“ОТА-ОНА, ҚИЗ БИЛАН ЙИГИТНИНГ ЎРТАСИДАГИ ПАРДА КЎТАРИЛИШИ КЕРАК ЭМАС”

Шундай актёрлар бўладики, улар ижро этган роллари орқали миллатининг, халқининг юраги тўридан муносиб ўрин олади. Уларнинг рол ижро этаётган давридаги ижод завқи, кўнглидан таралаётган нур томошабинлар қалбини забт этади, ижобий қаҳрамонларининг хислатлари томошабинга маълум маънода «юқади». Навбатдаги суҳбатимиз Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан.

ҚИСҚА МАЪЛУМОТ
Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Ёдгор Саъдиев 1946 йилнинг 12 июнида Тошкентнинг Себзор даҳасида таваллуд топган. 1971 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968 йилдан Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган. 1998 йилдан Ўзбекистон Ички ишлар Вазирлиги қошидаги “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари. Режиссёр сифатида Ж. Пуаренинг “Алдагани хотин яхши”, Ф. Богдановнинг “Тунги меҳмон”, С. Сирожиддиновнинг “Ҳаёт эшик ортида” спектаклларини саҳналаштирган.
Дубляжда 700 га яқин фильмда овоз берган. 1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1998 йилда “Ўзбекистон халқ артисти”, 2005 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

– Шундай бир гап бор: «Ҳаёт – бу театр». Унинг акси сифатида «Театр – бу ҳаёт». Сизнингча, ҳаёт театрми ёки театр ҳаётми?
– Мен учун «Театр – бу ҳаёт» тушунчаси тўғрироқ. «Ҳаёт – бу театр» – қайсидир одамларнинг фикрича шундай. Улар «Ҳаётда ҳамма ҳар доим рол ўйнаши керак, бу дунё – бир театр», деган ақидага суянишади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Дунёда ҳаётда «рол ўйнамайдиган» одамлар ҳам жуда кўп. Менинг ўзим ҳеч қачон ҳаётда «рол ўйнамайман», рол ўйнасам ҳам фақат саҳнада ўйнайман: шарт-шарт гапириб юбораман, одамларни алдай олмайман, дарров тутилиб қоламан, чунки шундай тарбия топганман.
Менимча, театр – бу ҳаёт. Бунга ҳар тарафлама қараш мумкин: ҳаётимнинг давом этиши ҳам театрга боғлиқ бўлиши мумкин, яшаётганлигимнинг ўзи ҳам шу театрда ишлаш учун бўлаётгандир… Ҳозирча мен театрдан йироқроқдаман, лекин мен ўзимни театрдаман, деб ҳис қиламан. Бу энди кимга қандай? Ҳаётда «ўйналгандан» кейин софлик йўқолиши мумкин, беғуборлик йўқолиши мумкин. Шунинг орқасидан иймон ҳам кўтарилиб кетади, инсоф ҳам секин-секин четга чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳаётда «ўйнамаслик керак», деб ўйлайман.
– Томошабин сиз яратган образларни кузатиб турар экан, ундан ўзига, албатта, бирор бир ижобий фазилатни «кашф қилади». У хоҳ ижобий, хоҳ салбий образ бўлсин, мухлисларингиз ўзларига ибрат бўлгулик жиҳатларини олади. Сиз ўзингиз яратаётган салбий образларнинг ижобий жиҳатларини топиб яратишга ҳаракат қиласизми?
– Нега менга бу саволни бераётганлигингизни сезиб турибман. «Шайтанат» масаласида Асадбек ўзи салбий образ бўлишига қарамай, одамларга бироз ёққанлиги ҳақида айтяпсиз. Мен буни атайлаб шундай ўйнаганман. Китобдаги Асадбек билан бизнинг фильмимиздаги Асадбекнинг орасида фарқ катта. Тоҳир ака уни китобда маккорроқ, айёрроқ қилиб яратган. Асарда Тоҳир Маликнинг «Бу палаги тоза оиладан эди. Бир кун ўзини-ўзи топади», деган гапи бор. Шунинг учун мен Асадбекнинг салбий эмас, ижобий тарафларини кўпроқ кўрсатишга мойил бўлганман, Асадбекнинг яхши тарафларини очиб беришга ҳаракат қилганман. Шунинг учун ҳам одамлар Асадбекни ёқтиришади. Чунки унда мардлик бор, қатъият бор, ростгўйлик бор, яхши одамларда учрайдиган хислатлар бор. Ҳақиқатан ҳам, унинг келиб чиқиши тоза. Асадбекнинг бу муҳитга тушиб қолишига давр сабабчи, вазият сабабчи. Биз кўпроқ ўша даврга урғу беришимиз керак. Агар ўша машъум қатағон бўлмаганида Асадбек Асадбек бўлиб вояга етмасди. Менинг ички дунём шундайки, ўзимнинг миллатимдан чиққан шахсларни саҳна орқалими, телеэкран орқалими, ёмон қилиб кўрсатгим келмайди. Грузинлар кичик-кичик лавҳали фильмлар яратишарди-да, шунда фильмнинг бошида қаҳрамонни ёмон жиҳатларини кўрсатиб ерга уришарди. Фильм сўнгида эса ўша қаҳрамонни чўққига олиб чиқиб қўйишарди ҳамда томошабин «бундай буюк миллат дунёда йўқ» деган якуний хулосага келарди. Мен ҳам миллатимни образлар орқали худди шундай қилиб тасвирлаб беришни хоҳлайман. Чунки бу – менинг миллатим. Бу гап миллатчиликдан қатъи назар, бўляпти. Ўзбекистонда яшаётган барча инсонларни ижобий тарафларини кўрсатгим келади.
