ОСМОНДАН ПУЛ ЁҚҚАН КУН

1887 йили июлда  французларнинг “Конт Рэндю” журнали Тарб қишлоғига осмондан думалоқ темир  гардиш тушганлиги ҳақида хабар бериб, шов-шув кўтарди. Бу номаълум буюм  кутилмаганда қишлоқча аҳолисининг бошига тушгани етмагандек, яна унда ўқиш  қийин бўлган қандайдир ёзувлар ҳам бор эди.

Орадан йигирма йил ўтгач, қадимги маданиятлар билимдони  доктор Фарльз Холдер “Сайентифик америкен” нашри саҳифаларида ушбу гардиш  метеорит темиридан ясалганлиги, унинг устидаги ёзувлар эса майя тилида  эканлигини маълум қилди. Орадан оз фурсат ўтиб, Мексикадаги Яки водийсига ҳам  худди шундай “метеорит” тушди. Тўғри, олимнинг ҳамкасблари уни “хом хаёлларга  берилиб кетганлик”да айблашди, ажойиб топилма ҳақида тез орада унутиб юборишди  ҳам. Фақат бизнинг асримиз бошидагина осмон тошларидаги миххат ёзувлари майя  халқининг ёзувлари билан бир хил эканлиги маълум бўлди. Бу нима эди? Кимнингдир  моҳирона сохта ишларими? Аммо бундай дея олмаймиз, чунки биринчи воқеага ҳам,  иккинчисига ҳам кўплаб одамлар гувоҳ бўлишган. Асрлар давомида осмондан турли кутилмаган нарсалар  ёғилиши ягона ҳодиса эмас. Масалан, 1911 йили Франция, Буюк Британия,  Шотландия, Италия, Россияда осмондан кумуш фоғоз – фольга ўрамлари, тикув  машиналари учун қоғоз халтачалар, эриб кетган яшил шиша бўлаклари, милтиқ учун  сочма ўқлар, нам тортган порохлар “ёққан”.

1932 йили Баварияда аммиакли селитра ёғиб, ҳамма ёқни  кўмиб ташлашига сал қолган. 1936 йили Нью-Йорк аҳолиси олти марта ёққан аъло сифатли  пўлатдан ясалган болт ва гайкалар “ёмғири”ни жуда яхши эслаб қолишган. 1942 йили жуда зарур бўлган хом ашё – тунука танқислиги  сезилиб қолган бир пайтда шаҳар чеккасида яшовчи лондонликларнинг уйлари томига  бир неча марта олтиндек ярақловчи тунукадан ясалган эҳромлар келиб тушган. Бу  “самовий” буюмлар немисларнинг пинҳоний қуролларига дахлдор эмасди. Эҳромлар  фақатгина булутсиз, қуёш чарақлаб турган об-ҳавода, худди осмондан тушиб  келаётгандек ўз-ўзидан пайдо бўлар, фақат ерга яқинлашганидагина аниқ шаклга  кириб, қаттиқ бўлиб қоларди. Ўша даврлардаги инглиз матбуоти бундай  ҳодисалардан қўрқувга тушмасдан, шунчаки охири нима бўлишини хотиржам кутишга  даъват қиларди.

1888 йили Деҳли аҳолиси ёмғир шариллаб ёққанига ўхшаш  товушдан уйғониб кетишди. Эрталаб эса шаҳарликлар ўзларининг ҳовлиси мустамлака  давридаги инглиз чақаларига тўлиб кетганини кўришди. Бу тангалар тартиб билан  сочилган бўлиб, тўғри ёй ўқи шаклини ҳосил қилар, учи эса ғарб томонни кўрсатиб  турарди. Ўша йили Лондоннинг “Пипл” газетаси ҳаммага маълум бўлган нарсаларни  яна бир бор тасдиқлади. Қиймати бир пенс ва ярим пенсга тенг бўлган ярақлаб  турган тангалар “осмондан тушдими, ёхуд ердан отилиб чиқдими”, ишқилиб,  мактабдан қайтаётган ўқувчиларнинг оёқлари остига уюлиб қолди. 1968 йили 10 сентьябрда Кент графлигидаги Рамсгейт шаҳарчасида  яшовчи Луиза Крофтнинг ҳовлисига осмондан “50 дона бир пенслик тангадан иборат  совға” тушди. Тангалар 15 дақиқа давомида қисм-қисм бўлиб тушиб турган.

1967 йили 6 январда “Бат кроникл” газетаси (ГФР)  ибодатхона ёнида тинчгина суҳбатлашиб ўтирган руҳонийлар устига ҳар бирининг  қиймати икки минг марка бўлган қоғоз пуллар “ёққани”ни, бу эса анча қашшоқлашиб  қолган ибодатхона яна ўнгланиб олиши учун бемалол етганини хабар қилган. Ўзининг аэрокосмик кўргазмалари билан донг таратган Ле  Буржеда 1957 йили 15 апрелда “пул бўрони” юз берган. Ўшанда минг франкли қоғоз  пуллар тепадан аввал тахлами билан туша бошлаган, кейин эса худди кўринмас зарб  машинаси ишлаётгандек шундоққина асфальт устида ўз-ўзидан пайдо бўла бошлаган.  Полициячилар офсет бўёғининг ҳиди анқиб турган яп-янги пулларни йиғиб олишган. ХХ асрда мовий осмондан тирик қўйлар, мушуклар, итлар,  балиқлар, яроқсиз металл буюмлар, автомобил шиналари, болғалар, сочма ўқлар,  милтиқ ўқлари, тўп ўқлари, авиация моторлари, примуслар, митти радиоускуналар  ва кўпгина бошқа нарсалар ёққани ҳақида ҳам хабарлар босилган. Аммо бу  ҳодисалар нима сабабдан юз бериши ҳамон сирлигича қолиб келмоқда.

Ҳусниддин.   

 

You must be logged in to post a comment Login