ИШОНЧ ВА ИФТИХОР БИЛАН

Жаҳон спорт майдонида, нуфузли халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номининг янграши, давлатимиз байроғининг баланд кўтарилиши қалбимизда чексиз фахр-ифтихор уйғотади. Зеро, истиқлол туфайли ўзбек спорти ривожланмоқда, юртимизнинг барча ҳудудларида спорт тобора оммавийлашиб бормоқда.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳар уч нафаридан бири турли секция ва тўгаракларда спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.Сўнгги ўн йил ичида вилоятдан спортнинг турли йўналишлари бўйича элликка яқин жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани жисмоний тарбия ва спорт халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оммалашиб бораётганини кўрсатади.

Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида»ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари келажагимиз эгаларининг спортга қизиқишини кучайтиришда, умидли спортчилар сафини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бугунги кунда вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам спортнинг барча турлари ривожланмоқда. Ўтган йиллар давомида жамғарма томонидан шаҳар ва қишлоқларимизда 101 та спорт иншооти ҳамда 4 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилди ёки қайта таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Ҳозир қишлоқ жойлардаги спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, уларни малакали мураббий ва мураббиялар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда таълим олаётган 688 минг ўқувчининг 213, 4 минг нафари мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда. Айниқса, стол тенниси, миллий кураш, спорт гимнастикаси, сузиш, шарқона яккакураш турлари жадал ривожланмоқда.

1991 йилда Фарғона вилоятида атиги 17 стадион мавжуд эди, ҳозир эса улар 46 тага, футбол майдонлари 759 тага етди. Замонавий талабларга жавоб берадиган 33 та теннис корти барпо этилди. Тошлоқ, Учкўприк туманлари, Қувасой шаҳрида марказий стадионлар, Қува туманида соғломлаштириш маркази, Фарғона шаҳрида «Истиқлол» теннис мажмуаси, «Кимёгар» мажмуаси каби ўнлаб кўркам спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди.

Яқинда «Нефтчи» профессионал футбол клуби тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида капитал қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, ёш спортчилар учун замонавий шарт-шароит яратилди. Футбол майдонига халқаро талабларга жавоб берадиган сунъий майса қопламаси ётқизилди. Ювиниш хоналари, қўшимча футбол майдончалари ва тренажёр зали барпо этилди. Стадион мутлақо янгича кўриниш касб этди.

Фарғона Олимпия захиралари спорт коллежини том маънода истиқлол берган имкониятлар рамзи, дейиш мумкин. 2003 йилда замонавий андозалар асосида қурилган, жаҳон стандартларига мос жиҳозланган бу муҳташам коллеж бугун бўлғуси чемпионлар масканига айланган. Ўтган йили коллеж ўқувчилари мамлакат мусобақаларида 50 та, халқаро турнирларда эса 3 та олтин медални қўлга киритдилар.

Белбоғли кураш бўйича Сабоҳат Шералиева, Азизбек Эргашев, боксчи Ўктам Раҳмонов, Машҳур Рўзиев, Муҳиддин Раҳмонов, белбоғли кураш вакиллари Муҳиддин Абдулаҳадов, Дадажон Эргашев, Азизбек Эргашев каби ёшларни миллий спортимизнинг умидли юлдузлари, десак янглишмаймиз.

Сўнгги беш йил мобайнида ўндан ортиқ белбоғли кураш усталари Осиё, жаҳон чемпиони бўлиб, олтин, кумуш медалларни қўлга киритдилар. Бағдодлик Аҳмаджон Жўрақулов икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Абдулла Мамаюсупов, Фозил Умурзоқов, Зоҳиджон Исмоилов, Шаҳодат Шералиева, Дилшода Юнусова каби истеъдодли спортчиларга юзлаб ёшлар эргашмоқда.

Бешариқ туманидаги Рапқон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўтган йили қайта таъмирдан чиқарилди. «Рапқон бокс мактаби» дея ном қозонган ушбу маскан тарбияланувчилари орасидан Азиз Раҳмонов, Зоҳид Султонов каби жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқди. Бугун уларнинг изидан бораётган Равшан Абдуназаров, Олим Алиқулов, Шоҳжаҳон Эргашев, Баҳром Фозилов, Довуд Рустамов каби ёшлар мамлакатимизда ўтказилаётган мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой эгалламоқда.

Фарғона вилоятида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 332 минг 500 нафар қиздан 105 мингдан зиёди спортга жалб этилган. Бешариқ, Бувайда, Қува ва Фарғона туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида бадиий гимнастика бўйича 22 та тўгарак очилиб, уларга 300 нафардан зиёд қизлар жалб қилинди. Ўтган йили Фарғона шаҳрида бадиий гимнастика бўйича вилоят маркази ташкил этилди.

You must be logged in to post a comment Login