ФАРҒОНА ТУРИЗМ МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

Истиқлол йилларида Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари дунё сайёҳларини ўзига ром этадиган сайёҳлик марказларига айланди.

Вилоятимизга келган сайёҳларга, ҳозирда Марғилон, Қўқон, Қува ва Фарғона шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар ташкил қилинмоқда. 2009–2010 йиллар давомида чет эллик сайёҳларга янги туристик йўналишлар: жумладан, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний, Саид Аҳмад Эшон мажмуалари, Пирсиддиқ Ҳазрат чиллахонаси ва мақбаралари, шоира Увайсий уй-музейи, ҳунармандлар уй-устахоналари, Қўқон шаҳрида Худоёрхон саройи ва унда жойлашган ўлкани ўрганиш музейи, Жомеъ, Камолқози масжидлари, Норбўтабий мажмуаси, Дахмаи Шохон ва Модарихон тарихий ёдгорликлари, Фарғона шаҳри ва Қувада Аҳмад Фарғоний мажмуасига, шунингдек вилоят ўлкашунослик музейига саёҳатлар уюштирилмоқда.

Вилоятимизда туризм инфратузилмаси тез суръатлар билан ривожланмоқда. 2009 йилга қадар 5 та туристик ташкилот сайёҳларга хизмат кўрсатган бўлса, 2011 йилда уларнинг сони 11 тага етди. 2009 йилда сайёҳларга «Фарғонатурист» масъулияти чекланган жамиятининг «Зиёрат» меҳмонхонаси, «Отель Азия Фарғона» ва «CLUB HOTEL-777» қўшма корхоналарининг меҳмонхоналари хизмат кўрсатган бўлса, 2011 йилга келиб уларнинг сони 4 тага ошди, яъни «Барака Баҳром Савдо» МЧЖнинг «Нигина», «Ниҳол Файз қурилиш» МЧЖнинг «Адрас», «Худоёрхон Қўқон» МЧЖнинг «Худоёрхон Қўқон», «Данғара улгуржи чакана савдо» МЧЖнинг «Данғара» меҳмонхоналари қуриб ишга туширилди. Юқоридаги барча меҳмонхоналар вилоят банкларидан олинган кредитлар ва тадбиркорларнинг, ҳомийларнинг шахсий маблағлари ҳисобига қурилди. Ҳозирги кунда «Отель Азия Фарғона», «Зиёрат», «Нигина» ва «Данғара» меҳмонхоналарида сайёҳларга сервис хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида бинолар қайтадан таъмирланмоқда. Барча меҳмонхоналарнинг хизматлари «Ўзбектуризм» Миллий Компанияси томонидан сертификатланган. Меҳмонхоналар уч ва тўрт юлдузли хизмат кўрсатиш даражасига эга. Фарғона вилоятидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон, Қува шаҳарларига 1-6 кунлик саёҳатлар уюштирилмоқда. 2010 йил давомида 18870 нафар сайёҳга хизмат кўрсатилди. Шундан 1411 киши учун хорижий давлатларга ва юртимиз шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар уюштирилди, 5679 нафар сайёҳ чет элдан, 11780 нафар сайёҳ Республикамиз шаҳарларидан вилоятимизга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан танишдилар.

Вилоятга чет эл сайёҳларини жалб қилиш бўйича кўплаб шартномалар имзоланди, юртимиз ва хорижда ўтказилган сайёҳлик ярмаркаларида вилоятимиз маданий, тарихий меросини ўзида акс эттирган буклетлар, дисклар тарқатилди.

2010 йилда вилоят туристик ташкилотлари веб-сайти яратилди. 2011 йилда вилоят туризм соҳаси вакиллари «Ўзбектуризм» миллий компанияси томонидан ташкил қилинган «Мега-инфотур»да фаол қатнашишди. Таиланд ва Туркия давлатларидан ҳамкорларни таклиф қилиб, юртимиз шаҳарлари бўйлаб саёҳатлар ташкилланди.

You must be logged in to post a comment Login