Ўзбекистондаги Усмон Қуръони нусхаси Дубайда кўргазмага қўйилди

Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик шаҳарларидан бири – Дубайда шарқона хаттотлик, юртимизнинг миниатюра ва анъанавий санъати кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Фонд Форумнинг Dubai Culture & Arts Authority ташкилоти, Дубай ҳукумати, Дубай амирлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида қадимий қўлёзмалар, ноёб музей экспонатлари, мамлакатимизнинг анъанавий амалий санъати намуналари тақдим этилмоқда. Юртимизнинг миллий мероси ва маданиятининг бундай кенг қамровли тақдимоти БААда илк бора ўтказиляпти.

“Шарқона хаттотлиги ва миниатюра дурдоналари. Ўзбекистоннинг анъанавий санъати” кўргазмасининг тантанали очилиш маросими Султон ибн Али ал-Увайс номидаги маданият жамғармаси биносида бўлиб ўтди. Тадбирда расмий ва ишбилармон доиралар вакиллари, маданият арбоблари ва Шарқ санъати ихлосмандлари иштирок этишди. Кўргазмани Дубай амирлиги шаҳзодаси шайх Мажид ибн Рашид Ал-Маҳдум ҳамда Фонд Форум Васийлик кенгашининг раиси профессор Гулнора Каримова тантанали равишда очишди.

Кўргазма уч бўлимдан иборат бўлиб, унда Фанлар Академияси, Шарқшунослик институти, Мусулмонлар идораси ва шахсий тўпламлардаги қадимий қўлёзмалар, ноёб музей экспонатлари ҳамда юртимизнинг барча ҳудудларидан замонавий ижодкорларнинг асарлари тақдим этилди. Экспонатларнинг аксарияти чет элда биринчи бор кўргазмага қўйилмоқда.

Фонд Форум томонидан нашр этилган “Шарқона хаттотлик намуналари ва миниатюра санъати” нашри йиғилганларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Китобда хаттотликнинг турли йўналишлари, шарқона шеърият, наққошлар ижоди ҳамда Қуръони Каримнинг бадиий безаклари каби масалалар қамраб олинган.

БААда биринчи бор экспозицияга қўйилган Усмон Қуръони нусхаси кўргазманинг марказий қисмидан ўрни эгаллади. Ривоят қилишларича, ер юзида Қуръонинг тўрт нусҳаси мавжуд бўлиб, улар Ҳалифа Усмон буйруғига биноан кийик терисига ёзилган ва дунёнинг тўрт томонига юборилган.

Иккинчи бўлим нодир тарихий либосларга бағишлаган бўлиб, Бухоро Амирининг жаҳонга машҳур тўни, турли тарихий даврларга оид аёллар ва эркаклар либослари шулар жумласдандир. Уларнинг ҳар бири ўтган асрлар билан боғлиқ афсоналарни ўзида жо этган.

Қўлда ишланган ноёб буюмлар, юртимизнинг тенгсиз амалий санъатини намоён этувчи ёғоч ўймакарлиги, кандакорлик, каштачилик, заргарлик, локли миниатюра, кулолчилик маҳсулотлари учинчи бўлимда тақдим этилган бўлиб, улар пойтахтимиздаги музейлар, Фонд Форум тўплами ва шахсий тўпламлардан олинган. Мазкур экспозициянинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда замонавий ҳунармандлар ва ижодкор сулолаларнинг асарлари тақдим этилган.

Очилиш маросими доирасида ўзбекистонлик ижрочилар иштирокида маданий дастур тақдим этилди. Ҳар йили Фонд Форум томонидан ўтказиладиган “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреатлари Ўзбекистон халқ артисти Абдухошим Исмоилов бошчилигидаги миллий чолғучилик ансамбли ва “Офарин” рақс театри билан биргаликда чиқиш қилишди.

БАА оммавий ахборот воситалари кўргазмани қизиқиш билан ёритар экан, унга “бутун минтақанинг миллий маданияти ва санъатига нигоҳ”, дея таъриф беришди.

Манба: Фонд Форум матбуот маркази.

 

You must be logged in to post a comment Login