Бадиий кенгашдан ўтган бадиий бўлмаган фильмлар

 

Бугунги кун ўзбек хусусий фильмлари ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг танқидий муносабатда бўлаётганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу ҳақда мутахассисдан сўрангиз ҳам, оддий томошабиндан сўрасангиз ҳам барчаси бир хилда бугунги кунда бир марта кўрарлик фильмлар кўпайиб кетаётганлигини таъкидлашади. Бу тўғри, албатта! Бироқ барчамиз танқид қиламиз-у, бундай ҳолатнинг вужудга келишида аслида ўзимиз сабабчи эканлигимизни ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

2011 йилнинг апрел ойида “Карвон қўнғироғи” газетасида таниқли санъатшунос олим Шуҳрат Ризаев билан бўлган суҳбат эълон қилинди. Унда олим бугунги кунда кино санъати мўмай даромад топиш манбаига айланиб қолганлигини таъкидлаган. Қолаверса, худди мана шу сабабдан кинода ҳаваскорларнинг кўпайиб кетганлигини кўришимиз мумкинлиги мисоллар билан исботланган. Аммо шу ўринда масаланинг бошқа бир тарафи борки, бу вужудга келган вазиятда кинонинг тақдирини яхши тарафга ўзгартириш имконини беради. Яъни бугунги кунда кинонинг мўмай даромад манбаига айланганлиги яхши. Зеро, рағбат бор жойда рақобат, интилиш, изланиш бўлиши бор гап! Бунинг устига ижодий эркинлик берилган ҳар қандай соҳани олиб қарасак, у ерда профессионаллар билан бир қаторда, ҳаваскорларнинг ҳам “ўралашиб” юрганини кўрамиз. Бу ҳолат ҳатто Жаҳонга ўзининг кино индустрияси билан ном таратган Голливуд, Болливуд, Россия, Европа мамлакатларида ҳам мавжуд ҳодиса! Зеро, тинимсиз рақобатгина охир-оқибатда рақобатбардош маҳсулотнинг вужудга келишини таъминлаши мумкин. Боз устига биз яшаётган давр тараққиёти-ю тезкорлигини унутмаслигимиз керак. Ахир, бир неча дақиқа олдинги информация тезда эскираётган, ўзининг қизиқарлилигини йўқотаётган бир пайтда узлуксиз равишда санъат асарини яратиб бўлмайди. Ахир, кўпчиликка яхши маълум бўлганидек, санъат бу ҳар куни яратиладиган нарса эмаски, уни тинимсиз ишлаб чиқараверсак! Худди мана шу томондан ҳам бугунги кунда кўпчиликнинг ўзини кинода синаб кўраётганлиги ижобий ҳодиса.

Ана энди масаланинг олим урғу берган муаммоли томонига эътибор қаратадиган бўлсак, айтиш керакки, дарҳақиқат, ҳар қандай одам кино олаверса, нафақат Ўзбек киносининг, шу билан бирга Ўзбек томошабинининг ҳам савиясини тушуриб юбориши табиий. Бу кино соҳаси жонкуярларининг барчасини ўйлантирадиган жиддий масала. Бироқ бунга оддий қараш керак. Яъни ҳамма ўзининг вазифасини тўлиқ бажарса, муаммонинг ечими оддийгина ҳал бўлади. Айтмоқчи бўлганимиз “Бадиий кенгаш” бу жойда жуда катта масъулият ва эътибор билан иш олиб боришига тўғри келади. Шу пайтга қадар биз доим танганинг икки томонига: кино ижодкорлари ва томошабинларгагина эътибор бериб келдик, холос. Бироқ бугун танганинг учинчи томони – киночилар ва томошабинларнинг оралиғидаги “Бадиий кенгаш”га эътибор қаратадиган пайт келди. Негаки, худди мана шу оралиқ киночиларнинг масъулиятини, кинонинг сифатини, томошабиннинг дидини аниқлайди ва таъминлайди…

