Одил Аҳмедов апрель ойида ҳам тенгсиз деб топилди

Ўзбекистон футбол федерацияси оммавий ахборот воситалари овозига кўра қаторасига иккинчи бор Одил Аҳмедовни ойнинг энг яхши футболчиси деб топди.

Россиянинг «Анжи» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ўтган ой ҳисобидан Премьер-лигада 7та ўйинда асосий таркибда майдонга тушиб, барчасида тўлиқ иштирок этди. Қўшимчасига 2та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Қўйида Аҳмедов ва унинг жамоаси қайд этган натижалар билан танишинг: «Рубин» (0:1), «ЦСКА» (0:0), «Динамо» (0:1), «Спартак» (3:0), «Локомотив» (3:1), «Кубань» (2:2) ва «Рубин» (3:1). Аҳмедов билан боғлиқ яна бир нарсани айтиш керакки, келаси мавсумда футболчи Еврокубокларда иштирок этиши мумкин. 6 май куни «Рубин»ни таслим қилган Гуус Хиддинк шогирдлари Премьер-лигада энг камида 5-ўринни нақд қилишди. 13 май куни бўлиб ўтадиган «Зенит»га қарши ўйинда ҳам 3 очко қўлга киритилса, «Анжи» мавсумни кучли учликда ҳам якунлаши мумкин. Айни пайтда Одил Аҳмедов жамоадошлари 2-ўриндаги «Спартак»дан бор йўғи 2 очко ортда қолишмоқда.

Сўровномада Аҳмедовдан ташқари яна 8 нафар футболчи иштирок этган бўлиб, шулардан Ойбек Қиличев, Азиз Ашуров ва Иракли Климиашвли каби номлар 1 мартадан 3-ўринда кўрсатиб ўтилган. Қолган беш нафар футболчи – Анвар Солиев, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Иван Нагаев, Лутфулла Тўраев ва Максим Шацких иккинчи ўрин учун курашиб кўришди. Мос равишда «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ҳужумчилари 2-3 ўринларни бўлашиб олишди. Қизиқ томони, Одил Аҳмедов энг яқин таъқибчиси Анвар Солиевни оз эмас, кўп эмас 11 очкога ортда қолдирди.

Маълумот ўрнида эслатиш керакки, январь ойида Кенжа Тўраев, февралда Ойбек Қиличев ва мартда Одил Аҳмедов энг яхши деб топилишганди.

www.the-uff.com

You must be logged in to post a comment Login