Асал Шодиевани тарбиясиз қиз ролида кўрганмисиз?

Асал Шодиева

Тез кунларда катта экранларга чиқиши кутилаётган фильмлардан бири “Ҳай, ҳай, қизалоқ!” деб номланади. Дастлаб фильмнинг номи “Манзил” эди. Маълум сабабларга кўра фильм номи ўзгарди. Ушбу фильмда Асал Шодиевани ўзгача талқинда ва ўзгача қиёфада кўриб ажабланманг. Қизиғи шундаки, Асал Шодиевани ҳечам ўта шўх, қайсар, “супер замонавий”, ҳаттоки тарбиясиз қиз ролида кўрганмисиз? Кўрмаган бўлсангиз бу фильмда кўрасиз… Ҳаттоки,Муниса Ризаевани унинг ўгай бувиси сифатида кўриб қолсангиз ҳам ажабланманг. Ёқимтой актриса Шахзода Муҳаммедова билан Асал жиққамушт бўлишади. Улар ҳечам бир-бирларини ёқтирмайди.Ушбу фильмда Асал Шодиева роса кўз ёш тўккан. Қизиқ, уни ким йиғлатган экан?Буни фақат фильмни томоша қилганингиздан сўнг билиб оласиз. Албатта бу кинода. Энг қизиғи Асалнинг қиёфасини кўрган одам уни мутлақо таниши қийин. Чунк, ҳаётдаги Асал экранда таниб бўлмас даражада ўзгаради. Фильмнинг режиссёри Санжар Маткаримов бўлиб ушбу фильм унинг дебют иши ҳисобланади.

Фильмнинг сценарий муаллифи Алишер Ўраев. Бош ролларда эса кўплаб машҳур ижодкорларни кўрасиз. Масалан, Асал Шодиева, Улуғбек Абзалов, Муҳаммад Исо Абдулхайиров, Убайдулла Омон, Муниса Ризаева, Адиз Ражабов, Умид Искандаров, Ҳасан Аминов каби кўплаб таниқли чеҳралар намоён бўлади. Режиссёр бу таниқли инсонларга мос қаҳрамонларни топганига шубҳа қилмаймиз. Фильм композитори ёшларнинг севимли гуруҳларидан бири бўлган “Беном” гуруҳи бўлиб, ушбу гуруҳ йигитлари фильмнинг саундрекини ҳам ўзлари куйлашмоқда. Фильм кўпроқ ёш аудиторияга мўлжалланган бўлиб, унда бугунги кун ёшларининг руҳияти ва нафаси сезилиб туради. Фильм номи хақида кўплаб баҳс мунозаралар бўлди. Узоқ музокаралардан сўнг режиссёр шу номни маъқул топди. “Ҳай, ҳай, қизалоқ!”… Режиссёр бу билан томошабинларга нима демоқчи?

-Таниқли инсонлардан қай даражада унумли фойдала олдим деб ўйлайсиз?

Санжар МАТКАРИМОВ:

- Унумли фойдала олдим деб ўйлайман. Таниқли актёрларни жалб қилганимни сабаби жуда оддий. Дебют ишимни олаётганим учун фақат профессионаллар билан ишлашим шарт эди. Таваккал қилишдан қўрқиб, энг истеъдодлиларни жалб қилдим. Нафақат актёрлар балки оператор Умид Маликов, грим устаси Екатерина Серякова, либослар рассоми Мастура Боҳодировалар ҳам ўз соҳасининг усталаридир.

-“Ҳай, ҳай, қизалоқ!”. Бу билан томошабинларга нима демоқчисиз?

Санжар МАТКАРИМОВ:

-“Ҳай, ҳай, қизалоқ!” қўйилишига сабаб қаҳрамоним фильм жараёнида улғайди. Ва фильм жараёнида унга нисбатан албатта “хай, хай, қизалоқ!” деб юборишингиз тайин.Чунки, қаҳрамоним шу даражада бўладики, уни кўрган одам борки, ўзингни бос қизалоқ дегиси келади. Фильмдаги бош қаҳрамоним хақиқий туйғу нималигини тушуниб етади ва севгининг аёвсиз синовларига дуч келади. Воқеалар уни ўзлигини танишга туртки беради. Фильмнинг номи аввалига “Манзил” эди. Бу жудаям кенг қамровли сўз! Уни ҳар хил маънога йўйса бўлади. Лекин менинг фильмимда манзил бу қишлоқ. Юлдуз Габитованинг илк туйғулари манзили уни ҳаётида туб бурилиш ясаган чорраҳа! Лекин кейин фильмнинг номини ўзгартиришимизга тўғри келди.

-Дебют ишингизда машҳур актёрлар жамоасининг салобати сизни босмадими?

-Очиғи босди! Айниқса,Убайдулло Омон билан суратга олишнинг биринчи кунидаёқ бирга ишлашимга тўғри келди. У кишини режиссёр билан ишлаш маҳоратлари руҳимни кўтарди ва бутун иш жараёнига ижобий таъсир ўтқазди деб ўйлайман. Бошқа актёрлар билан эса эскидан танишман.

-Кўпчилик Асал Шодиевани антиқа имижда кўриб хайратланмоқда. Актрисани бунга қандай кўндирдингиз?
-Имидж албатта узоқ муҳокамалар, тортишувлар натижаси! Асал билан аввал хам бирга ишлаган бўлсам ҳам очиғи, уни актёрлик маҳоратига енгил қараган эканман.У мени суратга олиш жараёнида ўз қобилияти билан лол қолдирди. Бунга томошабинлар фильмни кўргач амин бўлишади.

-Фильмнинг бюджети хақида айта оласизми?

-Бу саволга манимча, фильм продюссерлари аниқ жавоб бера олади. Лекин шуни таъкидлаб ўтишим жоиз. Продюсерлардан жудаям омадим келди. Чунки улар менга хамма шароитни яратиб беришди.

Асал ШОДИЕВА: -“Ҳай, ҳай, қизалоқ!”фильмида бош қаҳрамонни ижро этганимдан жудаям хурсандман. Чунки, ушбу фильмдаги қаҳрамоним бошқа фильмдаги ролларимга мутлақо ўхшамайди. Фильм ғоя жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам, савия жиҳатидан ҳам пухта ва юқори.Бу фильмни мен бемалол савияси юқори бўлган фильм дея қўрқмасдан айта оламан. Фильмдаги қаҳрамонни ижро этиш мен учун жудаям қизиқ кечди. Анчадан бери шундай ролни кутаётгандим… Ушбу фильм мен кутган роль ва мен кутган фильмни туҳфа этди. Фильм хақида илиқ ва чиройли гапларим жудаям кўп. Лекин минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейишади. Шунинг учун мен “Ҳай, ҳай, қизалоқ!” фильмини фақатгина кўришни тавсия этаман. Бу фильмни фақатгина КЎРИШ керак!

Хуллас, тез кунларда катта экранларга чиқиши кутилаётган ушбу фильмни катта умидлар билан кутиб қоламиз.Ўйлаймизки, ушбу фильм киномухлислар ишончини оқлайди.

Дилбаҳор Худойбердиева

You must be logged in to post a comment Login