Эркин Комилов: «Онам 27 фарзанд туққан»

Ўзбекистонда халқ артисти Эркин Комилов

Бу инсоннинг исмини эшитганда кинотеатр мухлислари гоҳ «Олтин девор»даги Қиличбекни, гоҳ «Шайтанат»даги Ҳайдарни кўз олдига келтиришса, гоҳ унинг «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувидаги юзлаб образлари, турли эртак, мультфильм, кинофильмларга берган овози орқали жуда яхши танишади ва эъзозлашади. Ушбу саҳифамизда ана шундай эл ардоғидаги севимли актёримиз Ўзбекистонда халқ артисти Эркин Комилов ўзининг кўпчилик мухлислари учун қизиқ бўлган ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилишга жазм этди…

Онам 27 нафар фарзанд кўрган

Гўзал водийнинг Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги Кўрфа қишлоғида 1946 йилнинг 20 июлида таваллуд топганман. Онам 27 нафар фарзанд кўрган. Мен оилада 19-фарзанд бœлиб дунёга келганман. Ота-онам шунчалик серфарзанд бўлишларига қарамай, афсуски фарзандларининг 22 нафари пешонасига сиғмаган экан. Фақатгина беш нафар ўғил-қиз омон қолдик. Отам зиёли инсон бўлганлиги учун маҳалла куйда Комил Қори ака дея эъзозланарди. Онам Хайринисо ая эса жуда гапга уста, ҳар гапга мақол қўшиб гапирадиган, адабиёт, шеърият ва санъатни жонидан севувчи аёл бўлган. Мен туғилганимда отам менга Тангриберди деб исм қўймоқчи бўлибди, шунда онам: «йўқ, бу оғир исм, қолаверса кўча-кўйда болалар бу исмни тўлиқ айтолмасдан, ўзларича ҳар хил қисқартириб айтишлари мумкин. Бу эса яратганга хуш келмайди. Бу бола ўзи эркин туғилди, келинг, яхшиси шу боламизнинг исмини Эркин қўя қолайлик» деб менга шу номни беришган экан.

Биз яшайдиган қишлоқ қўшни Қирғизистон ҳудуди билан чегарадош бœлиб, Ўш кинотеатри ҳам бизга анча яқин эди. Эсимда, ҳали 6-7 яшарлигимда онам биз фарзандларини етаклаб, пиёда Ўш кинотеатрига олиб борган. Саҳнада чиройли отлар, қилич-қалқон кўтарган одамлар… Ўша куни «Равшан ва Зулхумор» спектакли намойиш этилаётган экан. Томоша менга жудаям ёқди. Қайтаётиб онамдан, «Онажон, биз ҳозир қаерга келдик» деб сўрадим. Онам: «театрга» деб жавоб берди. Мен ўша пайтда биринчи марта театр сўзини эшитишим эди. Яна онамдан «театр ўзи нима, у ерга нима учун борилади» деб сўрадим. «Театр томошалари инсонга яхшиликдан ўрнак олишни, ёмонликдан нафратланишни, қадимий ўтган тарихни, қолаверса барча инсоний фазилатларни ўргатади. Театрга кўп келиб юрган болалар яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалаба қозонишини, ҳаёт қийинчиликларига қарамасдан доимо мардонавор курашишни ўргатади», — дея жавоб берди. Шундан кейин «Мени яна театрга олиб боринг» деб йиғлайдиган бўлдим. Онам вақт топдим дегунча бизни театрга олиб борарди.

Севги тилда изҳор қилинмасада…

Ёшлигимда гўё тилим лол эди. Айниқса, ўзим севган қизни кўрганимда тилим калимага келмасди. Бир пайтлари пахта экиш мавсумида аёллар ҳам қатнашарди. Хотин-қизлар чигит экарди. Мен эса чигит ташиб бериб турардим. Шундай кунларнинг бирида чигит экиб юрган қизлардан бирини қаттиқ севиб қолганман. Бир далада бирга ишлаймиз, бирга юрамиз, лекин бир-биримизга ҳеч нима деёлмаймиз, гаплашолмаймиз. Шунда секингина синглим Фаридахондан ўша қизга хат ёзиб бериб юборардим. У қиз ҳам менга бефарқ эмас эди. У ҳам хатлар ёзиб, синглимдан жўнатарди. Афсуски, тақдиримиз айро бўлди. У турмушга чиқиб кетди, мен ўқишга кириб кетдим. Институтда ўқиб юрган пайтларим ёзги таътилда қишлоққа келганимда қишлоғимиздаги кўприкдан ўтиб кетаётиб, не кўз билан кўрайки, кўприкнинг у томонидан ўша қиз келяпти. Нима қилишни билмай бир зум карахт бœлиб қолдим. Орқага қайтай десам илож йўқ, у мени кўрди. Олдинга қадам ташлай десам оёқларим гўё жонсиз, рангим докадай оқарган. Минг ҳижолат, минг озорда кўприкдан бир амаллаб ўтиб кетаяпман. У ҳам тобора яқинлашаяпти. Бир-биримизнинг рўпарамизга келганимизда на мен унга салом бериб «қалайсан, турмушинг яхшими?» деб сўролдим, на у менга салом бериб «ўқишларингиз яхшими» деб сўролди. Азбаройи шу топда тилим калимага келмасди гўё, тилим буткул қуриб қолгандай эди. Кейинчалик у ҳар доим Тошкентга йўли тушганида театрга тушиб, мен ўйнаган спектаклларга кўриб кетаркан. Ўзим эса булардан бехабар бўларканман. Ҳақиқий севги тилда изҳор қилинмасада, дилда мангу яшайверар экан.

