XXI “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик кўргазмаси якунланди

7c

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида 5-7 октябрь кунлари XXI “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Франция, Швейцария, Латвия, Россия, Польша, Словакия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Вьетнам, Малайзия, Таиланд, Туркия, Доминикан Республикаси, Исроил, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатлардан 700дан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, банк хизматлари, суғурта компаниялари ҳамда оромгоҳлар вакиллари иштирок этган ушбу ярмаркада мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, хушманзара табиатимиз ва ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари намойиш қилинди.

Халқаро ярмарка доирасида “Маданий меросни асраш Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси ривожининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди. Бир қанча мамлакатлар ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар, соҳага оид амалий семинарлар ўтказилди.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида қатор йўналишлар бўйича сайёҳлик соҳасининг энг яхши ва фаол ғолиблари аниқланди ва тақдирланди.

Золтан Шомоги, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори: 

– Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг энг муҳим ҳамкорларидан. Ўзаро алоқаларимиз изчил ривожланмоқда. 2014 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда ўтказилгани Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти ва халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалаётгани, ҳамкорлигимиз фаоллашиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди. 

Ўзбекистон Буюк ипак йўлини қайта тиклашнинг асосий ташаббускорларидан биридир. Айни пайтда Буюк ипак йўли машҳур брендга айланди ва бутун Осиё минтақаси, жумладан, Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатингизга келаётган сайёҳлар сони тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистон ҳудудида 7 мингдан ортиқ тарихий ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Термиз каби тарихий шаҳарларни кўришга орзумандлар дунёда кўп. Мамлакатингиз тинчлиги ва тараққиёти, хушманзара табиати, халқингизнинг очиқкўнгиллиги саёҳатларни мазмунли ўтказишга асос бўлмоқда. 

Ташкилотимиз “Ўзбектуризм” миллий компанияси билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келаётир. Ўзбекистонда ҳамкорликда ўтказиб келинаётган халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар ҳамда анъанавий “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси шулар жумласидандир. Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини дунёга янада кенгроқ намоён этиш, тарихий ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга оид қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мавжудларини янада такомиллаштириш ниятидамиз. 

Йижи Шлука, “Bohema Lazne” компанияси директори (Чехия): 

– Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда юқори. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларингизда бўлиб, бунга ишонч ҳосил қилганман. Чехияда ўзбек халқининг бой маданияти, қадимий тарихи ва бугунги куни билан танишишга қизиқиш катта. 

Мазкур ярмаркада бир неча йилдан бери қатнашиб келяпмиз. Ўтган йилдан бери улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди, пойтахтингиз янада чирой очиб, ўзгариб кетибди. Меҳмонхоналар кўпайиб, туризм инфратузилмаси ва сервис изчил ривожланмоқда. 

Чехиянинг Карлови Вари шаҳрида жойлашган компаниямиз кўплаб турдаги даволаш муолажалари ва меҳмонхона хизматларини таклиф этиш билан шуғулланади. Мижозларимиз нафақат даволаниш, балки Чехиянинг гўзал масканларини томоша қилиб, мароқли ҳордиқ чиқариш имконига ҳам эга бўлади. 

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасидаги иштирокимиз ҳар гал самарали бўлади. Ярмаркада Ўзбекистондаги барча вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти билан танишиб, мамлакатингизда туризмнинг жуда кўплаб йўналишлари тараққий этаётганига амин бўлдик. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг қатор сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирокида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказмоқдамиз. 

Житендра Жадҳав, “India Tourism” компанияси директори ассистенти (Ҳиндистон): 

– Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори сайёҳлик йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти ва тарихига қизиқиш катта. Аждодларингизнинг Ҳиндистонда қолдирган улкан ва бебаҳо мероси ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихий муштараклигидан далолат беради. Тож Маҳал, Ҳумоюн Мирзо мақбараси каби тарихий обидалар халқларимиз учун бирдек қадрли ва азиз. 

Мамлакатингиз иқлими йилнинг исталган пайтида бу ерга саёҳат қилиш имконини беради. Саёҳат дастурлари йўналишининг кенг қамровлилиги ва қизиқарлилиги сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. 

Ўзбекистоннинг сайёҳлик бозори биз учун ғоят истиқболли. Ярмарка доирасида мамлакатингизнинг кўплаб сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирокида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказмоқдамиз, иштирокчиларни Ҳиндистон сайёҳлик салоҳияти билан таништиряпмиз. Тадбир давомида ўзбек миллий халқ ўйинларини томоша қилиб, мумтоз ашулаларни тинглаб, халқингиз ўзининг бетакрор қадриятларини нақадар асраб-авайлашига, юртингиз маданияти боқий ва бардавом эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. 

Иляс Жумев, “Marysyyahat” давлат сайёҳлик компанияси менежери (Туркманистон): 

– Кўҳна тарих, бетакрор маданият ва гўзал анъаналарга эга Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида катта нуфузга эга. Мамлакатингизда туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини юксалтириш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бу ишларнинг қамрови тобора кенгайиб бораётгани қувонарли. 

Мамлакатларимизнинг яқин қўшни ва ҳамкорлиги, транспорт тизими яхши интеграциялашгани комбинациялашган саёҳатлар ташкил қилиш имконини беради. Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг Туркманистон, Туркманистонга борганларнинг Ўзбекистон орқали қайтиб кетишини янада ривожлантириш ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлади. Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатингизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари билан яқинроқ танишиш, Ўзбекистон сайёҳлик фирма ва компаниялари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. 

You must be logged in to post a comment Login