Чин юракдан Ватан десанг, ичингда – Ўзбекистон уйғонади

444

Глобаллашув жараёни кечаётган ғоят мураккаб, таҳликали даврда дунёни нима қутқаради деган савол ҳар бир миллат кишисини қийнаётгани сир эмас.  Курраи замин узра қаралганда бошига яшил чамбарак таққан малаксиймо каби нур сочиб турган Ўзбекистон ҳам бугун бу ташвишдан холи эмас. Бироқ, азал-азалдан қон-қонимизга сингиб кетган бағрикенглик хислати қалбимизга таскин беради. Ана шу хислат биз учун нажот қалъасидир. Бағрикенг одамга дунё аҳли дўст, қариндош дейдиларку. Дўстлик деган муқаддас туйғу ҳам ана шу хислат заминидан унган. Шўролар даврида ўз туғилган ватанидан бадарға қилинган кўплаб халқ вакиллари Ўзбекистонга кўчириб келинди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация қилинган болаларни бошини силаган муштипар онажонлар тимсоли кинофильмларимизга муҳрланган. Халқимиз уларнинг энг оғир кунларида елкадош бўлди. Яхшилик кўрса унутмайдиган, бировга яхшилик қилса сувга оқизиб юборадиган жўмард халқимиз турли миллат вакиллари билан дўст тутинди. Меҳр берган меҳр кўради деб рост айтишаркан. Ўзбекистоннинг нон-тузини ичиб улғайган, юртимизни она Ватаним деб ардоқлайдиган, ажойиб табиатли ўзга миллат вакиллари ҳам халқимиздан меҳрларини аямадилар. Корейс, немис, қрим-татарларнинг бугунги авлодларини кўрганимда беихтиёр уларнинг бизга қариндошдек бўлиб кетган ота-боболарининг табаррук сиймоларини эслайман. Ёдимда, Тошлоқ посёлкасида месхети турклар, қрим-татарлар, руслар билан қўни-қўшни бўлиб яшаганмиз. Уларнинг фарзандлари билан бир мактабда, ҳатто бир синфда таълим олганмиз. Мурғак тасаввуримизда дўстлик деган тушунчадан буюкроқ, самимийроқ шартлашув йўқ эди дунёда. Қўшни болаларни қандай феъли атвори бўлса шундайлигича яхши кўрардик. Уларнинг оналари ҳам бизни бетаъма эркалаб катта қилишган. Мустақилликнинг илк йилида қрим татар қўшнимиз кўч-кўрони билан ота-оналари хоки ётган тупроқни ташлаб, қариндошларига ишонишиб Қримга кўчиб кетишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай биз қўшниларга ҳасрат тўла соғинчли мактублар йўллашди. Энвер акани битта-ю битта опаси ўзи ёлғиз шу ерда яшаб ўтди. Онам вафот этганларида онахон хонадонимизга “Жигарим” дея бўзлаб кириб келди. Анчагина кексайиб қолган аёл ўзбек қўшниларидан кўрган яхшиликларини сўзлаб чарчамасди. Унинг ўлгунимча шу элдан қарздорман деган сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.

Оқибатдан олтин кўприк қурган халқнинг садағаси кетсанг арзийди. Дўстлик миллат танламайди. Халқимиз кўпмиллатлиликни бойлик сифатида қадрлайди. Ўзбекистон-умумий уйимиз деган эзгу шиор юртимизда турли миллат ва элатларни бир мақсад сари бирлаштиради. Бу ҳам бўлса шу азиз Ватанни, унинг тинчлигини асраш, унга муносиб бўлиб яшаш шартидир.

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Тинчликдек бебаҳо неъматдан баҳраманд бўлиб яшаётган турли миллатга мансуб инсонлар ҳам айни пайтда бу саодатли кунларни армуғон этган Истиқлолга шукрона айтиб, эзгу тилакларини ҳар қадамда изҳор қилмоқдалар. Хусусан вилоятимизда 7  та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиб келмоқда. Дилбар Фарғонада ўтказиладиган шодиёналарга татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”, русларнинг “Масленица” сингари байрамлари қўшилиб, бу айёмлар ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик билан нишонланмоқда.

– Қирғиз миллий маданий маркази фаолиятининг энг қайноқ нуқтасини Қувасой шаҳрининг Найман ҚФЙ сида кўришимиз мумкин, – дейди марказ раиси Мушаррафхон Қўчқорова. – ҚФЙ ҳудудида деярли қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қиладилар. Улар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўз истеъдодлари, салоҳиятлари, бунёдкорлик фазилатларни намоён этмоқдалар. Миллий қўл ҳунармандчилигига сайқал бераётган қирғиз аёли Гулнорахон Кўчканованинг тадбиркорлик фаолияти оила фаровонлиги йўлидаги бир кашфиёти бўлса, боғдорчилик  соҳасидаги омилкорлиги ота-бобосидан қолган меросга садоқатдир.

– Ўзбекистонда туғилдим. Шу қишлоқда ўсиб камол топдим. Оиламиз билан боғдорчилик бўйича фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Хонадонларимизда қўл меҳнатининг энг нозик усули қуроқчилик ва каштачиликни момоларидан ўрганиб ривожлантираётган келин-қизларимиз бор. Уларнинг истеъдодини юзага чиқариш мақсадида кичкинагина тўқув хонаси ташкил этдим. Яратаётган буюмларимизга харидорлар кўпайиб бормоқда. Юртинг, хонадонинг тинч бўлса, қўлинг меҳнатдан сира толмас экан. Шу юртда яшаётганимдан, кичкина бўлсада одамларга нафим тегаётганидан бахтиёрман.

