“Ўзбекистон” телерадиоканалда “Фидоийлар” номли янги сериал

“Ўзбектелефильм” томонидан суратга олинган, “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали намойиш этилаётган “Фидоийлар” номли янги сериал қисқа муддат ичида ўз томошабинларини топиб улгурди…

Мазкур сериал инсонларнинг соғлиғига жавобгар шифокорлар ҳаётига бағишланган. Ўттиз қисмдан иборат “Фидоийлар” сериалида пойтахтдаги талабга жавоб берадиган шифохоналар шароити билангина чекланмай, қишлоқ врачлик пунктларидаги камчиликлар хусусида ҳам аторфлича тўхталган. Актёрлар ансамбли ҳам жуда чиройли танланган. Ҳар иккита фильмнинг бирида пайдо бўладиган чеҳралардан фойдаланилмаган.

Абдухалил Мингноров, режиссёр: — Аслида шифокорлар тўғрисида ҳам телесериал олиш ғояси Ўзбектелефильмнинг директори Фотих Жалоловга тегишли. Сценарийни ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи ҳамда Соғлиқни сақлаш Вазирлиги билан ҳамкорликда ёзганмиз. Рости, тиббиёт тўғрисида сериал ишлайдиган даражада маълумотга эга бўлмаганим учун Кўкрак жаррохлиги марказига бориб операцияларда иштирок этдим. Рости, ҳушимдан кетиб қолай деган вақтларим ҳам бўлди (кулади). У ерда ўттиз ёшли ёш шифокор йигитларни жиддий операция қилаётганини кўриб ҳайратда қолдим. Шифокорларнинг меҳнати қанчалик машаққатли эканига амин бўлиб, уларни ҳам касбий, ҳам оилавий ҳаёти томонлама очиб беришга ҳаракат қилдим. Қолаверса, енгил-елпиликка қўл уриб, фақат диалогларга ўралашиб қолишни истамаганим учун Фарғонадаги қишлоқ врачлик пунктлари билан ҳам яқиндан танишдим. Суратга олиш ишлари бир йил вақт олди. Фарғонанинг табиати нозик бўлгани учун суратга олиш ишлари бироз чўзилди. Шу сабаб, пойтахтдан худди Фарғонага ўхшаш объектларни излашга тўғри келди. Актёрлар ансамблига келсак, фильмларимда экранлардан тушмай келаётган актёрларни чақирмасликка ҳаракат қиламан. Боиси ёш таниқли актёрлар катта маблағга ўрганиб қолган, шунингдек, вақти тиғиз, инжиқлиги бор. Шу сабаб, янги юзларни очишга қизиқаман.

Сериалда иштирок этган актёрлар ансамбли:

Пўлат Саидқосимов, Ёқуб Аҳмедов, Яйра Абдуллаева, Обид Юнусов, Диас Раҳматов, Маннон Убайдуллаев, Шафоат Раҳматуллаева, Азиза Бегматова, Мирза Азизов, Малика Иброҳимова, Шодия Тўхтаева, Беҳзод Ҳамроев суратга тушган. Қолаверса, Фарғона ва Қўқон актёрлари ҳам иштирок этган. Қўқон актрисаси Хурсаной Умарова эса янгитдан кашф этилди.

 

strong

You must be logged in to post a comment Login