Бир қарашда киночилардан сифатсиз кинолар яратаётганликлари ҳақидаги айбни олиб “Бадиий кенгаш”га эътибор қаратаётганлигимиздан кўпчилик ҳайрон бўлиши табиий. Аммо шу ўринда эътиборни бир оддий мантиққа қаратмоқчиман. Бизга маълумки, гуруч кўрмаксиз бўлмайди. Деҳқондан эса кўрмаксиз гуруч етиштиришни талаб қилиш эса аҳмоқлик. Бунинг устига иштаҳаси баланд хўранданинг тишига тош тегиши билан деҳқонни сўкмаслигини ҳам яхши биламиз! Айб кимда? Албатта, гуручни тозалаганда-да! Бугун эса биз ҳақли равишда киночилар ёмон кино олганликлари учун уларни койияпмиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, юқорида айтилганидек, ҳар куни яхши кино олиш мумкин эмас. Шундай экан, бир ўйлаб кўрайлик “Бадиий кенгаш” нимага тузилган унда?

Кўпчиликка яхши маълумки, Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда фаолият юритаётган кинотеатрлар сони унчалик кўпчиликни ташкил қилмайди. Уларда намойиш этилаётганлари эса маълум “чиғириқ”лардан ўтказилган фильмлардир. “Бадиий кенгаш” яхши киноларнинг камолотини таъминлаши, ёмон кинолардан бизни “қутқариш”лари лозим, холос. Бироқ охирги пайтларда бу борада бироз камчиликлар кўзга ташланаётгандек, назаримизда. Негаки, пойтахт кинотеатрларида томошабинларга намойиш этилаётган бадиий фильмларнинг айримлари на бадиийлик талабларига ва на санъат талабларига жавоб бермайди. Фикримизни қуйида мисоллар билан изоҳласак.

Катта киноэкранларда премьераси бўлиб ўтганига икки-уч йил бўлган “Шабнам” фильмининг оммавий ахборот воситалари орқали қилинган рекламаларидан кўпчилик кино ихлосмандлари қатори суйинганимиз рост. Ана ўша “жарчи”ларнинг гапларига ишониб ҳақиқий миллий кино кўриш учун кинотеатрга шошилганмиз. Бироқ айтилган ваъдалару, айюҳаннос эълонлардан фильмда заррача йўқлигини кўриб, ҳафсаламиз пир бўлиб, хўрлигимиз келгани ҳам аччиқ ҳақиқат! Негаки, ушбу фильмда кўрсатилаётган кадрлар шу даражада бир-бирига тескари мазмунда олинганки, ҳайрон қоласан киши. Биргина мисол, яхшилаб эслаб кўринг, хориждан келаётган ота-онасини кутиб олишга фарзанд – бош қаҳрамон, қаердан туриб боради? Беадаб бош қаҳрамон ўзининг кўчадан топган маъшуқасининг ёнидан, ювинмай-нетмай синглисининг қўнғироғидан уйғониб, куйлагининг тугмаларини ҳам йўлда қадаганча югуриб аэропортга жўнайди. Бу биргина эпизоддан қаҳрамоннинг саёқтабиат эканини сезишимиз мумкин. Бироқ орадан анча воқеалар ўтиб содир бўладиган жараён томошабинни янада ажаблантиради. Яъни ўғлининг кўнглига қарши бориб ота у севган қизни олиб бермаслиги ҳақида кескин қарор қабул қилиш жараёнида йигитнинг бувиси келиб қаҳрамонимизнинг отасини ўғлининг қалбини тушунмаётганликда, аслида унинг қалби отасиники каби тош қотмаганлиги, меҳр-муҳаббатга тўла эканини айтиб кўйиш билан бирга, “сенлар чет элда шаҳарма-шаҳар юрганларингда унга мен тарбия берганман, у менинг тарбиямни олган, уни койима”, – деб таъкидлайди. Энди табиий бир савол туғилади. Биз биринчи ёдга олган эпизодимиз билан иккинчисини мантиқан бирлаштирсак, гўёки йигитга бундай тарбияни (саёқлик ва суюқликни) бувиси берган кўринади. Бундан ташқари яна бир ҳаётий ҳақиқат бузилган кадр: йигитнинг отаси ўғли севган қизнинг уйига совчиликка боргач, у ерда ўзининг бир вақтлар кўнгил берган севгилисини кўриб қолади. Суриштирса, у ўзи келин қилмоқчи бўлган қизнинг онаси экан. Буни билгач ота асабийлашиб тўй бўлмаслигини айтади. Бунга биргина сабаб қилиб кино ижодкорлари бир вақтлар хўрланган ошиқнинг севги тарихини киритишади. Бунга бироз чидаб туриш мумкин. Аммо ҳамма нарса кейин пайдо бўлади. Тўй бўлмаслигига ҳеч қандай изоҳ бермай чиқиб кетган куёв тарафнинг қароридан ажабланган келиннинг отаси ўзининг уйидагиларни қистовга олади. Натижада, бир вақтлар йигитнинг отаси унинг хотинига совчи қўйганлиги, бироқ хотинининг отаси уни камбағалликда айблаб қизини бермаганлиги аён бўлади. Буни билгач, Шабнамнинг отаси хотинига қарата “бугундан мен учун ўлгансан” қабилида гапиради. Энди инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик, қиз бор уйга, боз устига “яхши қиз бор уйга шоҳ ҳам, гадо ҳам совчиликка келишга” ҳаракат қилади. Қиз томон маъқул кўрган оила билан қуда бўлади. Демак, эркак киши хотинига кимлардир, қачонлардир совчи қўйган бўлса, ажрашиб кетавериши керакми?! Унақада жуда кўплаб оилалар бузилиб кетиши табиий-ку! Ўша вазиятда хотин эрига ёлворади, ҳатто уни танимаслигини, уларнинг орасида ҳеч нарса бўлмаганлигини айтади… Бу қайси мантиққа жавоб беради. Хотин бир вақтлар ўзига келган совчилар учун эризан узр сўраши керакми?!

