Келди олам Наврўзи

Байрамлар азал-азалдан ҳар бир халқнинг, миллатнинг орзу-умидларини, турмуш тарзини, маданияти, анъана ва қадриятларини ўзида ифодалаб келган. Наврўз халқимиз асрлар давомида катта тантана, шодиёна, хурсандчилик билан нишонлаб, ардоқлаб келаётган байрамлар сирасига киради.

Мамлакатимиз ҳали мустақилликни қўлга киритмасидан аввал, собиқ тузум давридаёқ, муҳтарам Юртбошимиз азалий байрамимиз Наврўзни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиққан эди. Мустақиллик йилларида эса миллий қадриятларимиз, барҳаёт анъаналаримиз қаторида Наврўз ва у билан боғлиқ урф-одатларни қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Наврўз – янгиланиш, яшариш фаслининг дебочаси, тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик айёми. Шу боис ҳар йили бу кунни ўзгача интиқлик, соғинч ва энтикиш билан қарши оламиз.

Ўзбек тилидаги илк ғазал

Аждодларимиз бу байрамни ҳар йили катта шодиёна билан қарши олишган. Асрлар давомида шоиру мутафаккирлар бу айёмни улуғлаб боқий сатрларни битганлар. Ўзбек тилида битилган биринчи ғазал ҳам Наврўз мадҳига бағишлангани ҳам бежиз эмас. Ўн учинчи асрда яшаб ўтган хоразмлик таржимон, шоир ва қиссанавис Носириддин Рабғузий бу борада ажиб мисраларни битганлар:

Кун ҳамалға кирди эрса, келди олам наврўзи,

Кетди баҳман, замҳарир қиш, қолмади қору музи…

Яна бир ўзбек шоири Ҳайдар Хоразмийнинг машҳур достони ҳам “Гул ва Наврўз” деб номланади. Асар қаҳрамони, Навшод мамлакатининг шаҳзодаси ҳам ана шу қутлуғ кунда туғилгани учун унга Наврўз деб исм қўйишади.

Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Ҳазрати Мир Алишер Навоий ҳазратлари бежиз “Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз”, дея лутф қилмаганлар.

Таъкидлаш жоизки, Наврўз кўҳна Шарқ, хусусан, қардош халқларнинг ҳам севимли байрамларидан бири бўлиб келган. Зеро, тарихий манбаларда, жумладан, буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Осорул-боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёлгорликлар”), Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарларида Наврўзни азалдан Туронзамин халқлари катта шодиёна билан нишонлаганлари алоҳида қайд этилган.

Наврўз нафаси

Оролбўйи халқлари, хусусан, қорақалпоқлар ҳам Наврўз (Наўрыз) байрамини баҳорги тенгкунлик, тўкин-сочинлик, бахту-саодат эзгу орзу-умидлар рамзи сифатида ардоқлаб келадилар.

Наврўз кириши билан Оролбўйи деҳқонлари яхши ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар, боғбонлар кўчат ўтқазади. От чоптириш, кўпкари, кураш, қўчқор уриштириш сингари сингари халқ ўйинлари ҳар йилги Наврўз тантаналарига айрича жўшқинлик бахш этади. Араз ва гиналар унутилади, муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатилади. Бахши-жировлар дўмбира чертиб, барҳаёт достонлар, ўлан ва лапарларни куйга соладилар. Дошқозонларда сумалаклар қайнайди. Қорақалпоқларнинг севимли байрам таомларидан яна бири наврўз гўжаси деб аталади. Бу таом етти хил дондан тайёрланади. Ҳар бир хонадонда ана шундай таом пиширилади ва қўни-қўшниларга, овулдошларга тарқатилади. Кишилар, айниқса қариялар наврўз гўжасидан татиб, йилнинг баракотли бўлишини тилайдилар.

«Олти бақан»,»Қиз қуу»…

Қозоқларда ҳам наврўз (наурыз) билан боғлиқ ана шундай анъаналар, урф-одатлар кўп. Хусусан, Наврўз нишонланадиган ой ҳам ушбу байрам номи билан аталади. Шунингдек, қозоқлар байрам арафасида биринчи бўлиб учиб келадиган қушни “наврўзкўк”, биринчи бўлиб очиладиган гулни “наврўзчечак” деб номлашган. Қадимда қозоқларда Наврўз тантаналари 3-9 кунлаб давом этган. Бўй етган қизлар бу куни йигитларга атаб, “уйқи ошар” деган лаззатли таом пиширадилар. Йигитлар эса уларга турли байрам совғалари тортиқ қиладилар. Қариялар ёшларнинг бахту иқболини тилаб, дуо қиладилар.

Мамлакатимизда истқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб минглаб юртдошларимиз бу санани кўтаринки кайфиятда, шод-хуррамлик билан қарши олади. Турли халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил этилади. -»Олти бақан»,»Қиз қуу» мусобақалари каттаю кичикда бирдек қизиқиш уйғотади. Шу куни дош қозонларда бешбармоқ, сумалак, паловхонтўралар пиширилиб, дастурхонларга тортилади. Катталар кичкинтойларни от ва туяларда сайр қилдиришади.

