ТАРИХГА БИР НАЗАР

Табиатининг фусункор ва бетакрор гўзаллиги билан барчани мафтун этувчи Фарғона ўзининг узоқ ўтмишига эга. Бағри сир-синоатга бой бу масканнинг «Фарғона» деб номланиши сабаблари турлича баён этилади. «Фарғона» сўзи илк ўрта асрларда Сўғд ёзуви билан «Парғана», «Прағана» шаклида ёзилганлиги маълум. Бу сўз Ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят», «атрофи берк тоғли жой» деган маъноларни билдиради. Эрамиздан аввалги II асрларда Фарғона «Довон» деб аталган бўлса, илк ўрта асрларда «Боҳан», «Боҳанна» номлари билан тилга олинади.

Марказий Осиёдаги энг қадимги одам яшаган манзилгоҳ ҳам айнан Фарғо­на водийсидан топилган. Селунғурдаги (Фарғона шаҳридан 80 км жанубда) «Фергантроп» –  одамининг яшаб ўтган даври олимлар томонидан камида бир ярим миллион йил аввал, деб таъкидланмоқда.

Қадим замонларданоқ бу ернинг аҳолиси Узоқ Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиёнинг бошқа халқ­лари билан узвий маданий алоқада бўлиб келган. Ҳудудда жуда кўплаб учрайдиган «Андронов маданияти» (эр.ав. III-II минг йиллик) ни эслатувчи ашёлар ёки Сўх туманидан топилган «Икки бошли илон» тумори бунга мисолдир. Ушбу даврларнинг жанг ва меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа ашёлари Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларидаги топилдиқлардан фарқ қилиб туради.

Буюк ипак йўлининг очилиши муносабати билан Фарғона халқлари турмушида хитой маданиятининг таъсири сезила бошлаган. Бронза ойнаклар, тангалар, ипак матолар, темир қуроллар ва бошқаларнинг пайдо бўлиши бевосита Буюк ипак йўлининг самарасидир. Ёки аксинча, айнан шу йўл туфайли эрамиз бошларида наслдор отлар, туялар, майда чорва ҳайвонларининг етиштирилиши, қимматбаҳо металларнинг (олтин ва кумуш) мўллиги, узум, пахта, буғдой, маккажўхори, шоли ва бошқа донли экинларнинг ўстирилиши бутун дунёга маълум бўлган. Шу даврга оид шаҳар-қўрғон кўринишидаги манзилгоҳларнинг кўп­ли­ги эса, меъморчилик ва шаҳарсозлик технологиясининг тараққий этганлигидан далолат беради.

Савдонинг ривожланиши натижасида пул муомаласи йўлга қўйилди. Хитой, Сўғд, Кушон ва маҳаллий пул бирликлари муомалада бўлган. Кичик шаҳарлар ўзларининг майда пул бирликларига эга бўлганлиги ҳам тарихдан маълум. Пул зарб қилиш учун мис ва бронза асосий хом ашё бўлиб хизмат қилган. Олтин ва кумушдан зарб қилинган пуллар ноёб пул бирликлари жумласига кирганлиги учун ниҳоятда қадрланган.

Илк ўрта асрларда Фарғона Марказий Осиё билан Хитой ўртасидаги кўприклардан бири бўлиб қолди ва бу ердаги ижтимоий-сиёсий муҳит ҳам шу икки ҳудуднинг таъсири остида тез-тез ўзгариб турди.

Темурийлар даврида бошқа соҳалар каби миллий ҳунармандчилик янада тараққий этди. Масалан, Марғилон ипакчилик ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Риштон кулолчиликка ихтисослаша борган. Юқорида тилга олинган ҳунарлар бу даврга келиб санъат даражасига етди.

XVIII асрнинг бошларида минг уруғи вакиллари Қўқон шаҳри атрофидаги қишлоқларни бирлаштириб, янги хонлик барпо қилишди. Орадан ҳеч қанча фақт ўтмай Қў­қон хонлиги Марказий Осиёнинг энг йирик, қудратли ва тез тараққий этаётган давлатларидан бирига айланди.

Ҳозирда вилоят маркази ҳисобланган Фарғона шаҳрига 1877 йилда асос солинган. У Фарғона водийсининг жанубий қисмида, Олой тоғларининг этагида, денгиз сатҳидан580 м.баландликда жойлашган.

Гарчи ҳозирги Фарғона нисбатан ёш шаҳар бўлса-да, унинг марказида қадимги манзилгоҳлар мавжуд эди. Буни археологлар томонидан топилган асори атиқалар ҳам тасдиқлайди. Энг қизиқарли археологик ёдгорликлардан бири бу – Симтепа ёдгорлиги бўлиб, шу ерда қачонлардир шаҳар типидаги манзилгоҳ фаолият кўрсатган. Қазиш­малар шуни кўрсатадики, ҳозирги Фарғона шаҳри ўрнида эрамиздан аввалги биринчи минг йилликнинг охирларидаёқ қароргоҳ мавжуд бўлиб, унда ўрта асрларнинг X-XII асрига қадар одамлар турмуш кечирган. Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, Симтепа ёдгорлиги ўрнида ҳунармандчилик ниҳоятда тараққий этган эди.

Янги шаҳарнинг қурилиш тарихи XIX асрнинг сўнгги чорагида Россия империясининг Қўқон хонлиги чегарасига кириб келиши билан боғлиқ. Бу даврда Россия Қўқон хонлигининг кўп жойларини босиб олади. 1876 йилда Қўқон хонлиги ҳудудида Фарғона вилоят ҳарбий губерна­торлиги ташкил қилинади.

Дастлабки вақтларда вилоят маркази Қўқон шаҳри ҳисобланган бўлса-да, иқлимнинг тез-тез ўзгариб туриши, шаҳарнинг маҳаллий аҳоли яшайдиган ҳудудларга яқин эканлиги ва бошқа бир қанча омиллар янги маъмурий шаҳар қуришни тақозо этарди. Генерал — губернаторнинг фармойишига биноан шаҳар­ни қуриш жойи ва унинг лойиҳасини танлаш учун махсус комиссия тузилди. Комиссия бир мунча муҳокамадан сўнг, аҳолиси унча қалин бўлмаган, нисба­тан иқлими юмшоқ, ери унча ҳосилдор бўлмаган эски Марғилоннинг жа­ну­бидаги қишлоқлар ўрнини шаҳар қилишга лойиқ деб топди. Бу жой ўзининг иқлими ва сув билан яхши таъминланганлиги жиҳатидан ажралиб турарди. Марғи­лон шаҳридан 10-12 чақирим жанубда жойлашган мазкур жой Сим, Ёрмозор ва Чаримгар қишлоқлари аҳолисига тегишли эди. Бу қишлоқларнинг аҳолиси ҳозирги Ёрмозор, Оқариқ, Бешбола ва Чекшўра каби қишлоқларга кўчиб ўтади.

Шаҳар қурилган вақтда дастлаб «Янги Марғилон», кейин «Скобелев» ва ниҳоят 1924 йилдан водий номига мослаб «Фарғона» деб атала бошланган.

You must be logged in to post a comment Login