СЕВИНЧНИНГ БОЛА ТАРБИЯСИДАГИ ЎЗИГА ХОС УСУЛЛАРИ

 

Севинч Мўминова

– Она бўлиш қанақа экан?
– Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Оналик ўзингни эсдан чиқариб, болангни биринчи ўринда кўриш экан. Бола туғилгандан кейин вужудингда умрингда ҳис қилмаган меҳр туйғуси пайдо бўларкан. Оналик туйғуси шунчалик лаззатли бўлади, деб ўйламагандим. Худди дунёга қайта келгандек бўлиб, шу пайтгача қаерда эдинг, болажоним, сенсиз нима қилиб юрувдим, қандай яшаётгандим, деб атрофида гирдикапалак бўлишни айтинг.

– Туғуруқдан сўнг кўпчилик бундай ҳаётга кўника олмаслиги мумкин. Болангиз йиғлаганда қўшилиб йиғлаяпсизми?
– Бошида шунақа бўлдим, туғуруқхонада (кулади). Янги туғилган чақалоқ сутга энди организми кўника бошлаганида роса инжиқлик қиларкан. Қорни дам бўлиб, “дод” деб йиғласа, мен ҳам йиғлайвераман. Нега бунақа бўляпти, десам, шифокорлар бу одатий ҳоллигини айтиб, амаллаб юпатишди.

Севинч Мўминова

– Қизингизга тикилиб нималар хаёлингиздан ўтади?
 – Келажагини ўйлайман. Худодан фақат яхши нарсаларни сўраб ўтираман. Мўлтираб турган кўзларига қараб, илоҳим, ҳеч қачон ғам кўрмасин, фақат бахтли бўлсин дейман.

– Деярли Осиёда машҳур бўлган Севинч Мўминованинг қизи келажакда дунё юлдузи бўлиши мумкинми?
– Худо билади, балки (кулади). Онасига тортган бўлади-да. Дадасига тортган бўлса ҳам, онасига тортган бўлса ҳам юлдуз бўлади. Балки умуман бошқа йўналишни танлар? Пешанасига ёзган соҳа ходими бўлади-да. Қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, бахтли бўлсин!

– Рухсат берасизми хонандаликни танласа?
– Билмадим. Мен қайси касбни танласа, йўл очиб бераман. Унинг орзуларини инобатга оламан. Негаки, ўзини қизиқиши бўйича соҳа танламаса ҳам, яшаши қийин бўлади. Масалан, мен санъаткор бўлишга қизиққанман. Шунинг учун агар санъаткор бўламан деса, юрагида армон бўлиб қолмаслиги учун ҳам рухсат бераман. Дадасини билмадим. Санъат қийин касб, қийналади, дейди. Онаси санъаткор бўлиб ёмон бўлгани йўқ (кулади). Шунақа дейман дадасига… Йўқ, қизимиз қийналмасин, дейман-да, дейди дадаси. Менга термилиб турганини қаранг бунинг, гапларимизни диққат билан эшитяпти, вой, асал қизим… (қизини эркалаб кетади.)

– Оғир-босиқми ёки тўполончироқми?
– Баъзида югуриб кетишига сал қолади. Ерга урсанг, кўкка сапчийдиганлар тоифасидан. Ҳой, тўхтаб тур, ҳали стадионларда югуришингга, сакрашингга анча бор, деб зўрға тўхтатаман (кулади).

 

– Онасига тортгани аниқ экан унда (кулги).
– Ҳа, нимасини айтасиз. Мен алла айтганимда “ҳа, бале, бале, бале” деворсам, у менга қараб, “чий” деб қўяди. (Ҳожибой Тожибоевнинг латифасига шама бўлгани учун роса кулги кўтарилади). Шунақа қилиб иккаламиз, бир-биримизни овутяпмиз. Шаддод қиз бўлади, шекилли.

– Она бўлгач, қизлар онасини тушунади, деган гапга қанчалик қўшиляпсиз?
– О-о, сўраманг, туғуруқхонага онам мени кўриш учун келганларида, у кишини қучоқлаб йиғлашимни кўрсангиз. Ҳар икки гапнинг бирида “онажон, мени кечиринг, жаҳлингизни чиқарганим, билмай хафа қилганим учун мени кечиринг”, дейман. “Сен мени ҳеч қачон хафа қилмагансан, эркатойим”, – деб онам мени қучоқлайдилар. Қўлларингизни ўпай, онажоним, шунақа қийналувдингизми, дейман. Ахир жуда қийин экан она бўлиш…

Севинч Мўминова

– Азобни кўрибсиз-да бўлмаса?
– Э, сўрашингизни қаранг, бир ўлиб тирилдим-ку (кулади). Тавба, ҳақиқатан ҳам она бўлганингиздан кейин онангизнинг қадрини биларкансиз. Азоб бўлишини биласиз-у, лекин бунчалик бўлишини тасаввур ҳам қилмас экансиз-да. Шунақа жараёндан кейин онамга янада меҳрлироқ бўлиб қолдим.