Фарзандларимни ёлғиз катта қилганман

Инсон учун энг қимматли нарса бу ҳаёт экан. Бизнинг қувончу-ташвишимиз ҳам, бахту-иқболимиз ҳам мана шу ҳаёт билан боғлиқ. Ҳаётга эзгу ниятлар билан адолатли қараш, унинг гўзаллигини ҳис қилиш, яқин инсонларга, оилага эътиборли ва меҳрли бўлиш энг оқилона фазилатлардан бири деб ҳисоблайман. Ҳаёт тинимсиз ҳаракат ва курашдан иборат. Бу ҳаёт гулга бурканган бўстон эмас экан. унинг ўзига яраша аччиқ-чучуклари, ташвишлари бор экан. Буларнинг ҳаммасини шу пешона кўрди. Яхши ниятлар билан турмуш қурган умр йўлдошим юрак хасталиги билан оламдан ўтганида Фотима-Зуҳра қизларим билан ёлғиз қолдим. Иккинчи қурган турмушим ҳам бахтли кечмади. Дилафрўз, Дилфуза, Шаҳноза, Азимжон исмли фарзандларимнинг онаси ҳам, афсуски, бедаво дард билан оламдан ўтди. Ёлғиз бошим билан фарзандларимнинг ҳаммасини ўзим ўстирдим. Кирини ўзим ювиб, ўзим овқатлантириб, бирини боғчага, бирини мактабга олиб борардим. Шундай кунларнинг бирида ҳамкасб ёру-дўстларимиз «эркак кишига ёлғизлик жуда азоб, барибир фарзандларга она меҳри зарур, яна турмуш қуришинг керак» деб маслаҳат беришди. Аслида менга қолса «бўлди энди ҳеч қачон турмуш қурмайман, нима бўлса пешонамдан кўраман» деган қарорга келган эдим. Ўзимизнинг Миллий академик театримизда режиссёр ассистенти бœлиб ишлайдиган Маҳбубахон исмли қизни менга тавсия қила бошлашди. Мен эса жуда ноқулай аҳволда қолдим: ёшим анчага бориб қолган бўлса, у бўлса ҳали турмушга чиқмаган қиз. Кейин Маҳбубахоннинг ҳам менда кўнгли борлигини эшитиб қолганман. Ўзи билан гаплашиб олгач, ўзим оила аъзоларининг олдига совчиликка бориб, рози-ризолигиси олиб яна янги оила қурдим. Бу оиламдан ҳозир битта Авазбек исмли ўғлим бор. Ўғлим 51 ёшга тўлганимда туғилган. Ҳозир 13 ёшда. Гимназияда аъло баҳоларга ўқияпти. Бошқа фарзандларимни камситмаган ҳолда Авазбек ўғлимдаги билимга чанқоқликни, юқори истеъдод ва интилишни, ақлу-идрокни кўриб «асли ўзи 50 ёшдан кейин уйланиш керак экан», дея дўстларимга ҳазиллашиб қўяман. Ўғлимга ҳеч ким маслаҳат бермасада, Қуръоннинг «Ёсин» сурасини ўзи меҳр билан берилиб ёдлаб олганлиги мени ниҳоятда қувонтиради. Юқорида айтиб ўтганимдай отам ҳам зиёли инсон бўлганлар. Балки отамнинг бу хислатлари ўғлимга ўтган бўлса ажабмас. Катта қизим Фотимахон Университетнинг химия факультетини, Зуҳрахон эса филология факультетини тамомлаган. Дилафрўз қизим тижоратчи. Дилфуза моҳир чевар, Валижон Шамшиевга турмушга узатганмиз. Шаҳнозахон эса ҳамшира. Азизбек ўғлим юридик соҳада таълим олиб, ҳатто Прага давлатида ўқиб келган бўлишига қарамай негадир бугунги кунда шу соҳада ишлашни хоҳламай қолди. Бу соҳа менга тўғри келмас экан деди. Ҳозир МТС компаниясида фаолият юритяпти. Ҳозирча уйланмаган. Насиб қилса келин тушириш ниятимиз бор, албатта. Ҳозирда 7 нафар фарзандим, 18 нафар неварам бор. Лекин фарзандларимнинг бирортаси ҳам мени касбимни танлашмади. Бу касбнинг нечоғли машаққатли эканлигини назаримда фарзандларим ҳам тушунишади. Чунки театрда ролни тепасидан бошимни кўтармайман. Уйда ҳам кеча-ю кундуз унга боғлиқ китоблар ўқийман. Оилада жуда инжиқ қайсар бœлиб қоламан. Балки шу ҳолатларим фарзандимга таъсир қилгандир…