– Бугунги кунда глобаллашув жараёни миллатимизга ҳам ижобий жиҳатдан, ҳам салбий жиҳатдан ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу эса ўз-ўзидан санъатда ҳам намоён бўлмоқда. Аксарият замонавий ўзбек фильмларидаги ота-она, ота-бола, ака-ука, қиз билан йигитнинг ўртасидаги муомала маданиятини кўрсангиз, иллат сифатида намоён бўлиб, бу бизнинг миллат муомаласими, деб киши ҳайратга тушади. Санъатда миллийликни сақлаб қолиш учун асосий эътиборни нимага қаратиш керак?
– Сиз айтаётган жараён санъатимизда, айниқса, эстрада санъатимизнинг ривожланишида яққол кўзга кўриниб туради. Кўпинча иқтидорли ёшларимиз томонидан айтилаётган қўшиқлар чет элдан ўғирланяпти. Аксарият клиплар ҳам худди мана шу тарафга тортиб кетадиган қўшиқлардан иборат. Бу муаммони биргина мен айтганим билан уни ҳал қилиш осон бўлмайди. Ҳозир тезкор замонда яшамоқдамиз. Компьютер даври, ахборот воситалари жуда ҳам ривожланан давр. Балки шу даврга мослашиб, ёшларимиз бу ҳаракатларни қилишаётгандир… Балки ёшларимизга шунинг учун ҳам миллийликдан ташқарига чиқиб кетаётганлиги сезилмаётгандир… Бугунги кундаги ёшларимиз жуда иқтидорли. Менинг уларга ҳавасим келади. Ишхонамизда уч-тўртта компьютер бор. Мен компьютердан кам фойдаланаман. Бир асарни ўқийдиган бўлсам, китобдан ўқисам маза қиламан, жонли мулоқот қилаётгандек бўламан, китобнинг ўзига хос тафти бор. Буни ёшларимизнинг ўзлари ҳам тушунишлари керак. Интернетга кириб ҳар хил хабарни ўқиш бугунги кунга тўғри келаётгандир, лекин китобга бўлган меҳр ҳам одамни миллийликка қайтаради, деб ўйлайман. Миллийлик ҳақида гипиришимиз бу миллатчиликка кирмайди. Бу миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш учун жонкуярлик билан гапирилаётган гаплардир. Менга ҳам ёшларимизнинг ўзаро мулоқоти, баъзи фильмлардаги ота-онаси билан бўлаётган суҳбатлари эриш туйилади. Ҳозирги замонда шундай гаплашиш керак эканми, деб ўйлаб қоламан… Йўқ, миллий маданиятни сақлаб қолиш шарт. Ота-она, қиз билан йигитнинг ўртасидаги парда кўтарилиши керак эмас, чунки бизнинг қадриятларимиз бошқа дунёдаги миллатларнинг қадриятларига нисбатан юксакроқ. Бежизга Тошкентни бундан бир неча йил аввал “Ислом маданияти маркази” деб тан олишганлиги йўқ. Ислом маданиятини бизнинг алломаларимиз дунёга таратди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун бундай алломалари бор авлодларимиз бўлган йигит-қизларимиз бирор бир ҳаракатни қилаётганда, гапираётган гапини гапираётганда бунга фаҳмлари етадилар, деб умид билдираман. Баъзи бир оилаларда миллийлик йўқолгандир, бироқ аксарият оилаларда миллийлигимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз сақланиб қолган. Биз кўпчиликни ташкил этамиз. От айланиб қозиғини топади, дейишади. Баъзи бир ёшларимиз пайти келиб миллий маданиятимизнинг бошқа маданиятлардан устунлигини билиб олишади ва унга амал қилишади.
– Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган гап бор. Айримлар эса “Устоз отангдан улуғ”, деб талқин этади. Сизнинг эл таниган санъаткор Ёдгор Саъдиев бўлиб етишишингизда отангиз актёр Ҳабиб Саъдийнинг таъсири катта бўлганми ёки қаттиққўл устозларингизнинг? Балки устоз санъаткор Наби Раҳимовнинг, ўзингиз суҳбатларингизнинг бирида таъкидлаб ўтган, ҳар сафар бирга сафар қилганлигингизда айтадиган “Туринг, княз! Сизни буюк ишлар кутмоқда”, деган ишончли сўзлари далда бўлгандир?
– Биласизми, “Устоз отангдан улуғ” деган сўз нотўғри. Гоҳида шундай деб қўйишади. Бу ҳам сўзга эътиборсизлик. Отадан улуғ инсон йўқ. Мен отамни кўрмаганман. “Ота”, “ада” демаганман, тиззаларида ўтирмаганман, отам вафот этганларидан икки ойдан сўнг туғилганман. Шу сўзларни баъзан ёнимда айтишганлигида, “Ҳой, тўхтанглар. Устоз отадан улуғ бўла олмайди. Отадан улуғ зот бу – Аллоҳ бўлиши мумкин”, деб тўғрилашга ҳаракат қиламан. Лекин отадек улуғ бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Яхши устозлар отадек улуғ бўлиши мумкин. Наби ака негадир менга: “Туринг, княз”, – дердилар. Нимага бундай дейишларини сабабини ҳеч сўрамаганман. Билмадим, бў сўзларни менинг ўзимни тутишимга қараб айтганмилар, лекин бу сўзларни ҳеч қандай истеҳзосиз, кўнгилларидан чиқариб, самимий гапирардилар. Устоз шогирдига кўп гапириши шарт эмас. Миллий академик театрни ўзимнинг энг катта устозим деб биламан. Театрдаги устозларимдан Наби акадан кўп нарсани қараб туриб ўрганганман. Худди шундай Шукур ака Бурҳоновдан, худди шундай тарзда Амин ака Турдиевдан, Зайнаб опа Садриевадан, Ёқуб ака Аҳмедовдан ҳам ўзимга керакли бўлган кўп нарсаларни олганман. Наби ака Раҳимов раҳматли: “Ким мени устозим деса, ўша менинг шогирдим”, – дердилар. Ҳозир бизда: “Шогирдларим жуда кўп, шунча-бунча”, – дейишади. Мен бунга ишонмайман. Баъзан қўшиқчилар орасида шогирд мингтагача чиқиб кетиб қолади. Бу бўлиши мумкин эмас, бу шогирд эмас. Кимдир сенинг қўшиқларингни айтса, у шогирд бўлиб қолганимас. Ҳали ўзи шогирд бўлган қўшиқчилар ҳам шогирдларим кўпайиб қолди, дейишади. Мен устоз-шогирд мавзусига эҳтиёткорлик, талабчанлик билан қарайман. Устознинг шогирдига қадамма-қадам ўргатиши шарт эмас. Шогирд ўзи кузатиб, ўзига керакли бўлган нарсани олади. Театрга энди ишга келган пайтимда эллик актёрдан йигирма беш-ўттиз нафари эркаклар бўлган бўлса, мен ўзимга керакли бўлган хислатларни ўрганиб, ўзимга сингдириб борганман. Улар менинг қўлимга “санъат алифбеси”ни бериб, ўқитишган эмас. Актёрларнинг хатти-ҳаракати, ўзбек тилига бўлган муносабатин кўриб, таҳлил қилиб ўрганганман. Чунки театр ўзбек тилининг софлигини сақловчи марказлардан биридир. Айниқса, Миллий театр ўзбек тилининг лабораторияси бўлиши керак. Илгари шундай эди, ҳозир ҳам шу нарсага ёшларимиз кўпроқ эътибор беришлари лозим. Айни замонда киноларимизда ҳам, театрларимизда ҳам лаҳжаларда сўзлашиш кўпайиб кетди. Ўзбек адабий тили жуда соф ва гўзал тил ҳисобланади. Шуни биз, албатта, асрашимиз-авайлашимиз даркор. Нутқнинг софлигича томошабинга етказишни устозлардан ўрганганман. Икки устозимиз – Шукур ака Бурҳонов ва Амин ака Турдиевлар “меҳнат” сўзини айта олмай, “михнат” деб талаффуз этишарди ҳамда рол ўйнаш жараёнида: “Мен кўп михнат қилдим”, – дейишарди. Бу борада устозларнинг мана шундай камчилиги бор, деб баралла айтмоқчи эмасман. Уларнинг ўзига хослиги мана шунда эди. Олим ака Хўжаевнинг нутқи ўзига хос жозибадор эди. Ўзини тутишни, саҳнага бўлган эътиқодни, саҳнага бўлган ҳурматни устозларимиздан ўрганиш лозим. Шундагина устоз-шогирдлик анъанаси давом этиб кетаверади. Ёшлар устоз танлаш борасида ҳеч ҳам янглишишмасин.
