бизни эъзозлаяпти, биз ҳам жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

– Тўй — ҳаётимиздаги энг унутилмас ва ёрқин кундир. Кексаларимиз дуога қўл очиб  «Тўйга етказсин, тўйдан бошинг чиқмасин», дейдилар. Ушбу лойиҳа илк бор 2005 йили амалга оширилиб, Самарқанд, Қувасой, Наманган, Марғилон, Бухорода кўплаб тўйлар ўтказилган эди. Шу йилнинг март ойидан сентябр ойигача республикамизнинг барча вилоятларида хайрия акциясига мувофиқ тўйлар бўлиб ўтади. Мана шу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ва хайрия акциясида иштирок этаётганларга миннатдорчилик билдирамиз, –дейди  «Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси матбуот котиби Гулбаҳор Мўминова.

– Келинимиз Жамилахон чевар экан. Ўғлим Элёр Сўфиев 28 ёшда. Бобоси ҳам, мен ҳам ўзимизда йўқ хурсанд бўлиб, ҳаяжондан энтикиб ўтирибмиз. Фарзандларимизнинг никоҳ тўйлари  ажойиб ва эсда қоладиган бўлди. Тўйбошиларга, элимизга раҳмат! Биз бу кунни ҳеч қачон унутмаймиз, – самимий сўзлайди риштонлик Раъно Сўфиева.

Ҳикоят Ботирова Фарғона шаҳри кўчаларини ораста қилади. Уч ўғилни ёлғиз вояга етказяпти.

–Ўғлим Мирзоҳид 5 ёшга қадам қўяди. Болам ҳам, ўзим ҳам айтиб адо бўлмас даражада шодмиз. Совғалар беришди, ҳамманинг ардоғидамиз, бундан ортиқ бахт ва қувончли воқеа бўладими?! Худо хоҳласа, ўғлим шу юртнинг ҳақиқий, фидойи ўғлони бўлиб етишади!

***

22 май куни Қўқон шаҳри ва Учкўприк, Фурқат, Данғара, Ўзбекистон, Бешариқ туманларида истиқомат қилувчи 22 жуфт ёшлар учун  никоҳ, 21 та оила фарзандларининг суннат тўйлари бўлиб ўтди.

Тўй тантаналари Президентимиз ташаббуси билан гўзал кўриниш олган шаҳардаги марказий хиёбондан бошланди. Шаҳар жамоатчилиги ушбу замонавий дам олиш масканида ёш келин-куёвлар ва тўй болаларни кутиб олишди. Сўнгра хайрия тадбири иштирокчилари шаҳардаги муҳташам “Наврўз” тўйхонасига ташриф буюришди.

Миллий удумларимизга кўра, карнай-сурнай садолари остида ўз жойларини эгаллаган келин-куёвлар ва тўй болаларни шодиёна иштирокчилари олқишлар билан кутиб олишди.  Қўқон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Муҳайёхон Охунжонова барчанинг иштирокида 22 жуфт йигит-қизларга никоҳ гувоҳномасини тантанали суръатда топширди.

Барча келинлар Guli бренди томонидан мазкур лойиҳа учун махсус яратилган бежирим оқ ва қаймоқранг либослар кийишгани барчанинг кўнглида ҳавас туйғуларини уйғотди. Ёшларга «Фонд Форум» томонидан рўзғор учун зарур бўлган чангютгич ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Ташкилотчилар томонидан совға қилинган велосипедчалар ва турли ўйинчоқлар  тўй болаларнинг қувончига қувонч қўшди.

Пойтахтдан ташриф буюрган “Садо” гуруҳи чиқишлари ҳамда Тўлқин Ҳайдаров, Мансурхон Нурматов, Шаҳло Рустамова каби таниқли хонандаларнинг дилтортар қўшиқлари тўйга ажойиб хушкайфият олиб кирди.

Ўзбекистон туманининг Элчи қишлоғилик Одинахон Эгамова,  Учкўприк туманининг Холмурод қишлоғилик Малоҳатхон Ҳайдарова, Фурқат туманининг Боғибўстон қишлоғилик Марҳабо Хўжаматовалар фарзандларининг суннат тўйларини ўтказишда бош-қош бўлган хайрия лойиҳаси муаллифларига ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

Вилоятимизнинг ша-ҳар ва туманларида бўлиб ўттган меҳр-оқибат, саховат тантаналари Олтиариқ туманидаги “Осиё” тўйхонасида янада кўтаринки руҳда давом этди. Қўшни туманлардан ташриф буюрган келин-куёвлар ёру биродарлари, ота-оналари, маҳалладошлари иштирокида Олтиариқ шаҳарчасидаги Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Миллий анъаналаримизга мос равишда янги оила қураётганлар шундай азиз жойларда тинчлик-хотиржамликка шукроналар келтириши янада ибратли.

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Мўйдинжон СОБИТОВ,

Нодира ҚОДИРОВА.

You must be logged in to post a comment Login