ФАРҒОНАНИНГ ЭКОТУРИЗМ САЛОҲИЯТИ

Айни кунларда туризм дунё халқлари маданияти соҳасида амалий мулоқот вазифасини бажариб, ушбу тармоқ иқтисодиётнинг улкан даромад келтирадиган ва жадал ривожланиб бораётган ишончли йўналиши сифатида эътироф этилмоқда.

Истиқлолнинг илк йилларидан Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо бўлган мамлакатимиз гўзал табиат манзаралари, тарихий-маданий осори-атиқалари, муқаддас зиёратгоҳлари, бетакрор анъана ва қадриятлари, меҳмондўст халқи билан дунё сайёҳларини ўзига маҳлиё этмоқда. Бу борада мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий масканлар кўплиги бўйича дунёдаги етакчи 10 та давлатлар қаторида эътироф этилади. Буюк Ипак йўли марказида ва географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган юртимизда тўрт мингдан зиёд ноёб тарихий ва маданий ёгорликлар бўлиб, уларнинг 140 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 865 та сайёҳлик ташкилотларининг 15 дан ортиғи вилоятимизда фаолият олиб бораётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Мутахассисларнинг эътироф этишича, вилоятимизда туризм ва экотуризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит етарлидир. Етти иқлимда машҳур Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги тарихий обидалар, улуғ алломалар қадамжолари ва зиёратгоҳлар, маданий мерос объектлари, археология ва меъморчилик, табиат ёдгорликларини шундай муҳим омиллар сирасига киритиш мумкин. Марказий Фарғона чўлларида жойлашган “Табиат ёдгорлиги” табиий ҳудудида муҳофазага олинган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган қизиқиш ҳам мамлакатимиз ва халқаро миқёсда тобора ортиб бораяпти.

Сўх, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Шоҳимардон ва Марказий Фарғона ҳудудининг табиий-иқлими ўзига хослиги вилоятимизнинг экотуризм соҳасидаги улкан салоҳиятидан далолат беради. Боиси вилоятимиз ҳудуди ва ландшафтларининг тузилмаси жуда ҳам хилма-хил ва ўзига хосдир. Иқлим шароитининг ранг-баранглиги вилоятимиз ҳудудларида текислик-чўл, адирлар, тоғ-дашт ва баланд тоғ-ўрмон каби ландшафтларнинг шаклланишига олиб келган. Жозибали табиат манзаралари, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик турлари, диққатга сазовор маданий ва тарихий обидалар, халқимизнинг дунёнинг бошқа бирор минтақасида учрамайдиган этнографияси, урф-одатлари каби жиҳатлар экотуризмни ривожлантиришда қулай имконият ҳисобланади.

Экотуризмни тизимли ривожлантиришда вилоятимизнинг ноёб табиий хусусиятларини аниқлаш ва таснифлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун вилоятимиздаги чўл, адир ва тоғ минтақаларининг табиати, географик жиҳатдан ўзига хослиги ўрганилди ва экотуризм талабига мос келувчи 100 дан ортиқ ҳудуд ва объектлар танлаб олинди. Сирдарё тўқайзорлари, Сариқамиш ов хўжалиги, Гумхона қирлари ва Қайроққум, Марказий Фарғонанинг табиат ёдгорликлари, Бешариқ ва Данғара балиқчилиги, кўплаб кўл-булоқлар, қумликлар, қадимий дарахтлар, адирлар ва тоғлар минтақасидаги экотуристик объект ҳамда ҳудудлар – ғорлар ва даралар, археологик ёдгорликлар, шифобахш сувлар шулар жумласидандир.

Экотуризм тарихий маданий меросимиз, миллий менталитетимизга хос эзгу фазилатларни оламга кенг тарғиб этиш баробарида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, энг асосийси катта даромад келтириши билан аҳамиятли эканлигини асло унутмаслик зарур.

You must be logged in to post a comment Login