Фильм ижодкорларининг ваъдасига кўра, ушбу “санъат” асарида миллий, ўзбек қизининг қиёфаси яратилиши кўзда тутилган экан. Худди мана шу борада кишини ўйга толдирадиган бир қанча мулоҳазалар бор. Фильмни томоша қилганларга яхши маълумки, қаҳрамон йигит билан қиз бир-бирларини яхши билишади, яхши танишади, яхши кўришади, … Шу боисдан, улар тунлари интернет тармоғи орқали бир-бирлари билан хат ёзишиб, суҳбатлашишади. Бугунги кун меъёрлари, замондошларимизнинг ўзига хосликларидан келиб чиқиб бунга табиий жараён сифатида қарашимиз бор гап. Аммо масала шундаки, йигитдан қизга совчи келганида қизнинг онаси Шабнамдан у йигитни танийсанми, деса, у ерга қараганча, маъсумона “йўқ”, дея жавоб беради. Бу эпизодни кўрганларнинг баъзилари чуқурроқ ўйлаб кўришни ҳам истамасдан Шабнамни андишали қизга чиқаришди. Наҳотки, шу андиша бўлса! Бироз ўйга толасан, киши. Нега биз ҳамма нарсани ўз номи билан аташни унутиб қўйяпмиз? Ахир бу риёку! Бундан ташқари қизнинг кийинишини кўрган ҳар қандай одамнинг ҳайрати ошади: сочлари қирқ кокил қилиб ўрилган, бошига дўппи кийган гулрў “ажойиб” кофта билан шим кийиб олган… Мана сизга кийиниш композицияси!

Бизга маълумки, санъат асари томошабинни тарбиялаши, ўз ортидан етаклаши лозим. Айниқса, ўзбек кинолари олдига бу вазифа қатъий қилиб белгилаб қўйилган. Негаки, бизнинг ёшларимиз ҳар доим кинонинг ашаддий ишқивозларидан бўлишган. Улар ўзлари кўрган нарсаларга ишонишган, қаҳрамонларга эргашишган, улардек бўлишга ҳаракат қилишган. Бундан ташқари юртбошимиз томонидан ижодкорлар олдига замон қаҳрамонини яратиш, уни санъат асарларида акс эттириш масаласи қўйилди. Хўш, бу фильмдаги қайси қаҳрамонни замонамиз қаҳрамони дея оламиз? Фаҳшга берилган йигитними, риёкор қизними? Тўғри, биз ҳар бир асарга замон қаҳрамонини яратиш талабини қўймоқчи эмасмиз, фақат бир нарсани унутмайлик бизнинг қаҳрамонимиз ким бўлишидан қатъий назар у ишонарли ва ҳаётий бўлсин. У мана шу бугунги куннинг одами, шу юртнинг фарзанди, миллатнинг жонкуяри бўлсин. Уни кўриб ёшлар унга эргашсин, натижада юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилсин.

