ФАРҒОНА САНЪАТИ ЖАҲОН САҲНАСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Шарқ тароналари» еттинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган маросимдаги табрик сўзида «Бизнинг ҳаётимизга, аввало, фарзандларимиз, болаларимизнинг онги ва қалбига ҳеч қандай чегарани, ҳеч қандай ғов-тўсиқни билмайдиган мусиқа садолари, мумтоз куй ва қўшиқлар қанчалик чуқур кириб борса, бу ўз навбатида халқларни бир-бирига яқин қилишга, ҳамкорлик ва дўстликка даъват этади ва том маънода енгилмас кучга айланиб қолади», деб айтган эди.

Фарғона азал-азалдан ўзининг маданият, санъат мактабига эга бўлиб келган. Бу мактаблар вилоятимизнинг ҳудудидан етишиб чиққан улкан санъат арбоблари номлари билан аталиб келинган. Созандаликда Уста Олим мактаби, катта ашулада Маматбува, Мадали ҳофиз, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Расулқори Мамадалиевлар мактаби, рақсда Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоевалар мактаби, қизиқчиликда Юсуфжон Шакаржонов мактаби… Бу рўйхатни яна узвий давом эттириш мумкин. Таваккал Қодиров ўзининг ширали овози билан «Ўзбекистон булбули» деган ном олган.

Бугунги кунда вилоят ҳокимлигининг маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги 159 та клуб муассасалари, 7 маданият ва истироҳат боғи, 2 кутубхона, 13 музей, 4 театр, академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси, 7 та спорт мактаблари ҳамда Олимпия захиралари спорт коллежи фаолият юритиб, ўз сафига икки мингга яқин санъатсевар истеъдодли халқ вакиллари ва ижодкор ёшларни бирлаштирган 36 та халқ ва намунали унвонга эга бўлган бадиий жамоалар халқимизга маданий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида соҳа ходимларидан Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри артисти Ё. Ҳатамова, театр бош режиссёри М.Юсупов, Фарғона давлат университети профессори Султонали Маннопов, Қўқон шаҳар Ҳамза номли мусиқали драма театри артисти Шафоат Раҳматуллаева, марҳум Р.Содиқов, устоз санъаткор, марҳум Таваккал Қодиров, хонанда М.Тўхтасиновлар Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Қ.Юсупов Ўзбекистон халқ ҳофизи, вилоят театрида кўп йиллар фаолият кўрсатган артист Х.Икромов, С.Ҳакимов, марҳума Ҳ.Ҳожинабиева, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси вилоят бўлими хонандалари А.Каримов, Қ.Тожиев, И.Иброҳимов, Бағдод тумани марказий маданият уйи бадиий раҳбари Т.Ҳайдаров, вилоят академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси хонандаси У.Алиев, марҳум санъаткор О.Мадалиев, таниқли сўз усталари Ж.Пўлатов, М.Ширяев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист», Қўқон шаҳар Ҳамза номли мусиқали драма театри бош режиссёри М.Жўраев, театр актёри А.Азизов, вилоят академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси раҳбари А.Солиев, Олтиариқ тумани маданият ва спорт ишлари бўлими мудири С.Маматов, сўз устаси Ҳотам Ҳакимов, марҳум Б.Шерқўзиевлар «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» деган юксак унвонлар билан тақдирландилар.

Ўзбек қўшиқчилик санъати соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган устоз санъаткор Муроджон Аҳмедов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Вилоятимизнинг истеъдодли ёшларидан Ш. Рустамова, Г. Мамазоитова, Г. Отақулова, А. Ашуров, Ф. Қамбаров, А. Муҳаммаджонов, Ш. Аҳмедова, С. Маматқулова Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндори бўлдилар. Фарғона шаҳар марказий маданият уйининг «Гўзал», «Сольнишко» болалар бадиий жамоалари бир неча бор «Янги авлод» болалар ижодиёти фестивалида ғолиб деб топилди.

Ёзёвон туманининг «Ёзёвон наволари», Фарғона шаҳрининг «Гўзал», Қўқон шаҳрининг «Қўқон ёр-ёри», Учкўприк туманининг «Ҳангома» бадиий жамоалари «Ҳаваскорлик халқ бадиий жамоаси» унвонига сазовор бўлди.

Вилоятимиз театр, санъат муассасалари ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўзбек миллий санъатини хорижий давлатлар халқлари ўртасида тарғиб этиш имкониятига эга бўлдилар. Жумладан, Қува тумани «Анор» ашула ва рақс ансамбли Миср Араб Республикасида, Бельгия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Тошлоқ тумани «Райҳон» ашула ва рақс халқ ансамбли Греция, Қўқон шаҳар «Қўқон ёр-ёри» фольклор-этнографик халқ жамоаси Туркияда ўтказилган халқаро фольклор фестивалида қатнашиб, ушбу анжуманларнинг лауреатлари бўлиб қайтдилар.

Марғилон шаҳар «Чодир жамол», Қўштепа тумани «Кабутар» фольклор-этнографик халқ жамоалари республикамизда анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган «Асрлар садоси» халқаро фольклор санъати фестиваллари совриндорларидир.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри Польшанинг Торун шаҳрида ўтказилган «Контакт-94» фестивалида «Тошкентга саёҳат», 2008 йилда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган ҳалқаро театр фестивалида «Кампир топайми, дадажон?» спектакллари билан қатнашиб, ушбу фетивалларнинг махсус совринлари билан тақдирланди.

Қўқон шаҳар Ҳамза номидаги мусиқали драма театри 2010 йилда Миср Араб Республикаси 47 та давлат театрлари қатнашган «Экспериментал театрлар халқаро фестивали»да рус классик ёзувчиси Гоголнинг «Шинель» асари билан қатнашди. Театрнинг актёри Ш.Усмонов «Энг яхши актёр» номинацияси соврини соҳиби бўлди.

You must be logged in to post a comment Login