Отамга битта китоб ҳам олиб беролмадим

Саҳна жараёнида қизиқарли ҳолатлар ҳам кўп бўларди. «Бой ила хизматчи» спектакли саҳнага қўйилиши керак бўлган кун унда Латифжон ролини ижро қиладиган ҳамкасбимиз касал бœлиб қолганлиги учун ўрнига мен роль ўйнашим керак бœлиб қолди. Ўзи бор йўғи икки оғизгина сўз айтаман холос: Саҳнадан менга «Латифжон» деб чақиришади, мен эса шу заҳоти «лаббай, додхоҳ», деб чиқаман. «Бўрдоқини сўйишга қассоб чақиринг», дейди, мен «хўп бўлади» деб яна изимга қайтиб чиқиб кетишим керак. Бир пайт спектакл бошланди. Мен ижро қилишим керак бўлган саҳна яқинлашяпти. Саҳнага чиқиладиган жойда тайёргарлик кўриб, тўнларимни кийиб шай турибман. Ўша пайтда ҳамкасбим Турғун Хонтўраев деган актёр менга билдирмасдан тўнимнинг этагидан маҳкам ушлаб турган экан. Бир пайт «Латифжон» деб мени чақириб қолишди. Мен ҳам «лаббай додҳоҳ», деб бор кучим билан саҳнага югуриб чиқаман деб, тўнимга чувалашиб саҳнада думалаб ётсам денг. Латифжон деб мени чақирган актёр ҳам бу ҳолимдан ҳайрон бœлиб нима бўлди, нима бўлди, деб сўради. Мен ҳам бўш келмай, алам устида «анави бўрдоқингиз ўлгур, одамга ташланяпти, сўйворайлик» дедим. «Майли, сўйворинг, сўйворинг» деди. Ана энди бутун зал қий-чув қарсакларга тўлиб кетди. Айниқса актёрлар бу ҳолатдан қотиб-қотиб кулишди.

Отам ҳар доим Тошкентга мени кўришга келганида ишингга халақит бермай, бемалол театрга боравер, мени борар кутубхонага олиб бор, мен шу ерда сен ишингдан бўшагунча китоб ўқиб ўтираман дерди. Театримиз ёнидаги кутубхонада эрталабдан тушлик пайтигача мени кутиб китоб ўқиб ўтирарди. Тушлик овқатни бирга тановвул қилгач, мен яна репетицияга кириб кетардим. Отам эса кутубхонага ошиқарди. Мен учун бир умр алам қиладигани «ота, сизга қандай китоблар ёқади, қайси китобларни харид қилай?» деб бир оғиз сўрамабман, бирорта китоб ҳадя қилолмабман. Бир марта бўлса-да, отам билан расмга тушмаган эканман. Бугун отамнинг бирортаям сурати йўқлиги мен учун жуда катта азоб, жуда катта армон… Театр улуғ даргоҳ. Қанчадан қанча истеъдод эгаларини улуғликка, буюкликка эриштирган муқаддас маскан. Баъзан йиллар давомида театрда ишлаб, обрў-эътиборга эришиб, кексайган пайтда сўз ёдлай олиш қобилияти пасайиб, саҳна талабларига жавоб бера олмай қолган актёрларимиз ўзларидаги шу ҳолатлардан кўз юмган ҳолда ҳамма айбни театрга тўнкаб, «энди биз керак бўлмай қолдик, бизни ишдан ҳайдашди» деган гапларни айтишганда тўғриси хафа бœлиб кетаман. Агар мен ҳам саҳна талабларига жавоб бера олмай қолсам, ўйнаётган ролимдаги сўзларни кимдир нуқта-вергулигача айтиб турадиган бўлса, ҳеч иккиланмай ҳеч кимни ортиқча қийнаб ўтирмай ўзим саҳнани бўшатиб қўйган бўлардим. Театр ҳар бир ишчи-ходимнинг хизматига яраша ордену мукофотлар билан тақдирлайди. Хизматига яраша нафақа тайинлайди. Менимча, театрдан нолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ўйлайман.

