Энди ҳеч қачон, ҳеч ким билан футболкаларимни алмашмайман…

Сўнгги бир неча ҳафта давомида бутун дунё футбол жамоатчилигини «Болтон» ярим ҳимоячиси Фабрис Муамба ҳамда Италиянинг «Ливорно» клуби футболчиси Пьермарио Морозини билан боғлиқ аянчли ва машъум хабарлардан роса тушкун кайфиятга тушгани ҳақиқат.

Фабрис Муамба бир неча соат хаёт ва ўлим ўртасида кураш олиб борди. Врачларнинг сай-ҳаракатлари билан футболчи ўзига келди. У ҳаёт. Аммо, унинг яна қачон майдонга қайтиши сўроқ остида турибди. Балки, умуман қайтмас. Орадан кўп ўтмай эса, Италияда яна бир футболчи ўйин пайтида юрак ҳуружига учради. Афсуски, бу сафар футболчининг ҳаётини сақлаб қолиш ҳеч кимнинг қўлидан келмади. «Ливорно» клубининг 25 ёшли ярим ҳмоячиси Пьермарио Морозини фаолиятининг айни кучга тўлган пайтида ҳаёт билан видолашди.

Бутун футбол дунёси ларзага келди, футболчилар, мураббийлар ва оддий мухлислар ҳам ушбу воқеадан қаттиқ таъсирлангани рост.

Аммо ер юзида ҳаммадан кўра бир инсон ушбу икки футболчи билан юз берган ҳолатдан жуда қаттиқ таъсирланди. Шу пайтгача ҳеч ким танимаган, Фарьер оролларининг «ХБ Торсхавн» клубининг 24 ёшли ҳимоячиси Поул Дам юқоридаги икки воқеадан ҳалигача ўзига кела олмаяпти.

24 ёшли фарьерлик футболчи билан боғлиқ бир ажабтовур ва ўзига ҳос ғайритабиий воқеа бутун футбол дунёсида катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда.

Қандай қилиб дейсизми?

-Поул Дам ўз фаолияти давомида ўз юртидан ташқарига чиқиб тўп сурмаган бўлсада, Фарьер оролларининг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида жуда кўплаб учрашувларда майдонга тушган. Ана шу учрашувлар давомида, у фақатгина икки марта ўйиндан кейин рақиб терма жамоа футболчилари билан ўз футболкаларини алмашиш баҳтига муяссар бўлган. Ўша икки футболчи эса Муамба ҳамда Морозини эди…

Поул Дам ҳамда Фабрис Муамба ўртасидаги учрашув 2003 йили содир бўлган. Ўшанда Фарьер ороллари терма жамоаси англиялик ўсмирларга қарши ҳалқаро турнирда тўп суришганди. Ўйиндан кейин ҳар иккала терма мураббийлари футболчиларга ўйин якунлангач рақиблари билан футболкаларини алмаштиришга руҳсат беришган. Поул Дам ҳамда Фабрис Муамба ўйиндан кейин бир-бирларига ўз футболкаларини совға қилишади. Иккала футболчи ҳам 4-рақамларда тўп сурганди, балки шунинг учун ҳам Муамбанинг ўзи фарьерлик футболчи билан ўз футболкасини алмашишга рози бўлгандир.

2007 йилда эса Фарьер ороллари ёшлари қитъа чемпионати саралаш баҳсида Италия термасига қарши майдонга тушишди. Ўйиндан кейин футболкаларни алмашиш регламентга кўра мумкин эмасди. Ўйин ўз якунига етди. Футболчилар ечиниш ҳонасига кириб кетишди. Бир пайт фарьерлик футболчилар ечиниш ҳонасини эшиги очилди ва у ерда Морозини пайдо бўлди. Италиялик футболчи рақиб футболчиларига юзланиб, эсдалик учун ўз футболкасини алмашишни таклиф этди. Морозинига ҳаммадан кўра Поул Дам яқинроқ турганди…

«Бу жуда кутилмаган ва мени қаттиқ ларзага солган тасодиф», — дейди ўзи билмаган ҳолда европа футбол матбуотининг диққат нишонига айланиб қолган фарьерлик футболчи.

«Мен ҳеч қачон футболкаларни коллекция қилмаганман ва умуман ўйиндан кейин футболчилар билан ўз кийимимни алмашмаганман. Муамба ва Морозинидан бошқа футболчилар билан футболкаларимни алмашмаганман. Бу рост. Муамбанинг футболкасини қаерга қўйганимни эслолмайман ҳам. Уни йўқотиб қўйган бўлсам керак. Аммо, Морозинининг футболкасини ҳамон уйимда сақлайман. Унинг футболкасидан бошқа ҳеч кимнинг футболкаси менда йўқ.

Очиғи мен ушбу воқеалардан қаттиқ шокка тушдим. Улар билан тўп сурган ўйинларимни кўз олдимга келтираман. Муамбага тезроқ соғайиб сафга қайтишини, Морозинининг яқинларига эса сабр ва матонат тилайман.

Умуман, мен иримчи эмасман ва мени ҳеч қачон баҳтсизлик келтрувчи инсон дейишмаган. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин — энди ҳеч қачон, ҳеч ким билан ўйиндан кейин футболкаларимни алмашмайман, — дейди юқоридаги воқеалардан ҳамон ўзига кела олмаётган футболчи.
 

stadion.uz

You must be logged in to post a comment Login