Ўзбекистонда 37та профессионал театрлар ҳар йили 150 дан зиёд асарни намойиш этмоқда

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимиз маданияти ва санъатининг ривожланиш жараёнлари, амалга оширилаётган изчил ишлар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, театр санъати намояндалари, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори О.Ризаев мустақиллик йилларида миллий театр санъатини ҳар томонлама изчил ривожлантириш, театрларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ижодкорларнингэркин ва самарали меҳнат қилиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи бадиий пухта саҳна асарларини яратиш, театрларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 1998-йил 26-мартда қабул қилинган “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Пойтахтимиз ва вилоятлардаги театрларни давр талабига мос тарзда таъмирлаш, техник ва саҳна жиҳозлари билан таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, соҳа ижодкорларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, янгидан-янги ижодий изланишлар сари илҳомлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини акс эттирадиган саҳна асарлари яратиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Қадриятларимизни эъзозлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсирларига қарши туришда театр ижодкорларининг маъсулияти айниқса улкандир. Юртимизда фаолият юритаётган 37 профессионал театрларда ҳар йили турли мавзу ва жанрлардаги 150 дан зиёд асар саҳналаштирилади.
“Сени куйлаймиз, замондош”, “Дебют”, “Саҳнада – замон қаҳрамони” кўрик-танловлари, “Театр.Уз”, “Тошкент баҳори”, “Ҳумо” сингари халқаро фестивалларнинг мунтазам ташкил этилиши театр ижодкорлари, айниқса, ёш иқтидор эгаларининг ижодий изланишларини муносиб баҳолаш, улар яратган саҳна асарларини тарғиб қилиш, миллий театр санъатимизни дунё жамоатчилигига кенг намойиш этишга хизмат қилмоқда. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Анжуманда соҳа мутахассислари оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

 

You must be logged in to post a comment Login