Миллийлик масаласига тўхталадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, дўппи кийиб, сочни қирқ кокил қилган билан, йигит билан учрашувга чиқиб, ерга кўз тикиб пиқиллаб йиғлаб, “бегим”, деган билан иш битмайди. Агар қаҳрамонда миллат кишиларининг хусусиятлари акс этмаса, оддий халқнинг дарди, унинг қалб кечинмалари ифодаланмаса, ўзи мана шу халқнинг типик вакили бўлмаса, ўй-фикрлари сунъий, мақсади қалбаки, ўзи тўқима бўлса кимга кераги бор уни?

“Шабнам” фильми шунча танқидларга қарамасдан бугунги кунда яратилаётган киноларнинг энг яхшиларидан ҳисобланади. Зеро, шундай фильмлар борки, уларнинг нима эканини ҳар қанча кўриб ҳам тушуниб бўлмайди.

Хусусан, “Асал, йигитда гап битта бўлади” фильмини олиб кўрайлик. Фильмда тасвирланишича учта йигит бир қизга ошиқ бўлади. Қиз уларни синаш учун (!) базм уюштиради. Эртасига эса учта йигитдан бири қизнинг номусига текканлиги маълум бўлади. Унинг кимлигини ҳеч ким, ҳатто қиз ҳам билмайди. Фильм воқеалари ана ўша айбдорни топиш билан боғланади. Энг ачинарлиси бу холатда улар мастликдан нима қилганлигини эслолмаяпти эмас, балки базмда улар бир нечта қизлар билан бўлганликдан, ана ўша қизлар орасида Асал бормиди, йўқмиди шуни билишмаганлигидан иккиланади. Буни аниқлаш учун эса йигитлар ҳам бир қизни белибос кўриши лозимлигини, хол қаерда жойлашганлигига қараб ўзи бирга бўлган қизми, ёки бошқа эканлигини айтишларини таъкидлашади. Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Наҳотки инсон бировнинг танасидаги холнинг қаерда қандай жойлашганлигини айтиб беролса-ю, ўша одамни ўзини билмаслиги мумкин?! Энг ачинарлиси фильмда қўпол сўзлар, беҳаё қочиримлар шу даражада кўп ишлатиладики, бу фильмни экран қаршисида ёшу қари, эркак ва аёл ёнма-ён ўтирган вақтда қандай намойиш этилганлиги кишини ўйлантиради.

Юқорида айтиб ўтканимиздек, ҳар бир мутасадди ўз вазифасини тўла бажарса бундай муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилади. Зеро, мана шу “фильм” тасвирга олинишидан олдин яхшилаб мухокама қилиниши, бу борада “Ўзбеккино” драматургия кенгашига ваколат берилиши лозим. Негаки биз фикр юритган фильмларимизни фақатгина мантиқий ва ахлоқий жаҳатларинигина тахлил қилдик, холос. Унинг бадияти, компонентларнинг ўзаро уйғунлиги хақида гапирганимизча йўқ. Демак, мавжуд муаммолар сарф-харажатгача бўлган вақтда адабий асосни тўғирлаш билан муаммолар хал этилиши мумкин. Бу эса қанча ўринсиз харажату, қанча бесамар ҳаракатни олдини олади.

Тўғри, мутахасисларимиз ўз ишларини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилишяпти, бироқ тушунарсиз холатлар борки, беихтиёр ўйга толасан киши. Биргина мисол, Шуҳрат Ризаев билан бўлган ўша суҳбатда олим у кишининг ёнига бир ёш ижодкор келганлигини, фильмини ўтказиб беришини илтимос қилганини: фильмни кўрган мутахасис бунга унамаганда “бу менинг тўртинчи фильмим” деганлигини айтади. Ижодкорнинг гапидан таажжубланган олим “Тўртинчи фильм шу бўлса, биринчилари қанақа экан?”, деган саволни қўяди. Бироқ бу гапдан бизда бошқа савол юзага келади: Олдинги учта фильм тасдиқдан қандай ўтгану, нега тўртинчиси ўтмаяпти?.. Ишонамизки, мутахассислар олдига қўйилаётган ушбу масала уларга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Билъакс уларнинг яхши асарни юзага чиқаришдаги ишларини янада ривож топтиради…