– Шароф ҳам йиғлаворгандир?..
– Ҳа, ёмон бўлиб қолди (кулади). Мен “йўқ, ёнимда турасиз”, деганимга ҳам пушаймон бўлиб кетдим. Ранглари оқариб, юраклари тушиб қолди. “Вой, шунақа азоб бўладиган бўлса, битта шу қиз етади бизга. Ҳам ўғил, ҳам қизимиз”, – дейди. У кишининг гапларини эшитиб, ўзи бир аҳвол бўлиб турган бўлсамам, “йўғ-а, унақа деманг, ҳали ўғлимиз ҳам бўлади”, дейман. Ҳамширалар кулгидан ўзларини тўхтатишолмайди. Янги туққанлар “бўлди, энди туғмайман”, дейишаркан-да, мен эса яна ўғлимиз бўлади, деганимга улар кулишади. «Сенинг бунчалик азоб чекишингга чидаб туролмайман, ўн йилга умрим қисқарди», – дейди Шароф. Бўлмаса туғуруқдан олдин қўрқаётганим айтганимда, “Нега қўрқасан? 24 миллион аҳоли туғяпти, сен нега қўрқасан?” – деганди. Кейин бунақа деб турибди-да. “Эркак бўлиб туғилганимга шукр”, – дейди. Иккаламиз тортишиб қолганимизда аёлларга қийин, ҳамма юк уларнинг елкасида бўлади, десам, қийини эркакники, ҳамма ташвиш уни бўйнида, деб енгарди. Кейин бу азобни кўргандан кейин ҳақиқатан ҳам аёлга қийин экан, деб қолди (кулади)

Севинч Мўминова

– Энди тан олдими?
– Ҳа, тан олди.
– Тан олмаганига ҳам қўймагансиз-да…
– Ҳа, қўймадим (кулади). Талашиб қолсак, узоғи бир соат, бўлмаса 5 дақиқада ярашиб кетаверамиз. Узоқ гина сақламаганимиз учун ҳам ҳаётимиз қувончли, кўз тегмасин!

– Қанчалик болапарвар экансиз?
– Бунчалик бўламан деб ўйламовдим. Ишонсангиз, ошхонага бориб келгунимча боламни соғиниб қоламан. Баъзида “бўлди, шунчалик боғланиб қолиб, кейин нима қиламан”, дейман-у, бари бир, ундан узоққа кетолмайман. Сал кўп ухлаб қолса, “тезроқ турсайди, соғиниб қолдим-ку”, деб ўтираман.

– Севинч Мўминованинг бола тарбиясидаги ўзига хос қоидалари…
– Биринчидан, она сутидан ажратганим йўқ (кулади). Ҳали қўшимча сутлардан ёки озиқ воситаларидан фойдаланмадим. Иложи борича ундан узоқлашмаяпман. Ҳаддан ташқари эркалашдан меъёрида бўлган эркалашни раво кўргим келади. Кейин биз болалигимизда “болалар вақти тугади, қани хоналарингга”, дейилса, биргалашиб жўровозда “яхши ётиб туринглар”, дердик-да, хонамизга чопардик (кулади) Ҳозирги болалар бунақа эмас. Вақти келганда кўнгли бўш бўлиб кетмасам, мана шунақа тартибларни жорий қилмоқчиман.

Севинч Мўминова

– Фарзандли бўлганингизни эшитиб ким биринчи қўнғироқ қилиб табриклади?
– Опам Шаҳло. Кейин Шароф. Уларнинг ҳар икаласи ҳам ёнимда бўлишди. Кейин онам, яқинларим келишди.

– “Вой, дугонажон, қалайсан?” – деб келадиган ўртоқларингиз борми?
– Гулноза деган дугонам бор. Тез-тез келиб, хабар олиб туради.

– Рўзғорнинг пасту баландига чидаб яшаш бир жойда туролмайдиган Севинчни зериктириб қўймадими?
– Йўқ, бола билан зерикмас экансиз. Ҳаётнинг ҳар бир поғонаси қадрли бўлишини биляпман. Лекин санъатни, саҳнани соғиндим.

– Шу пайтгача кўпчилик машҳурларимизни кўрдик. Боласи икки ойлик бўлиши билан тўйларига чиқиб кетаверади. Сизда бундай бўлмади…
– Чунки мен бунга қаршиман. Тўғри эмас. Аллоҳ берган фарзандни ўзини тутиб олгунча она ёнида бўлиши керак. Болам қандай чақалоқ ҳали. Шунинг учун ҳатто дугонамнинг туғилган кунига ҳам болам билан бирга бордим-ку.

 

– Исмини ким қўйди?
 – Дадаси қўйди. Топилган исмлардан чиройлиси шу бўлгани учун ҳам менга ёқди.

 – Бола туғилганидан кейин турмуш ўртоқдан кўра болага кўпроқ меҳрибончилик бошланади. Бундан Шарофнинг жаҳли чиқмаяптими?
– Ҳақиқатан меҳрнинг кўпи фарзандга бўлиб қолар экан. Жаҳли чиқади баъзида. “Илгари бирга кино кўрардик, мевалардан чиройли қилиб кесиб келардинг”, – дейди Шароф. Шунақа пайтларда ҳаммасини тинчитиб, уни ҳам хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Меваларни кесиб келиб дегандек (кулади).

– Илоҳим, бахтларингга кўз тегмасин. Лейлихон ҳам чиройли қиз бўлиб, сизлар орзу қилгандек фарзанд бўлсин!
– Раҳмат сизга ҳам, мухлисларимизга ҳам. Барчага мана шунақа бахт насиб этаверсин!

Бахтиёр Расулов


You must be logged in to post a comment Login