“ОЛТИН ҚАЛАМ” МИЛЛИЙ МУКОФОТИ ФАРҒОНАДА

Журналистика соҳасида «Олтин қалам» VII Миллий мукофотига Фарғона вилоят ҳокимлигининг Бош нашри – «Фарғона ҳақиқати» – «Ферганская правда» газеталари бирлашган таҳририяти сазовор бўлди.

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан таъсис этилган журналистика соҳасида «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун  2006 йилда илк бор ўтказилган танловда ғолиблар 13 номинация бўйича аниқланган бўлса, жорий йилда 27 номинация бўйича тақдирландилар.

Танловда телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишларидаги асосий мукофотлар билан бирга рағбатлантирувчи номинациялар ҳам таъсис этилгани танловга бўлган қизиқиш, интилиш ва ижодий беллашувни янада кучайтирди. Шуниси қувончлики, “Олтин қалам” VII Миллий мукофоти учун танловда 8,3 мингга яқин ижодий иши билан қатнашган 470 нафар журналистлар орасидан танланиб, сараланиб, танловнинг Бош Миллий мукофотига “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ижодий жамоаси муносиб кўрилгани нафақат таҳририят, балки барча фарғоналик журналистлар, Фарғона журналистикасининг улкан ютуғидир. Бу ютуқ замирида мамлакатимиз, жумладан вилоятимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига, журналистларга бўлган катта эътибор, ғамхўрлик, матбуотнинг салмоқ ва мавқеи тобора юксалиб бораётгани, вилоят ҳокимлиги ўз муассислигидаги газеталар билан ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйгани, ижодий жамоанинг самарали меҳнат қилиши учун барча замонавий шарт-шароитларни яратиб бергани ўз ифодасини топган.

3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб “Туркистон” саройида ўтказилган тантанали тадбирда халқаро танлов ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилинди ва тақдирланди. Тақдирлаш маросимида вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этишди.

“Олтин қалам” Миллий  мукофоти учун халқаро танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва “Uzreроrt” ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

– Таҳририятимиз ижодий жамоасининг журналистика соҳасида “Олтин қалам” VII  Миллий мукофотини  қўлга киритиши бизнинг  камтарона меҳнатимизга берилган катта рағбат бўлиш билан бирга, зиммамизга жиддий масъулият ҳам юклайди, – дейди “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари Бош муҳаррири Баҳромжон Обиджонов. – Муҳтарам Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, яратиб берилаётган шароит ҳамда имтиёзлар янада шижоат ва илҳом билан ижод қилишимизга кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Хусусан, Юртбошимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари  ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори ана шу эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бундан буён ҳам  Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, миллий матбуотимиз равнақи йўлида бор имконият ва истеъдодимизни ишга солаверамиз.

Салкам бир асрлик тарихга эга, мамлакатимиздаги энг отахон нашрлардан бири бўлган “Фарғона ҳақиқати”–“Ферганская правда” газеталари жамоасининг эришган улкан ютуғи вилоятдаги барча ижодкорларни беҳад қувонтириб, уларни янги ижодий зафарларга руҳлантирди.

Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Арипов сўзга чиқди ва “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори – “Фарғона ҳақиқати”–“Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ижодий жамоасига мукофотни топшириб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилади.

You must be logged in to post a comment Login