Шуҳрат Ризаев, Санъатшунос олим, Бадиий кенгаш аъзоси

– Ҳозирда фильмларни ким томонидан суратга олинаётганлигини назарда тутиб, Давлат маблағлари хисобидан ҳамда хусусий студияларда суратга олинган фильмларга ажратиш таомилга кирган. Табиийки, давлат маблағлари хисобига олинган фильмлар давлат студияларида ишлаб чиқарилади. Агар давлат маблағлари хисобига олинадигн фильмлар мамлакатимизда маънавий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга, миллий истиқлол ғояси талабларига мувофиқлик нуқтаи назаридан ишлаб чиқарилса, ҳамда улардан асосий мақсад халқимизнинг, айниқса ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришни кўзда тутса, хусусий студиялардаги фильмлар эн аввало моддий манфаатдорлик мақсадини кўзлайди. Аммо таассуфки, томошабин буни фарқламайди. Унинг учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фильмлар бор холос. Демак, қайси студияда яратилишидан қатъи назар фильмларга қўйиладиган талабларни ҳам айнанлаштириш зарур экани маълум бўляпти. Давлат маблағларига олинадиган фильмларда ҳар бир фильм учун бадиий кенгаш камида уч маротаба махсус йиғилади. Дастлаб адабий сценарий, сўнгра режиссёрлик сценарийси ва ниҳоят фильмнинг дастлабки хомаки ишчи варианти. Фильм ана шу жараёнлардан коллегион асосда ўтгач катта экранга йўл олади. Демак, 11 кишилик кенгаш фильмга нисбатан тўлиқ масъулият билан ёндашиб иш олиб боради. Хусусий студиялар фильмлари эса фақатгина кичик экспертлар гурухининг назарида сценарийси бир бора кўрсатилиб, фильм холида тайёр бўлгач рухсатнома олиш учунгина ўтказилади. Демак масъулият даражаси еру-осмонча дейиш мумкин. Ваҳолангки, томошабин фильмларни қай йўсинда ишлаб чиқарилаётганлигини фарқламас экан, нима учун биз уларни икки хил меъзонларда ўлчашимиз ва икки тартибда ёндашишимиз керак. Бундан хулоса шуки, республикамизда ишлаб чиқарилаётган барча фильмларни профессионал асосда ишлайдиган бадиий кенгашнинг юқорида кўрсатилгандек, бир неча босқичлик назаридан ўтказиш зарур. Шу маънода ёш санъатшунос Бахтиёр Ёқубовни фикрларини тўғри деб топган холда унинг ечими хақидаги мулоҳазаларимизни ҳам таклиф этган бўламиз. Бугунги кунда кино санъати энг катта мавкуравий қурол. Кимдир уни юксак ғояларга, кимдир эса ўтин ёришга сарфлаб қўяётган экан, бу холга лоқайд қараб бўлмайди. Фақат профессионализм ҳамма соҳада бўлгани каби кино масаласида ҳам бизни юксакликка кўтарадиган асосий кучдир.

Таҳлил қилинган фильмлар сарасига

“Шомурод ва Дурдона”

“Армон”

“Али, Вали, Ғани Насиба қани?”

“Жаноб ҳеч ким”

“Эсимиз қурсин”

“Қароқчилар”

“Тундан тонггача”

“Бекорчилар”

“Амакиваччалар”

“Шаддод қиз”

“Ошиқлар”

“Шаҳарлик олифта”

“Асал, йигитда гап битта бўлади” каби фильмларни киритишиз, бу рўйҳатни узоқ давом эттиришимиз мумкин…

Фильмлар томошабинга қандай етиб боради?

Продюссер

Режиссёр

Сценарий ғояси

Экспертлар гурухи

Драматург

Актёрлар

Фильм хомаки

Монтаж

Фильм

Томошабин

Бахтиёр Якубов, Санъатшунос
  darakchi.uz

/spanФильм хомаки

You must be logged in to post a comment Login