ЎЗБЕК ПАХТАСИГА ДУНЁ КЎЗ ТИКМОҚДА

cotton

Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентдаги «Узэкспомарказ»да XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 30 июлдаги «XI Халқаро ўзбек пахта ярмаркасини ўтказишни ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармойишига асосан ўтказилган ярмаркада дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан пахта бизнеси ва йирик тўқимачилик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари, тадқиқотчи олимлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар. Ярмаркада «Ўзенгилсаноат» компанияси таркибидаги 100 дан зиёд йирик корхоналар ўз маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, 150 дан кўпроқ хорижий компаниялар вакиллари янги ҳамкорлик келишувларига эришиш мақсадида пойтахтимизга ташриф буюргани анъанавий анжуманнинг фаолият кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Ярмаркада ҳар бир вилоят, юртимизнинг машҳур савдо брендлари учун алоҳида жой ажратилди ва мамлакатимиз енгил саноати корхоналарининг маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди. Шарқ либослари деб номланган мода ва дизайн кўргазмасида юртимизнинг энг машҳур ишлаб чиқарувчилари томонидан тайёрланаётган болалар, ўқувчилар, ёшлар, спортчилар, аёлларнинг барча мавсумларга мўлжалланган кийим-кечаклари намойиш этилди.  

Маълумки, пахта етиштириш бўйича мамлакатимиз дунёда ўз ўрни ва мавқеига эга. Бу борада ўзбек пахта толасининг аъло сифати, пахта навларининг ўзига хос хусусиятлари унинг жаҳон бозорида харидоргирлигини таъминловчи энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистон пахта толасига дунё харидор, жаҳон кўз тикиб турибди десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги пахта сифатини сертификатлаш «Сифат» маркази бош директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Байхановнинг қайд этишича, мамлакатимизда жорий йилги пахта ҳосилидан олинган толанинг 98 фоизи олий ва яхши навларни ташкил этди. Бу эса пахтамизни жаҳон бозорида харидоргир бўлишини таъминловчи яна бир муҳим омилдир.

– Ўзбекистонда нафақат пахта етиштириш, пахтани қайта ишлаш соҳасида ҳам оламшумул янгиланишлар бўлаётгани жаҳон ҳамжамиятининг катта қизиқиши ва ҳайратига сабаб бўлмоқда, – дейди ярмарка қатнашчиси, германиялик сармоядор Нуйхаус Норберг. – 2011 йилда 9 млн. жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш имконини берувчи тармоқни ишга туширганмиз. Бугунги ярмарка доирасида кўплаб ўзбекистонлик тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, яқин келажакда маҳсулот ҳажмини 5 баробар кўпайтириш, пайпоқ ишлаб чиқарадиган замонавий ускуналарни айнан юртингизда тайёрлашни йўлга қўйишни асосий мақсад сифатида белгилаб олдик.

Австриялик Алоис Шонбергер 20 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият кўрсатади:

– Юртингизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар таҳсинга лойиқ, – дейди у биз билан суҳбатда. – Бундай эътибор ва рағбат бизга ишонч, эртанги кунга умид бағишлайди. Шу боис келгуси йили янги лойиҳани ҳаётга татбиқ этиб, ўзбек пахта толасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европа бозорларига етказиб беришни режалаштирмоқдамиз.

Бангладешлик тадбиркор, иккита енгил саноат корхонаси раҳбари Масуд Рана бу йилги ярмарка унинг бизнесига жуда ҳам самарали натижа кўрсатишига ишонади. Ўзбек пахтаси сифатига ишончи юқори бўлган ушбу сармоядор ярмаркага 10 минг тонна пахта сотиб олиш учун шартномалар имзолаш мақсадида ташриф буюрган.

Қувонарлиси, халқаро ярмаркада вилоятимизнинг «Фергана ДЭУ текстиль», «Индорама Коканд текстиль», «Наримтекс», «Қува текстиль», «А. Акбарали», «Исмоилжон гиламлари» каби 30 дан ортиқ улкан салоҳиятга эга корхоналари фаол қатнашди. Ярмаркада фарғоналик ҳунармандларнинг миллий либослар намойиши хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис Фарғона вилояти учун ажратилган ҳудуд доимий равишда Франция, Швейцария, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Озарбайжон каби давлатлардан ташриф буюрган тадбиркорлар билан гавжум бўлди, Меҳмонларга бир пиёла чой билан Қўқон холваси, ширинликлар улашилди, атлас ва адраслар, гиламлар, фарғонача либослар томошаси уларга олам-олам завқ бағишлади.

– Айни кунларда Фарғона вилояти енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида мамлакатимизда энг юқори салоҳиятга эга, – дейди Ўзбекистон енгил саноат компанияси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Раҳимов. – Ўзбекистон енгил саноат компанияси ва вилоят тасарруфидаги ҳудудий корхоналар томонидан 2014 йилда вилоят миқёсида 250 млн. долларлик экспорт амалга оширилгани, жорий йил якунига кўра бир йил олдинги йилга нисбатан экспорт ҳажми ўсиши 107 фоизга таъминланиши кутилаётгани фикримнинг яққол тасдиғидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 638 та енгил саноат корхоналарида 16,5 минг ҳамюртларимиз иш билан таъминланган. Бугун вилоятимизда енгил саноат йўналишида 42 та қўшма корхона томонидан 30 дан ортиқ чет эл давлатларига экспорт амалга оширилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login