Ҳунар соҳибасининг бахмал, сурп матоларга тиккан ипакли гул ва нақшлари аёл қалбининг мўъжизаларидан сўзлаётгандай. Аслан инсонга чанқовуз билан най ноласи бир хил ором бағишлагандай, миллатидан қатъий назар муқаддас аёл  нигоҳидан яралган кашфиёт ҳам барчада бирдай ҳайрат уйғотади. Шу маънода эзгулик миллат танламайди дейдилар.

Найман қишлоғидаги 15-ўзбек ва қирғиз умумтаълим мактаби ўқувчиларининг Ватан ҳақида шеърлари кўнгилга ҳаяжон солади. Қирғиз болаларининг ўз она тилларида Ўзбекистон, унинг иссиқ бағри, жаннатмонанд жамоли таърифи янграган сатрлар кўзларга ёш қалқитади. Беихтиёр ана шу болаларни бағрингизга босгингиз, манглайидан ўпиб, бағрикенг халқимизга қуллуқ қилгингиз келади. 

– Касбим билан фахрланаман, – дейди шу мактаб ўқитувчиси Улфатхон  Қодирова. – Ўз она тилимда болаларга дарс бераётганим ўзбек халқининг олижаноблиги, инсонпарварлиги, бағрикенглигидан далолатдир. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга муносиб жавоб бериш учун педагогик маҳоратимни янада оширишга, ёш авлод қалбида ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда бор кучим, меҳнатимни аямайман. Ўқувчиларимизга қирғиз тилида дарсликлар, ўқув қўлланмалари ўз вақтида етказиб бериляпти. Таълим самарадорлигини ошириш учун илм масканимизда барча шароитлар муҳайё этилган. 

Муаллима Олтиной Рустамова ҳам шу ватан меҳридан баҳраманд бўлаётганини, ўқувчиларининг камоли унга куч-қувват бағишлаётганини тўлқинланиб сўзлади. Меҳнат фахрийси Тўраназар Бозоров ҳам дил сўзларини қирғиз ва ўзбек тилларида изҳор этаркан, Президентимиз олиб бораётган изчил сиёсат туфайли юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг барқарор бўлаётганлиги, турли миллатга мансуб фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, яшаши ва меҳнат қилиши учун тенг имконият ва шароитлар яратилганлигини эътироф этди.

Қирғиз халқи билан бир ариқдан сув ичиб юрган, қуда-андалик ришталарини боғлаган халқмиз. Қудачилик минг йилчилик деган ибратомуз нақлимиз бор. Кун сайин чирой очиб бораётган Фарғонамизга Қирғизистон Республикасидан меҳмонлар келиб туришади. Тақдир туҳфаси билан кимдир у ердан келин туширган, қимнингдир жигари шу юртда истиқомат қилади.

– Фарғонага келсам дилим яйрайди, – дейди қирғизистонлик Алимжон Тожибоев. – Ҳаммаёқ озода, кўчалар обод, бунёдкорлик ишлари авжида. Фарғоналиклар кўкаламзорлаштириш ишларини ҳам жуда сифатли, юксак дид билан олиб боришаркан. Бозорларда файз-барака, расталар тартибли, сотувчиларнинг муомаласи ширин. Бундай манзараларни кўриб юртдаги серобгарчилик тинчлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик сабабидан эканига иқрор бўласан одам.

– Қирғизистондан қариндошларникига тўйга келдик. Йўлда, чегара  ҳудудларида ҳеч қандай қийинчилик, муаммо бўлмади. Фарғона жуда чиройли шаҳар бўлибди. Кўчаларни айланиб зерикмайсиз. Янги қурилган, қурилаётган уй-жойлар, муҳташам бинолар, гулзорлар, фавворалар инсонга завқ бағишлайди. Тўйлардаги хурсандчилик, одамларнинг бир-бирларига меҳр-оқибатини кўриб ҳавасимиз келди. Чиндан ҳам тинч элга тўйлар ярашади.

Муҳаббат Дўстматованинг самимий сўзлари “Бирлашган дарё бўлар, тарқалган ирмоқ бўлар”  деган мақолни ёдимизга солди. Дарҳақиқат якдил яшаётган мамлакатга ким ҳам раҳна соларди, ким ҳам адолат билан уйғунлашган ҳамжиҳатликни енга оларди?!

Улғайиб борганинг сари Ватан ҳақидаги тушунчалар ҳам кенгайиб бораркан. Мурғак пайтингда беғубор тасаввур билан она кўксини ватан дейсан. Ёшликда Ватан муҳаббатдан яралгандай. Умрнинг донишмандлик фаслига кираркансан қалбинг Ватанга айланаркан.  Чин юракдан Ватан десанг ичингда боболардан қолган азиз мерос – Ўзбекистон уйғонаркан.

Миллату элатларни бағрига олиб, қучоғига сиғдирган Ватанни, дўстга жонини тутган халқимизни севиб, ардоқлайлик!!!

You must be logged in to post a comment Login