Ўзбекистон «Енисей — 2012» халқаро сайёҳлик кўргазмасида

Енисей - 2012

Россия Федерациясининг турли шаҳарларида “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” шиори остида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятининг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Яқинда Красноярск ўлкасида ташкил этилган, Сибирь минтақасининг энг йирик сайёҳлик анжумани саналмиш “Енисей — 2012” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон манзаралари намойиш этилди.

Бу бозор экспертлари, туроператорлар ва ярмарка меҳмонларининг юртимиз сайёҳлик салоҳияти акс этган экспозицияларга алоҳида эътибор қаратишига сабаб бўлди.

“Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг россиялик ҳамкори томонидан мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳамда “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси кўмагида безатилган мазкур павильон манзаралари ўзбек миллий урф-одат ҳамда анъаналарини ўзида мужассам этгани ҳолда, тадбир меҳмонларини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Қўқон шаҳарлари бўйлаб унутилмас мароқли саёҳатга чорлади.

Кўҳна Шарқ тамаддунининг бетакрор меъморий обидалари, табиатининг ранг-баранг ва беқиёслиги, ўзига хос наботот ҳамда ҳайвонот олами, ажойиб ҳордиқ учун улкан имкониятларга эгалиги, кўп асрлик меҳмондўстлик анъаналари ва замонавий инфратузилма — буларнинг барчаси кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда қатнашган мингдан зиёд иштирокчилар, шу жумладан, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Украина ва бошқа мамлакатларнинг 300 дан зиёд сайёҳлик операторлари Ўзбекистон экспозициясига алоҳида аҳамият қаратдилар. Юртимиз сайёҳлик маҳсулотлари, якка ва жамоавий саёҳатлар дастурлари кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Россиялик мутахассислар ҳамда тадбир меҳмонларининг якдил фикр билдиришларича, Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари акс этган экспозиция ўзининг миллий ранг-баранглиги, халқ амалий санъати намуналари воситасида тарихни нафақат ўз кўзи билан кўриш, балки уни ҳис қилишга ҳам имкон бергани билан ажралиб турди. Мамлакатимизнинг салмоқли сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги ҳужжатли фильмлар намойиши эса тақдимотнинг янада мукаммал бўлишини таъминлади.

You must be logged in to post a comment Login