Тошкент шаҳрини чиройли безатганга 3 миллион

Тошкент шаҳри ҳокимияти пойтахтни безатиш бўйича энг яхши дизайн танловини ўтказмоқда.

“Гўзал ва замонавий Тошкент” кўрик-танлови Тошкент шаҳар ҳудуди дизайни ва безаги, кўчалар, майдонлар, бино ва иншоотлар ташқи кўринишини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай бўлган креатив ва экологик тоза шаҳар инфратузилмасини яратиш, аҳоли фаоллигини ошириш ҳамда ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиляпти.

Кўрик-танловда корхоналар ва хўжалик субъектлари, жамоат ташкилотлари, ижодий жамоалар, талабалар, ташаббус гуруҳлари, меъморлар, дизайнерлар ва барча фуқаролар ўз режаланган ва бажарилган лойиҳалари билан иштирок этиши мумкин.

Танлов 2012 йилнинг 15 апрелидан 15 майигача ўтказилади. Энг яхши лойиҳалар муаллифлари

1-ўрин учун 3 миллион сўм,

2-ўрин учун 2 миллион сўм ва

3-ўрин учун 1 миллион сўм миқдорида пул мукофоти олади.

Агар танлов ҳайъатининг қарорига асосан номинация бўйича биронта ўринга иккита ёки ундан кўп лойиҳа ғолиб деб топилса, мукофот пулиўрин эгаллаганлар сонига тенгравишда тақсимланади. Барча номинациялар бўйича ғолибларга Дипломлар топширилади.

Танлов номинациялари:

1. Ландшафт дизайни ва кўчаларни кўкаламзорлаштириш лойиҳаси.
(кўчани кўкаламзорлаштириш, суғориш ва гул билан безаш, дарахт ва буталарни дизайнли буташ лойиҳалари ҳамда комплекс ечими).

2. Кўчалар чорраҳасини безаш лойиҳаси.
(бордюрлар, тўсиқлар,деворлар, светофор ва кўча чироқлари устуни дизайни, кичик меъморий шакл ва элементилойиҳалари ҳамда комплекс ечими).

3. Турар-жой мавзеларининг ички ҳудудини ободонлаштириш ва безаш лойиҳаси.
(кўп қаватли уйларнинг фасади, йўлак безаги, мавзедаги ахборот тарғибот воситаси, болалар спорт ва ўйин майдончалари, кичик меъморий шакллар, ўриндиқлар, гулхоналар кабиларга оид лойиҳалар ҳамда комплекс ечими).

4. Кўча ва ҳиёбонлардаги кичик меъморий элементлар лойиҳаси.
(гул, ўсимликлар ва қурилиш материалларидан турли шакллар, гулхоналар, гултувак ва бошқалар бўйича элементлар дизайни ҳамда комплекс ечими).

5. Шаҳар кўчалари ва бинони ёритиш ва иллюминацияорқали безаш лойиҳаси.
(кўчаларга ёритиш ва иллюминация элементлари, бино фасадини ёритиш ва иллюминация орқали безаш, архитектура элементлари, иллюминация шакллари, ёритиш воситалари намуналари ҳамда комплекс ечими).

6. Хизмат кўрсатиш муассасаси дизайни лойиҳаси.
(дўкон, умумовқатланиш шохобчаси, ресторан ва бошқа сервис объектларининг ташқи ва ички дизайни, фасад, витрина, пешлавҳа, мебель, сервис анжомлари, ёндош ҳудудларнинг қиёфаси, ташқи ва ички ёритиш дизайни ҳамда комплекс ечими).

7. Майдон ва дам олиш масканларини безаш лойиҳаси.

8. Кўча мебелининг замонавий намунаси лойиҳаси.
(ахборот воситалари, матбуот дўконлари, ўриндиқлар, урналар, кўча ёритиш устунлари, ва бошқалар намунаси ҳамда комплекс ечими).

9. Реклама конструкцияларни такомиллашган намунаси лойиҳаси:
— конструкциялар шаҳар архитектураси ва дизайни билан уйғунлаштириш, пойдевори ва устунларини меъморий шакллар билан бойитиш, янги шакл намуналари, кўриниши ҳамда комплекс ечими;
— байрамларда шаҳарни ташқи безаш учун янги конструкциялар, шакллар ва элементлар намунаси ҳамда комплекс ечими.

Танлов якунлангандан сўнг 10 кун муддатда танлов ҳайъати барча лойиҳаларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, хулоса беради.

Лойиҳаларни танлашда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

- лойиҳадаги объектларнинг дизайни и визуал кўриниши;
-шаҳар аҳолиси учун қулай ва ҳар томонлама функционаллиги;
-лойиҳадан фойдаланишга қулайлиги;
-лойиҳанинг инновационлиги;
-лойиҳа ечимининг оригиналлиги.

Иштирокчи анкетасини Тошкент шаҳар ҳокимиятининг расмий сайтида тўлдириш мумкин.

You must be logged in to post a comment Login