Ўзбек курашчилари Олимпиадага 6 та йўлланмани қўлга киритишди

Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича осиё малакавий турнири якунланди.

Осиёнинг 22 та мамлакатидан келган спортчилар нафақат медаль, балки Лондондаги ХХХ Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқи учун ҳам курашишди, дея қайд этади Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати.

Ўзбекистонлик 6 нафар спортчи Олимпиада лицензияларининг соҳибига айланди: икки кара Олимпиада чемпиони Артур Таймазов (120 кг), Рашид Қурбонов (74 кг), Ихтиёр Наврўзов (66 кг), Заурбек Сохиев (84 кг) ва Қурбон Қурбонов (96 кг) – Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва юнон-рум кураши вакили Нўминжон Абдуллаев (120 кг).

Турнир натижалари.

Эркин кураш. Артур Таймазов, Рашид Қурбонов, Ихтиёр Наврўзов ва Қурбон Қурбонов Олимпиада лицензияларидан ташқари, ўз вазн тоифаларида олтин медалларни ҳам қўлга киритишди. Заурбек Сохиев кумуш медаль соҳибига айланди.

Юнон-рум кураши. Абдуллаев Нўминжон кумуш медални қўлга киритди. Шоҳсупанинг учинчи поғонасига Рустам Ассакалов (84 кг), Бесики Салдадзе (74 кг) ва Дилшод Орипов (60 кг) лар кўтарилди.

Лондондаги Олимпиада ўйинларигача спортчиларимизда жаҳон малакавий турнирларида Олимпиада лицензиларини қўлга киритиш имконияти ҳали бўлади. Турнирлар Хитойда (27-29 апрель) ва Финляндияда (4-6 май) бўлиб ўтади.

You must be logged in to post a comment Login