Келди Наврўз оламга…

Наврўз (Nowruz) туркман халқининг ҳам энг қадимий, гўзал ва бетакрор байрамларидан биридир. Туркманлар азалдан наврўзни табиат қўйнида, хушманзара гўшаларда, қир-адирларда нишонлаб келишган. Момолар тайёрлаган семени – сумалак, доғрама, пишме, палов сингари лаззатли миллий таомлар байрам дастурхонини безайди. Туркман элининг тўй-байрамларини улоқ-кўпкари мусобақаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Бахшилар, оқинлар Наврўз, баҳор, тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатликни тараннум этувчи достон, айдим, лапарларни ижро этадилар.Айниқса, тантаналарда каттаю кичик “Қуш тепди” миллий рақсига тушиб, хурсандчилик қилади. Дарахт шохларига осилган ҳалинчаклар хотиржамлик, фаровонлик, бахт саодат тимсоли ҳисобланади. Айниқса, ёшлар, йигит-қизлар байрам арғимчоқларида учиб, ўзларига омад, бахт сўрайдилар. Деҳқонлар оқсоқол – ёшуллилардан дуо олиб, кўкламги ишларни бошлайдилар.

Наврўзнинг умрбоқийлиги, бетакрорлиги туркман халқ оғзаки ижодида, мумтоз адабиётида ҳам ўз ифодасини топган. Буюк туркман шоири Махтумқули Фироғий бу ҳақда шундай нафис мисраларни битган:

Келди наврўз оламга, ранг қилар жаҳон пайдо,

Булутлар овоз уриб, тоғ қилар туман пайдо,

Бежонлара жон кириб, этарлар даҳон пайдо,

Кўкармаган гиёҳлар кўкариб равон пайдо…

Йилда бир Наврўз ўлур

Наврўз қадим-қадимдан озар қардошларимизнинг севимли байрами бўлиб келган. Бу юртда наврўз тараддуди, у билан боғлиқ тадбирлар анча эрта бошланади. Қиш чилласи чиқиши билан ўтказиладиган «Хизр Наби» маросими ҳам шулар жумласидандир.

Наврўзга бир ой қолганда озарбойжонлар ҳафтанинг ҳар чоршанба куни гулхан ёқиб, униг атрофида ўйин-кулги қилишади. Йилнинг сўнгги чоршанбаси куни ёшу қари олов устидан ҳатлаб ўтади. Халқ ақидаларига кўра, шу тариқа ҳар бир кишининг дард-аламлари, ташвишлари оловда ёниб кул бўлади. Шу куни ҳеч ким сафарга чиқмайди, каттароқ иш бошламайди. Марҳумлар ёдга олиниб, уларнинг руҳи шод этилади.

Байрам кунлари халқ қизиқчилари — «кал» ва «кўса»лар елкасига хуржун осиб, анъанавий миллий кийимларда овул ва маҳаллаларда, қишлоқ ва гузарларда ичакузди ҳангомалар айтиб беришади, турли кулгили томошалар кўрсатишади. Томошабинлар уларни ҳимматига яраша сийлайди. Байрам сайлларида ошиқлар – озар бахшилари даврада чордана қуриб, соз чалиб, халқ достонларидан ўқийдилар. Кичкинтойлар ҳовлима-ҳовли юриб, девор оша бош кийим — папоқларини ирғитадилар. Уй эгаси эса, болаларнинг папоғини ширинлик, қанд-қурсга тўлдириб қайтаради.

Туркий адабиётнинг мутоз вакилларидан яна бири, буюк озарбойжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг дилбар ғазалларида, нафис ашъорларида ҳам наврўзи олам вафсини учратамиз.

Ҳар кун очар гўнглуми завқи висолинг янгидан,

Гарчи гуллар очмаға ҳар йилда бир Наврўз ўлур.

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами

Наврўз форсий халқларнинг ҳам қадимий байрамларидан саналади. Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёда истиқомат қилувчи форсийзабон халқлар ҳам минг йиллардан бери бу байрамни катта шодиёналар билан нишонлаб келишади. Бу халқларда Наврўз билан боғлиқ турли-туман маросимлар, урф-одатлар ҳозиргача сақланиб қолган. Масалан, афғонлар “ҳафт син», яъни син (с) ҳарфи билан бошланувчи етти хил таом тайёрлаб дастурхонга тортадилар. Эронликлар, курдлар Наврўзни гулхансиз тасаввур қилишолмайди. Каттаю кичик байрам даврасида олов устидан ҳатлаб ўтадилар.

Қардош халқлар ҳаётида наврўзи олам билан боғлиқ ўхшаш ва ўзига хос жиҳатлар ҳақида кўп ва муфассал гапириш мумкин. Бу муштарак қадриятлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатликнинг азалий ва абадий эканидан ҳам ёрқин далолатдир. Айтиш жоизки, Наврўз наинки, муайян миллат ва элатлар, балки бутун табиат ва инсониятнинг уйғониш, янгиланиш айёмидир. Бу кун барчамизга муборак бўлсин!

Факт

БМТ Бош ассамблеясининг 2010 йил 19 февралдаги 64-сессиясида 21 март Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинди.

Наврўзнинг нечта номи бор?

Ўзбекларда – наврўз,

Қозоқларда – наурыз,

Қорақалпоқларда — наўрыз,

Қирғизларда — нооруз,

Туркларда — nevruz,

Озарбойжонларда — novruz,

Туркманларда – nowruz

Курдларда — Newroz,

Уйғурларда — Норуз,

Татарларда — нәүрүз,

Қримтатарларда — Navrez,

Бошқирдларда — Нәүрүз,

Чувашларда — Наргс.

Рустам ЖАББОРОВ

You must be logged in to post a comment Login