Унча-мунча режиссёрни тан олмайман

Кино, театр соҳасидаги мен учун энг ачинарли ҳолатлардан бири — бу ҳар томонлама мукаммал режиссуранинг йўқ бœлиб кетаётганлигидир. Ўзимизнинг санъатимиз, яратаётган образларимиз билан томошабинни ўзимизга эргаштира олмаяпмиз, аксинча ўзимиз томошабин орқасидан эргашиб кетаяпмиз. Мавзу ўғирлаш, кўчирмачилик кучайиб кетаяпти. Бошқа давлат фильмини ўзимиз яратдик деб бемалол ўзимизда айлантиряпмиз. Масалан, ота-онасидан етим қолган икки фарзанднинг тақдири ҳақидаги фильм бутунлигича «Қозоқ-фильм» маҳсулоти эканлигини кўпчилик билади. Ўзим шу фильмни «Қозоқ-фильм»да ўз кўзим билан кўрганман. Рустам Саъдиев бўлса уни шундоғича ўгирлаб ўзимизда қўйибди. Режиссёрларимизнинг маънавий савияси ниҳоятда паст. Чет эл кино театрлари у ёқда турсин, ҳатто ўзимизнинг Миллий академик театримиз қаерда жойлашганини билмайдиган режиссёрларимиз бор. Собир Назармуҳаммедов, Жаҳонгир Қосимов, Иброҳим Расулов, Зулфиқор Мусоқовлардан бошқа бирорта режиссёрни режиссёр сифатида тан олмайман. Майли, хафа бўлса бўлишаверсин. Ёшларимизга маънавий озуқа бера оладиган кинофильмлар яратишимиз керак. Ўйлайманки, эндиликда бу масалага янада жиддий эътибор қаратилади ва фарзандларимиз ҳар томонлама етук инсон бœлиб вояга етишига ҳисса қўшадиган бетакрор фильмлар яратилади.

МАЪЛУМОТ:

·1968 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъат институтини тугатган.

·1968 йилдан Ўзбек Миллий академик театрида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган.

Меҳнат фаолияти давомида энг яхши роллари: Қиличбек (Олтин Девор), Қобилжон («Самандар»), Ибн Сино («Беруний»), Карл Моор («Қароқчилар»), «Жевакин («Уйланиш»), Глумов («Ҳар тўкисда бир айб»), Мясников («Қатағон»), ал-Зокир («Пири коинот»), Боязит («Соҳибқирон Темур»), Икром («Уфқ»), Альбени («Қирол-Лир»), Абулфайзхон («Абулфайзхон»), Ортиқ («Ноёб нусха»), Маннон Уйғур («Томоша давом этади»), Гаррисон («Етти фарёд»), ва бошқалар.

Кинода яратган образлари: Бегимқул («Юзсиз»), Йўлдош («Севги»), Мусулмонқул («Ўтган кунлар»), Валихўжа Эшон («Амирнинг ҳуфёна юриши»), Ҳуррам («Тилла бола»), Боязид Жалойир («Амир Темур»), Қурбонов («Учишга рухсат этинг»), Давженко студиясида «Юлдуз шуъласи» фильмида Эргаш Собиров ва бошқа видео телефильмларда Азиз Қосимов («Гирдоб»), Султонмурод («Алишер Навоий»), Ҳайдар («Диёнат»), Ваҳим Саидов («Ёз ёмғири»), чарльз Фористер («Қора карвон»), Бачана («Абадият қонуни»), Жаббор («Қора кўзлар»), Майор Солиҳов («Сўнгги ўқ»), Ҳайдар («Кесак полвон»), («Шайтанат»), Шокир ота (Еттинчи фалакдан келган овоз) каби бетакрор роллар ижро этган. Театрда 200 дан ортиқ кинода 50 дан ортиқ телевизорда 300 дан, дубляжда 300-400 дан ортиқ кинофильм эртак ва мультфильмларга овоз берган. 1998 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан мукофотланган.

Зебо Ганжазода

You must be logged in to post a comment Login