– Ойбекнинг “Навоий” романи асосида ишланган видеофильмда шаҳзода Бадиуззамон, театрдаги “Юлдузли тунлар” спектаклида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоларини ижро этгансиз. Тарихий шахс образини яратиш мураккаб жараён: актёр тарихий шахс яшаган даврни, муҳитни воқеаларни, ўша даврдаги инсонларнинг фикрлашларини, муомаласини, тарихий асарларни ўрганиши, билиши, тарихий шахснинг руҳиятига, даврига кира олиши керак. Тарихий шахсларнинг образини яратиш жараёнида асосий эътиборни қайси омилларга қаратгансиз?
– Албатта, буларни ўрганмай туриб саҳнага чиқишлик дилетантлик ҳисобланади. Бадиуззамонни қўя турайлик, Бобур сиймосини яратиш борасида гаплашсак. Мен 1983 йилда Бобур ролини ижро этганман. Ҳозиргача образ яратдим, деб айтмайман, камдан-кам ушбу жумлани ишлатаман. Образни актёр бир маротаба яратса ҳам бахтли ҳисобланади. Рол ўйнаш бошқа нарса, образ яратиш бошқа нарса. Бобур ролини ўйнаганимдан бери шу ролнинг устида ишлаш бугунги кунгача, 30 йилга яқин вақт мобайнида давом этиб келмоқда. Кўнглимда Бобурга оид яхши бир фильм яратиш ниятим бор. Бунинг учун кучли драматургия керак. Фойдаланиладиган асосий манба бобокалонимизнинг “Бобурнома” асарлари бўлади. Бобур номидаги халқаро жамғарма раиси Зокир ака Машрабов менга хат ёзиб, бу борада эслатдилар. Тарихий шахсларнинг ролини ўйнаш оғир. Ҳаттоки “Бобур” спектаклини ҳам бадиий кенгашга, кўрикка саккиз маротаба топширганмиз. Зўрға ўтказишган. Ўша пайтдаги давр шундай эди. Ҳозир шундай даражадаги ҳам режиссёрлар, ҳам актёрлар уйғунлиги мужассамлашган спектакллар етишмаяптимикан, деб ўйлайман. Насиб қилса, Бобур ҳақидаги фильмни суратга олиш ва Бобур ролини ижро этишликни Яратгандан сўраб қоламан. Мана, Амир Темур ролини ҳеч ким қойилмақом қилиб ўйнай олмаяпти, гарчи Соҳибқирон ролини бир қанча инсонлар ўйнаган бўлса-да, томошабин қабул қила олмаяпти. Амир Темурнинг ролини менга беришса, мен ҳам ўйнай олмаслигим мумкин, чунки бунинг “юки” ниҳоятда оғир, уни кўтара билишлик лозим. Мен энди кўтара олмасам керак. Бобур ҳақидаги ўйларим ўттиз йилдан бери давом этиб келаётганлиги учун ҳам уни “кўтара оламан”. Умрининг сўнгги – Ҳиндистондаги йилларини яратишимга кўзим етади.
– “Қалқон” студиясининг раҳбари сифатида келажакда қандай бадиий фильмларни олишни режалаштиргансиз?
– Юқорида айтганимдек, Бобур ҳақида фильм олишни режалаштирганмиз. Мен Тоҳир Малик билан ҳамкорликда ижод қилишни яхши кўраман. Тоҳир аканинг уч-тўртта асарлари менинг қўлимда турибди. Насиб қилса, умрим етса, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Ов”, “Талваса” асарларидан яхшигина фильмлар қилиш мумкин, деган фикрдаман. Бу асарлар пишиқ-пухта яратилган, фильм қилишга арзигулик асарлардир. Шунинг билан биргаликда “Қалқон” студияси Ички Ишлар Вазирлигининг бирлашган таҳририяти қошида тузилган, шу йил ички ишлар ходимлари ҳақида фильм яратиш ниятимиз бор. Ички ишлар ходимларининг шарафли, машаққатли ишларини ёритиб берувчи фильм устида иш олиб боряпмиз. Фильм номи ҳозирча сир. У шу йилнинг охирида тайёр бўлиб қолади. Ушбу йил юртбошимиз номидан “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Қўлимда оила ҳақидаги икки-учта яхши асар бор. Астойдил ҳаракат қилсак, балки йил охиригача мустаҳкам оилага оид фильм ҳам яратармиз.

Нигора Умарова суҳбатлашди.

You must be logged in to post a comment Login