Ўзбекистонлик Чагаев америкалик Зумбрунни мағлубиятга учратди(Video)

Руслан Чагаев

Бокс бўйича супер оғир вазндаги ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев 21 апрель куни Германиянинг Шверин шаҳрида 39 яшар америкалик боксчи Билли Зумбрунга қарши рингга тушди.

8 раундга мўлжалланган рейтинг жангининг 3 раундида Руслан Чагаевнинг ажойиб зарбасидан сўнг, америкалик боксчи техник нокаутга учради.

Эслатиб ўтамиз, ўн икки йилдан бери профессионал боксда фаолият олиб бораётган “Бола” лақабини олган Зумбрун АҚШ ташқарисида атиги бир марта, яъни, 2006 йилда Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида россиялик Александр Дмитриенкога қарши рингга тушиб, очколар бўйича ютқазган.

33 ёшли Руслан Чагаев эса 2011 йил ноябрь ойида россиялик Александр Поветкинга очколар бўйича бой берган.

Чагаев жорий йил 28 январь куни Гамбург шаҳрида ўтказилган саккиз раундлик рейтинг жангида тринидад-ва-тобаголик рақиби Кертсон Менсуэлл устидан ишончли ғалаба қозонган.

Руслан Чагаев шу кунгача профессионал рингда 28 та жанг ўтказиб, 25 тасида ғалаба қозонган, иккита ўйинда мағлубиятга учраган, бир ўйинни дуранг билан якунлаган.

«The Ring» журнали ўтказган сўров натижасида 2009 йилнинг ноябрь ойида Чагаев дунёнинг супер оғир вазндаги энг яхши боксчи деб тан олинди ва рейтингда 4 ўринни эгаллади.

You must be logged in to post a comment Login