Фарғонада “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” деб номланган фотокўргазма очилди

SHQ_7109

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб Фарғона вилоят ўлкашунослик музейида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган кўргазмада миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда аҳиллик каби миллий ва умуминсоний тамойиллар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларга асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. 

 

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ истиқомат қилмоқда. Уларнинг миллий анъана ва қадриятлари, урф-одатларини ривожлантириш, таълим-тарбия олиши, меҳнат қилиши, муносиб турмуш кечириши, дам олиши учун тенг шароит яратилган. 

 

Кўргазманинг очилиш тадбирида сўз олганлар бой меросимиз, муқаддас динимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тиклангани, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятлар, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олаётганини таъкидлаб ўтдилар.

 

Жорий йилнинг 22 апрелига қадар республикамизнинг турли ҳудудларида намойиш этиладиган “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусидаги кўргазма учун таниқли фото санъати усталари Абдуғани Жума, Владимир Шлосберг ва Михаил Левковичларнинг ишлари танлаб олинди ва чоп этилди.

 

Кўргазмадан бунёдкорлик, маданият, санъат, спорт ва диний бағрикенглик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган ютуқларни акс эттирувчи фотосуратлар ўрин олган.

 

Бир ҳафта давом этадиган кўргазманинг биринчи бўлимида 25 йил давомида Президентимиз бошчилигида бунёд этилган замонавий иншоотлар, улкан бунёдкорликлар, шаҳару қишлоқларнинг бугунги қиёфаси муҳрланган фотосуратлар тақдим этилмоқда.

 

Иккинчи бўлимдаги ишларда эса Ўзбекистон спортчиларининг жаҳон майдонларида эришган катта ютуқлари, Ватанимизнинг фахрига айланган ўғил-қизлар образлари, замонавий спорт иншоотлари акс этган.

 

Маданий мерос бўлимидаги суратларда истиқлол йилларида бутунлай янги қиёфага эга бўлган тарихий обидалар, пойтахтимизда миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган  янги, замонавий иншоотлар намойиш қилинмоқда.

 

Шунингдек, кўргазмадан диний бағрикенглик мавзусидаги, юртимиздаги масжид, мадраса, черков ва диний муассасаларнинг кўркам қиёфаси акс эттирилган.

 

You must be logged in to post a comment Login